Муса Жалил (1906-1944)

Муса Жалил (Муса Җәлил, Musa Cəlil; асл исм-шарифи Жалилов Мусо Мустафоевич) (1906.2(15).2, Оренбург губерлияси Мустафин қишлоғи — 1944.25.8, Берлин) — татар шоири. Татар опера ва балет театри асосчиларидан бири.
Оренбург шаҳридаги «Ҳусайния» мадрасасида ўқиган. 1922 йилда Қозон шаҳрига келиб, Татар ишчи-ёшлар мактабида таълим олган. Москва университетининг адабиёт факултетини тугатган (1931).
Москвада чиққан «Кичкина ўртоқлар» («Кечкенэ иптэшлэр») номли татар журнали муҳаррири (1927). Татаристон ёзувчилар уюшмаси раиси (1939—41). 2-жаҳон уруши йилларида фашизмга қарши курашда гитлерчилар қўлига тушиб, Берлиндаги Маобит турмасига ташланган ва Плетцензе ҳарбий турмасида қатл этилган (1944 йил 25 август).
Муса Жалилнинг машҳур «Маобит дафтари» (1942—44) шеърлар туркуми шу концлагерда ёзилган. «Ўртоқлар» (1929) шеърлар тўплами, «Хат ташувчи» (1940) достони, «Олтин соч» (1941), «Элдор» (1941) опера либреттолари, «Окопдан хат» (1946) китоби ва бошқа асарлар муаллифи.
«Маобит дафтари» шеърлар туркуми ўзбек тилига таржима қилинган (1956).

ЭРК

Ўзим хоҳлаб юра олмагач,
Йўқ оёғим, демак, йўқ қўлим.
Қандайин фарқ, эрким бўлмагач,
Бор бўлганим ёки йўқлигим.

Отам, онам йўқдир юртимда,
Айтингиз, мен етим эдимми?
Мен йўқотдим «д»(ушман) ерида
Отамдан ҳам яқин элимни.

Қулман бунда юртсиз ва эрксиз,
Эрксиз ҳамда элсиз—мен ўксиз:
Ота-онам гарчи бўлса-да,
Жойим бўлар эди бўсаға.

Бўлар эдим ҳамон мен етим,
Ва таланган итлар билан тенг.
Олтин эрким, озод турмушим,
Қайга учдинг учар қуш бўлиб?
Сўнгги дамим нега учмади
Сенинг билан бирга қўшилиб?

Билармидим эркнинг қимматин
Тотган чоғда эркнинг баҳрини;
Оғир қуллик жабрини тортиб,
Энди билдим эркнинг қадрини!

Қувонтирса тақдир кўнглимни,
Етиштириб эркка — йўлдошга,
Бағишлардим қолган умримни
Эрк учун бу эзгу курашга.
1942

КЕЧИР, ЮРТИМ

Кечир мени, юртим, сенинг буюк
Номинг билан курашиб жангда,
Шонли ўлим билан кўмолмадим
Бу танимни мен сўнгги дамда.

Йўқ, ўзимнинг кичик заррадай
Умрим учун сени сотмадим.
Волхов гувоҳ бўлар, жанг онтин
Сўнг дамгача доғсиз сақладим.

Мен қўрқмадим, бошга ёмғир каби
Тўп ўқлари ёққанида ҳам.
Йўқотмадим ўзни, ўлик билан
Тўлганда ҳам атроф-айланам.

Олдда-ортда ва ўнгу сўлда
Кесилса ҳам йўлим; кўкрагим—
Ўқ еб, қонга беланганда ҳам,
Бўш келмадим, ёшим тўкмадим.

Мен қаршимда кўрдим қоқ суяк —
Шум ўлимнинг қора кўлкасин.
Келгил, ўлим, қолган бу умрим
Тутқунликда тамом бўлмасин!

Мен эмасми ёрига ёзган:
«Хафа бўлма, жонгинам, бироқ,
Сўнгги қоним томсин, майлига,
Пок онтимга тўшмаяжак доғ!»

Мен эмасми, шеър ўти билан,
Юрак билан онт ичган жангда:
«Ўлимга мен нафратим билан
Жилмаярман энг сўнгги дамда».

«Чидам берар севгинг сўнгги жанг,
Шум ўлимнинг азобларига.
Юртим, сени севганлигимни
Қоним билан ёзарман ерга».

«Тинч ухлардим бутун ҳаётим
Бағишласам агар юрт учун!»
Мана шу онт мадори бўлди,
Ишон, юртим, қалбим тепишин.

Тақдир кулди, ўлим тегмасдан
Утиб кетди, қилмади журъат,
Нетай, ахир, сўнгги минутда
Пистолетим қилди хиёнат!

Чаён ўзин чақар сўнг дамда,
Бургут жардан тикка ташланар.
Мен ҳам бургут эдим-ку, ахир,
Бошим эгармидим бошқага!

Ишон, юртим, мен бургут эдим,
Сўнгги минут келганда, бирдан
Учар эдим мағрур қанот қоқиб,
Ташланардим баландликлардан.

Нетай, ахир, дўст пистолетим
Сўнгги сўздан тўсат бош тортди.
Кишан солди душман қўлига
Ва эрксизлик қаърига отди.

Қулликдаман ҳозир… ҳар куни
Кун чиқишин ғамгин кутаман.
Шеър бўлиб чиқар ўч ўти
Яраланган лочин юракдан.

Кун чиқар ёқ, дўстлар ушлаган
Байроқ каби, кунда қизарар.
Билсайдингиз, дўстлар, тутқун қалб
Кўкракдаги ярадан эмас,
Қонли ўчдан шунақа ёнар.

Умидим бор: бир август туни
Бошлаб борар нажотга, албат.
Енгар тубан бу асирликни
Қасос, юртга бўлган муҳаббат.

Умидим бор, дўстлар, сафингизда
Топар сўнгги кураш тилагин,
Яраланган, лекин қулликка
Бош эгмаган тоза юрагим.
1942

ШОДЛИКНИ ҚАРШИЛАБ

Қайғу, энди мендан тезроқ кет,
Кунинг битди, кўнглимни тарк эт.
Шунча меҳмон бўлдинг, етади,
Ўйлаганда эсим кетади.

Ойлар бўйи уйимда тўлиб,
Хунук, совуқ қоядай бўлиб,
Турдинг доим юрагим қоплаб,
Қоровулдай умрим қўриқлаб.

Қора либос кийдирдинг менга
Ва сўлғинлик солдинг бетимга.
Қайта тўлди шодликка дилим —
Қайтди элга ғолиб ботирим.

Қайтди жасур, мағрур тутиб бош,
Гўё кирди уйимга қуёш.
Қайғу учун ўрин йўқ бунда,
Қайғу ўзи-да қолди қайғуда.

Унутдим мен қайғу, хаёлни,
Улоқтирдим қора рўмолни.
Юзларимда тонг акс этади,
Қалбдан шодлик тошиб кетади.

Деразамни очдим қуёшга,
Қуёш бошқа бугун, кун бошқа;
Ҳамма жойда шодлик, эркинлик,
Жоним, барин ўзинг келтирдинг.

Уйим бугун тўлди гулларга,
Эй шодлик, бахт! Марҳамат тўрга!
Эй қайғу, сен йўқол, тезроқ кет.
Сенга жой йўқ, бу ерни Тарк эт.
1943

ДУСТИМГА
(А.А.)

Қайғурма, дўст, ёш ўламиз деб,
Биз умрни сотиб олмадик.
Ўзимизча яшаб ҳам унга
Қўймаймизми истаганда чек?

Белгиламас умр узунлигин
Кексалик ва яшаган йиллар.
Балки, ушб,у ўлим бизларга
Битмас, мангу умр келтирар?

Мен онт ичдим жондан кечишга
Сақлайман деб юртим, элимни.
Юзта бўлса жонинг, ҳаммасин
Сен шу йўлга бермас эдингми?

Шодлантирар элнинг ҳар кунги
Ғалабасин доим эшитмоқ;
Қандай зўр куч чет юртда ўзни
Халқинг билан бирга ҳис этмоқ.

Ўз жонимни сақлаб соғ қолсам,
Ўлим менга тегмасдан ўтса;
Шу ҳам тирикликми,— «хоин» деб,
Халқ бетимга тупуриб кетса?!

Йўқ, керакмас менга бу «соғлиқ»,
Қалбим унга муҳтож ҳам эмас.
Инсонманми, эл ўгай қилса,—
Ер ҳам менга қултум сув бермас!

Йўқ, қайғурма, дўстим, умримиз
Халқ умрининг кичик гуллари;
Биз сўнсак ҳам, бизнинг учқундан
Ортиб борар унинг нурлари.

Ботирлик ва халққа садоқатни
Исбот этдик — бўлдик фидокор.
Бизнинг ёшлик шундай ҳислар билан
Бўлган эди кучли ва донгдор.

Қисқарса-да умр,
Ёшлигимиз —
Бекор ўтди дема мабодо!
Айтсин ёшлар: шундай яшасанг,
Шундай ўлсанг эди дунёда.
1943

ҚОТИЛГА

Тиз чўкмайман, қотил, қаршингда,
Тутқун қилсанг, қулдек эзсанг ҳам.
Улсам тикка туриб ўламан,
Болта билан бошим кессанг ҳам.

Сендайларнинг мингтанг ўрнига
Афсус, отдим юзтангни — бу кам.
Қайтиб боргач узр сўрайман
Мен халқимдан шунинг учун ҳам.
1943


ИШОНМА

Сенга мендан хабар берсалар,
«У йиқилди чарчаб»,— десалар,
Йўқ, ишонма, бағрим!
Бу сўзни —
Дўстлар айтмас, яқин кўрсалар.

Байроғимга қон билан ёзган
Онтим ундар олға боришга!
Ҳаққим борми ҳеч қоқилишга,
Ҳаққим борми чарчаб-ҳоришга?

Сенга мендан хабар берсалар,
«У Ватанин сотди»,— десалар,
Йўқ, ишонма, бағрим!
Бу сўзни —
Дўстлар айтмас, мени севсалар.

Юртдан кетдим юртни, сени деб,
Мен курашдим қонли ҳар дамда.
Юртни, сени қўлимдан берсам,
Нима қолар менга оламда?

Сенга мендан хабар берсалар,
«Муса ўлди энди»,— десалар,
Йўқ, ишонма, бағрим!
Бу сўзни —
Дўстлар айтмас, мени севсалар.

Тупроқ кўмар танни, кўмолмас
Ўтли қўшиқ тўлган кўнглимни,
«Ўлим» дейиш мумкинми ахир,
Енгиб ўлган бундай ўлимни?
1943

М. Бобоев таржималари