Дардманд (1859-1921)

Муҳаммадзокир Муҳаммадсодиқ ўғли Рамиев (Мөхәммәтзәкир Мөхәммәтсадыйк улы Рәмиев, Mөxəmmətzəkir Mөxəmmətsadıyq uğlı Rəmiev) (тахаллуси Дардманд – Дәрдемәнд) Оренбург вилоятининг Истарлитомоқ туманидаги Жирган қишлоғида туғилган. Муҳаммадзокир мактабни тугатгач, Истанбулда яшаб таълим олди. 1881 йилда юртига қайтди. Нашр ишларига бош урди, аммо ҳукуматдан изн ололмади. 1905 йилдан кейингина ниятига етди. “Вақт” кундалик газетаси (муҳаррири Ф.Каримий) ва “Шўро” журнали (муҳаррири Р.Фахриддин)нинг ташкил этилишида фаол қатнашди, ушбу нашрлар Қофқоз ва Туркистон мусулмон туркийлари фикрий ҳаётига катта таъсир кўрсатди. Дардманд шеърлари фалсафий теранлиги, муҳит манзараларини мажозий акс эттириши билан ажралиб туради.

КЕМА

Шовуллар денгиз.
Ғувуллар шамол.
Кема очмиш елканин.

Кечаю кундуз
Босадур ул йўл,
Йўллари ёт ўлканинг.

Зўр шамол турар,
Кемани сурар,
Тўлқинлар бизни ўрар…

Билмам, қай замон
Қай гирдоб, ўпқон
Тортар, биздан жон сўраб…

ҚОҚИЛИШ

Ўзинг ерда, кўзинг ерда – недан бу?..
Кўриб кўк дафтарин, ёндинг-ёқилдинг.
Йўлингда ҳар нени кўргандинг, нечун
Оёқ остингдаги тошга қоқилдинг?..

ТАҚДИР

Қувонди эл, қанот қоқди малаклар,
Шошиб, ҳанг-манг бўлиб шайтон тупурди…
Етар, кўнгил, қувонч-ла урма ортиқ,
Куёвмассан бу тўйда, сенга жой йўқ,
Жаҳон тақдир тўйин тузганда битмиш,
Сенинг ўрнинг – ўликлар ўлкасинда!..

КЎКЛАМ

Келди кўклам, кун аро ёмғир ёғар,
Тоғ тарафдан шарқираб сувлар оқар.
Келди оққуш ғағлашиб ҳам келди ғоз,
Қайнади қуш, тўлди кўллар, бўлди соз!..

Келди кўкламнинг етиб порлоқ куни,
Янграр оққуш сайраши, масрур уни.
Талпиниб, оғир қанот қоққан, ана,
Ғоз гала бўлганча келмишдир яна.

Келди кўкламги ҳаловат ойлари,
Сайраб учди кўкда бўзтўрғайлари.
Маърашиб ўтлар сигир, қўй-қўзилар,
Кишнашиб ўйнар қулунлар – шод улар.

Чўлда эркин сайр этар ҳуркак кийик,
Кўлда оққуш товланиб сузгай, суюк.
Сандувочлар мунгли-мунгли сайрашар,
Ўнгу сўлда ҳар не ҳайвон яйрашар…

ЎРОЛ-ЁЙИҚ ШУНҚОРЛАРИ

Нозик беллар қилич тақмас… камарланмиш бел…
Тозий отлар ёлини ҳеч тараб ўтмас ел.
Қарол бўлди далаларнинг оқ тулпор оти,
Ўрол-Ёйиқ шунқорининг синмиш қаноти…

Татар тилидан Тоҳир Қаҳҳор таржимаcи