Маҳмуд Ғойибий – ХVIII асрда яшаб ижод этган туркман мумтоз адабиёти вакили. У 1734 йилда Жузжон (Жанубий Туркманистон)да туғилган бўлиб, Копеттоғ этагидаги Этрак ва Гургонда яшаган. Ижоди туркий тасаввуф адабиёти билан уйғун. Унинг шеъриятида Насимий, Баҳовуддин Нақшбанд, Хўжа Ҳофиз, Алишер Навоий, Фузулий, айниқса, Махтумқули таъсири сезилиб туради.
Маҳмуд Ғойибийдан катта адабий мерос қолган. Беш юздан зиёд ғазал “Ўттиз икки уруғ”ва “Насиҳатнома” достонлари, кўплаб мураббаъ, мухаммас, мусаддас, мустазод жамланган катта девони бизгача етиб келган. Машҳур бастакор ва созандалар – Комилжон Отаниёзов ва Бобомурод Ҳамдамов шоир ғазалларига мусиқа басталаб куйлаганлар.
ҒАЗАЛЛАР
* * *
Ишқ водийси аро юз минг агар эмгак манга,
Келса жаҳд айлаб, мусалламдир ани чекмак манга.
Ҳар бири мужгонидан кўнглим уйи равшан бўлур,
Гар келиб отса магар сийнам уза новак манга.
Бўйла ким экмиш жафо тухмин менинг жонимға ёр,
Ким бўлар тухму муҳаббатдин вафо экмак манга.
Банди-бандим тийғи ҳижрон айлади минг газ, вале,
Воҳки имкон бўлмас эмди бир даме чиқмак манга.
Бўлмишам урён анинг девона бир обдали мен,
Воҳ, не ҳожат эмди дейман сарупо-кўйлак манга.
Васлидин маҳрум, ҳижронида кезмакдин тирик,
Яхшидирким тийғи қатлидин шаҳид бўлмак манга.
Ёр кўйида қора мотамда қолмишмен асир,
Мен нетай, ўлмиш ҳаром, воҳ, ўйнамоқ-кулмак манга.
Ғойибий, ҳар неча мен ул ёрга жон қилсам фидо,
Ул азобу шиддатин айлар дағи кўпрак манга.
* * *
Топмади ҳеч ким жаҳон мулкида даврондин вафо,
Чунки даврон бевафодир, не таъма ондин вафо.
Умр ила жондин вафо сен истама кўрсам дебон,
Ким топибдир дунёда бу умр ила жондин вафо.
Кўрмадим оламда олам аҳлидин ҳаргиз вафо,
Бунча ким нолон турар мен зору ҳайрондин вафо.
Бир очилғон гулни сўлмай турганин кўрдингми ҳеч?
Олам аҳли кўрмади ким кўрганин андин вафо!
Кеча-кундуз меҳнату дард ҳамда афғонлар чекиб,
Чорасиз булбул нетиб истар гулистондин вафо?!
Қай киши кўнглин бериб, кимдин вафо топмиш, дариғ,
Кўрмамиш мен дил бериб, кўнгил олонлардин вафо.
Ҳусни султонинг вафосиз бўлса, Ғойиб, тонг эмас,
Топди элдан ким вафо, топғайки султондин вафо.
* * *
Дема булбул деб ани, гулзорда ошиқ жонидир,
Они афғон айлаган, дилдор ғамин ҳижронидир.
Гулни кўр, онинг фиғонидин юраги ёрилиб,
Ғунчалар очилмоғи ошиқ юрагин қонидир.
Бул тиканмас онинг шоҳасида маскан айлаган,
Ким суякларга қадалган ёр ўқи-пайконидир.
Тилка-тилка барглар ҳар ён осилмиш шох уза,
Ҳажр тийғидин тилинган ошиқ жисми-жонидир.
Совуриб боди ҳазон гулни не янглиғ титратар,
Бешми-ўн кун ҳар киши бу дунёнинг меҳмонидир.
Бу фано мулкида, одам, ҳуснинга гердайма кўп,
Ким этар мағрурлик, бу дунёйи охир фонийдир.
Ғойибий, берма кўнгил бу дунёйи фонийға ким,
Кимса гар берди кўнгил дунёга, бил шайтонидир.
* * *
Дўстлар, ишқи ҳақиқатнинг хаёли ўзгадир,
Ким чекар бўлса, онинг дарди – мақоми ўзгадир.
Ҳар кишига етса гар бу ишқ хаёлидин асар,
Олами маънисида сирри-саволи ўзгадир.
Қилмасин булбулга нисбат хонишин зоғу зағон,
Ошиқ аҳлининг ҳамиша қилу қоли ўзгадир.
Гулга монанд лола ҳам киймиш ол ранг кўйлагин,
Боғ аро аммо қизил гул ҳусн-жамоли ўзгадир.
Эй офтоб, сен ягона камоли ҳусн бобида,
Лек гўзаллар шоҳининг ҳусни камоли ўзгадир.
Искандар қилмишди орзу чашмаи ҳайвон учун,
Ҳожати ошиқларнинг оби зилоли ўзгадир.
Ишқ аҳлининг, Ғойибий, зуҳд аҳли билмас расмини,
Ишқ дарсин англаганларнинг хаёли ўзгадир.
МУХАММАС
Ҳублар ичра, эй очилган лолаи гулзор, кел,
Ким қилармен булбули бечора янглиғ зор, кел.
Келмишам Мусо киби муштоқ бўлиб дийдор, кел,
Ғам билан бўлдим йўлингда ожизу афгор, кел.
Шод этиб қутқар мени ғамдан, аё, ғамхор, кел.
Жилва айлаб, ноз ила, эй, ёр, сайрон айладинг,
Бир кўриндинг-у, яна сўнг янги фармон айладинг.
Ким мени Мажнун қилиб, саҳрода урён айладинг,
Чашма янглиғ кўзларим ҳар лаҳза гирён айладинг,
Кўп мени йиғлатма, эй, Тангринг учун, дилдор, кел.
Дилрабо, ошиқ йўлингда беқарор ўлмиш ахир,
Ихтиёрин ишқ олиб, беихтиёр ўлмиш ахир.
Ёна-ёна ўтига ишқ, хокисор ўлмиш ахир,
Кўрмага зебо жамолинг интизор ўлмиш ахир,
То субҳ келгунча бўлмиш кўзларим хуммор, кел.
Ҳақ таоло устихонлардин сени моҳ айламиш,
Ҳусн бобида сени оламда бир шоҳ айламиш,
Кимки ошиқ бўлди, ҳуснингни кўриб оҳ айламиш.
Дарди ишқинг ранги рўйимни менинг каҳ айламиш,
Дардима айлаб илож, эй лаблари гул-бол, кел.
Ғойибий, эй дилрабо, бир нотавонингдир сенинг,
Ким севар жондин сени, ул меҳрибонингдир сенинг.
Чун азалдан ошиқ ўлган бир гадойингдир сенинг,
Тингла, бу сўзларниким, шарҳи баёнингдир сенинг,
Энди сен этма гумон ошиқлиғимга, ёр, кел.
Туркман тилидан Қурбон Муҳаммадризо таржимаси