Анна Куртгелдиев

БИР СЕНИ ЎЙЛАЙМАН

Мен баҳорни орзу қиламан қишда,
Баҳорда қиш ҳақда ўйлайман нуқул.
Агар тутиб олсам каттароқ қушни,
Хаёлим жажжи қуш ўғирлар буткул.

Шаҳарнинг ғалваси, суронларини
Тарк этиб кетмоқлик гаштли нақадар.
Лекин бир ой ўтмай хаёлларимни
Ўғирлай бошлайди тағин чўнг шаҳар.

Йўлларда оёқдан мадорим қурса,
Дарҳол илашаман машиналарга.
Хаёллар қиламан лек ўтмай фурсат:
“Пиёда азм этсанг узоқ сафарга…”

Гавжум боғлар аро кезганда такрор,
Қўмсайман тоғларни, қорлар ёлқинин.
Тоғда эса менга тоғлар не даркор,
Энтикиб тусар дил боғлар салқинин.

Инон, керак эмас менга жаннат ҳеч,
Орзу ҳам қилмасман, гапимнинг чини.
Бир сени ўйлайман, жоним, эрта-кеч,
Ҳуру ғилмонларга алишмам сени.

ИДДАО ҚИЛМАГИН МАРҲУМГА

Киргайман бир куни замин бағрига,
Қора ҳошиядан боқур суратим.
Сўнгсиз бу уйқудан уйғонмам сира,
Дўстларим тепамда бош эгурлар жим.

Йиғлар яқинларим тобутим қучиб,
Чунки борса-келмас йўли эрур бу…
Эҳтимол, кетгайдир батамом ўчиб
Қачондир ҳаётда мен сочган ёғду.

Умрим давом этур балки узоқроқ,
Баъзи қўшиқларим узайтар пича.
Мен каби улар ҳам сўнса-чи бироқ!..
Иддао қилмагин марҳумга, тупроқ,
Бурчин ўтади у имкон борича.

Туркманчадан Мирпўлат Мирзо таржимаси.