ШОИР ДЎСТЛАРИМГА
Арзимас гиналар, майда гапларни
тош қилиб отмайлик бир-биримизга.
Айниқса, ғаразни олиб кирмайлик,
дўстларим, самимий шеърларимизга.
Яхшими, биз сўзлар ичига агар
итларни қамасак — ғингшиб турсалар,
газета бетидан бизга ириллаб,
китоблар ичида туриб ҳурсалар!!
Гинали, таънали шеърлар ёзмайлик!
Омади юришган нокасдай бир кун
омади юришиб худди шу шеърлар
келажакка бориб қолиши мумкин.
Яхшими, бу шеърлар номаълум авлод
қалбини мушукдай тирнаб турсалар,
эзгулик бобида эмас, уларга
адоват бобида ибрат бўлсалар!
Яхшими, фош этса муносабатда
омонат, ҳавойи, пучлигимизни!
Нафсимиз жуда ҳам бузуқлигию
шуҳратга ўлгудек ўчлигимизни!!
Бугунги гинамиз эртага қолса,
ортади эртанинг бир қабоҳати.
Бугундан қолдирмай тарк этмоқ лозим
юракда кин асраб юрмоқ одатин.
Эртанинг бағрини ғараздан, киндан
холи кўрмоқ учун, покламоқ учун,
кўнглимизни турфа чиркинликлардан
фориғ этмоғимиз лозимдир бугун.
Арзимас гиналар, майда гапларни
ўқ қилиб отмайлик бир-биримизга.
Айниқса, ғаразни олиб кирмайлик,
дўстларим, самимий шеърларимизга!
ҲАЙКАЛ
Ёш эдинг,
қайнонанг, қайнотанг сенга
раҳм этиб, бир куни ғаминг едилар:
ҳаётда мевасиз дарахтдай ўтиб,
дунёдан ўчмасин номинг дедилар.
Ковушларинг тошдай зил-замбил эди,
зўрға кўтардилар, сен-чи, туймадинг.
Минг бир андишада уни ўнгариб,
тўғрилаб қўйдилар, бироқ… киймадинг!..
Ҳали селгимаган уруш қабрини
атайин унутган кўзлари билан
тикилиб, кетказмоқ бўлдилар сени
гоҳ ширин, гоҳ аччиқ сўзлари билан…
Кетмадинг, ҳафталар, ойлар кетдилар
мозийнинг қаърига сингиб бирма-бир.
Сен эса толиқмай ёлғизлик билан
олишиб яшадинг собит, бирга — бир.
Ғамлар сочларингнинг қорасин олди,
ҳижрон олди юзинг латофатини.
Кетмадинг, келинлик уйингда қолдинг,
сен ҳамон, сен ҳамон унинг хотини…
Бир куни кечки пайт супада адл
турар эдинг ойга боқиб, ўй суриб.
Кўчадан ўтганлар қалбида ногоҳ
бир фахр уйғонди ҳолатинг кўриб.
Хаёлан вафога қўйилган юксак
ҳайкал андозасин сендан олдилар.
Чунки бир жангчидек сенинг ҳам гўзал
ҳайкал эканингни билиб қолдилар.
Туркманчадан Сулаймон Раҳмон таржималари