Карим Қурбоннафасов (1929-1988)

Карим Қурбоннафасов (Kerim Gurbannepesow) – Туркманистон халқ ёзувчиси, Маҳтумқули номидаги Давлат ва ёшлар мукофоти соҳиби. Туркманистоннинг Кўктепа туманидаги Юлғун қишлоғида туғилган. Ёш Керим шеъриятга эрта қизиқади. Унинг дастлабки машқлари “Мудом тайёр” газетасида, “Тўқмоқ” сатирик журналида босилади.
1951 йилда шоирнинг илк жиддий асари – “Кучимнинг манбаи” чоп этилди. “Шеър ва поэмалар” (1958) китоби, “Тоймас бобо” (1960) поэмаси ижодкорга катта шуҳрат олиб келди.
Шоирнинг шеърлари мазмундорлиги, тилининг ниҳоятда бой, содда ва ширалилиги билан ажралиб туради.

ТЎРТ ХИЛ ОДАТ

Кеккайишни хунук одат дейдилар,
Баттарроқ десанг ҳам бўлмагай ёлғон.
Аммо бу одатни тарк этмоқ учун
Букилиб юриш ҳам яхшимас, ёрон.

Вайсақилик хунук одат дейдилар,
Баттарроқ десанг ҳам бўлмагай ёлғон.
Аммо бу одатдан соқит бўлай деб,
Хўмрайиб юрмоқ ҳам яхшимас, ёрон.

Лаганбардорлик бад одат дейдилар,
Баттарроқ десанг ҳам бўлмагай ёлғон.
Аммо бу одатдан воз кечмоқ бўлиб,
Гердайиб юриш ҳам яхшимас, ёрон.

Ялқовликни хунук одат дейдилар,
Баттарроқ десанг ҳам бўлмагай ёлғон.
Ва лекин ялқовлик қилмаслик учун
Жонбозликка ружу яхшимас, ёрон.

Бошқа хунук одатлар ҳам бор дерлар,
Тўғриси, булар ҳам эмасдир ёлғон.
Бироқ ҳар бандимда бир сўз алмашлаб,
Вайсаб турмоқлик ҳам яхшимас, ёрон.

КЕНГЛИК

Мен денгизни суйдим, денгиз ҳам мени…
Бағрида олисга олиб кетади.
Бироқ сузиб бориб, сал хато қилсам,
Биламан, у мени аниқ ютади.

Мен у қизни суйдим, у қиз ҳам мени…
Унга сўз саралаб, гаплар бичаман.
Аммо тўрт-беш карра сўзда адашсам,
У мени кечирар, қасам ичаман.

Қирғоқлари олис, ҳатто кўз етмас,
Эй, сен – Қора денгиз, дунёдай кенгсан.
Бироқ яна-яна кенгроқ бўлишни
Ўша нозик ниҳол қиздан ўргансанг…

ШОИР БЎЛАМАН ДЕСАНГ…

Кўчамиздан ўтиб борар одамлар,
Бирлари хушнуддир, бирлари ғамгин.
Нима учун мамнун, не учун ғамгин?
Билгингиз келар-у, сўрамоқ қийин.

Асли қизиқмоқлик керакмикан-а?
Бировнинг сирини билмоқ не даркор?
Туғилиш, ўлим бор фонийда, аммо
Яна бошқа минг бир сабаблар бисёр.

Кўчамиздан ўтиб борар одамлар,
Бирлари шодондир, бирлари ғамгин.
Бугун маъюслар – шод, хушвақтлар – ғамгин.
Тескари, шундай ҳам бўлмоғи мумкин.

Майли, негалигин сўраган эсанг,
Айтайлик, сабабин билдинг ҳам дейлик.
Айт-чи, энди шоир бўламан десанг,
Кейин нималарни қалбингга тугдинг?

Майли, сабабларин сўраган бўлдинг,
Айтайлик, барини билган ҳам бўлдинг.
Айт-чи, энди шоир бўламан десанг,
Кейин нималарни қалбингга тугдинг?

ЧИНОР

Турибсан-а, савлатингга гердайиб,
Майли мақтан, гердай қанча истасанг.
Аммо бунча гердайишдан, кошкийди,
Маъни йўқлигини бир оз англасанг.

Тўғридир, бугунча зўр савлатинг бор,
Вақт етиб, умрингга ясалса якун,
Бугунги қоматинг, “улуғворлигинг”,
Бор шуҳратинг билан тугар бус-бутун.

Ҳатто ёнбошингдан ўтган ҳар бир кас,
Абадий яшашга даъво қилолмас.
Улар ҳам оламни тарк этгач, кейин
Вақт синовидан балки ўтолмас.

Лекин сен бугунча бўлсанг-да кўркам,
Сўнг ўтгач кун-ойлар, ўтгач асрлар,
Ўсиб-улғайганинг сенинг шу жойда,
Ўйлайман, эсламас келган насллар.

Турибсан-а, савлатингга гердайиб,
Майли мақтан, гердай, неча истасанг.
Аммо бунча гердайишдан, кошкийди,
Маъни йўқлигини бир оз англасанг.

Туркман тилидан Қурбон Муҳаммадризо таржимаси

САБОҚ

Турмушнинг ажойиб сабоқлари бор,
Улардан кўплари биз учун аён.
Ўз азиз онангга вафо қилмасанг,
Ватанга ҳам вафо қилмассан, инон.

Турмушнинг ажойиб сабоқлари бор,
Янада биттаси биз учун аён.
Ўз азиз дўстингга вафо қилмасанг,
Душманга ҳам зарра бермассан зиён.

Турмушнинг ажойиб сабоқлари бор,
Аёндир биз учун, янада аён.
Ҳаётда кимгадир фойда бермасанг,
Кетсанг ҳам ҳеч кимса топмайди зиён.

ҚАДР БЕЛГИСИ

Яхши инсонларнинг қиммат-қадрини,
Ёмонга учрамай билмас эмишсан.
Йилдиримдай бедовларнинг қадрини,
Чаман*га учрамай билмас эмишсан.

Ёмон китоб, оз эмасдинг аввалам,
Оз эмассан, учраюрсан ҳар қадам.
Яхши қадрин билмоқлик учун,
Худо билсин, керакдирсан бугун ҳам.
____________
* Чаман – секин юрувчи от.

Туркман тилидан Музаффар Аҳмад табдили