Абдулла Тўқай (1886-1913)

Абдулла Тўқай (Габдулла Тукай, Ğabdulla Tuqay; асл исми Тўқаев Габдулла Муҳаммадгарифович) (1886.14.4, Қозон губерняси Қушлович қишлоғи (Арча тумани) — 1913.2.4, Қозон) — татар шоири, публицист.
1902 йилдан шеърлар ёза бошлаган. 1905 йил ҳарф терувчи бўлиб ишлаган. «Фикер» (Фикр) газетаси ва «Ал-аср ал-жадид» («Янги аср») журналига шеър, фельетон ва публицистик мақолалар ёзиб турган.
Абдулла Тўқай 1907 йил Г. Камолов билан ҳамкорликда «Яшен» сатирик журналини чиқаради. 1910 йил «Ялт-йолт» журналида ишлайди.
Татар халқининг озодлик учун кураши «Озодлик ҳақида», «Текинхўрларга», «Дунё бу», «Кетмаймиз», «Товуш», «Турмуш» каби шеърлари, «Маҳораба ва давлат думаси» мақоласи ва бошқаларда ёрқин акс этган.
Абдулла Тўқай татар адабиётида танқидий реализмга, болалар адабиётига асос солди. Замонавий татар адабий тилини яратувчилардан бири бўлди. Тараққиётга тўсқинлик қилувчи эскилик сарқитларига, мутаассибликка қарши кураш, илғор маърифатпарварлик ғояларини илгари суриш шоир ижодининг муҳим мавзуларидир.
Абдулла Тўқай татар шеъриятининг ғоя ва мазмунигагина эмас, шакли, ифода воситаларига ҳам янгиликларни жорий қилди. Хусусан, унинг халқ оҳанглари ва қўшиқларига мослаб ёзган шеърларининг руҳи Туркистондаги миллий, ижтимоий уйғонишга ҳамоҳанг бўлди.
Абдулла Тўқай шеърлари дастлаб 1913 йилда ўзбек тилига таржима қилиниб, дарсликларга киритилган («Тувгон тил» — Авлоний, «Туркий гулистон», Т., 1913 ва б.). Татаристонда Абдулла Тўқай номидаги республика давлат мукофоти таъсис этилган (1966). Тошкентдаги кўчалардан бирига Абдулла Тўқай номи берилган.ан.

ТЕКИНХЎРЛАР

Текинхўр, оқсуяк зотлар, қорин солган насоратлар,
Демас тўйдим, очофатлар, ажаб ҳай-ҳай, ажаб ҳай-ҳай!

Ва ҳар қайси губернатор, кекирмоқ бирла кўп мағрур,
Тўйиб бўлгач улар базўр, ичу тоши фақат мой-мой!

Бир айланиб келар мурдор, сўнг чўзилиб ётар беор,
Ташқарига қатнаб бедор, шудир ҳимматлари, бай-бай!

Халқ ўлса ҳам парвойи йўқ, бўлса басдир қурсоғи тўқ,
Оғизлари қурдим қудуқ, нимангки бор: «Дай сюда, дай-дай!»

Битиргай еб, қараб турсак, агар бирпас қўйиб берсак,
Аё қурсоқ ва ё қурсоқ, жаҳонни қопларин, вой-вой!

Буларнинг ҳар бири Қофдир ва ё Кавказга ўхшабдир,
Булардан не омон қобдир? Гапир, эй Минглибой бобой!

Бўларди яхши, қарши чора кўрсак бу қоринларга,
Тутиб ёрмоқ керакдир, бў ғанимат дамни ўткармай!

Ёрайлик бу қоринни, чунки бизнинг бахтимиз шунда,
Шулар ютган умид-иқболимизни асти қизғанмай.

Етар энди, етар энди, «давайте» бошлайик ишни,
Шимармоқ вақти келди енгни, бўлмас энди қўзғалмай!

Ҳужум вақти эшонларга, текинхўр каллахумларга,
Битир, қир, парчалаб ташла, югур, урра ва «билбанзай»!

Пайғамбар динин ўрнин қоплаган мечкай маразлардан,—
Қутулмоқ лозим энди, қайдадир исломимиз, ҳай-ҳай!

Изи ҳам қолмади диннинг, тамом мажусилар босди,
Сезиб турган мусулмонга чидаш мумкинми жон куймай?!

Сўриб ётган текинхўрга қадалдим мисли ханжар мен,
Буларнинг маслаги бизни талаш-ку битта ҳам қўймай.

Етар, Абдулла, энди ёза кўрма, бунда сургун бор,
Осарлар дорга, тил тийгин бутунлай энди қўзғалмай!

Йўқ, асло тўхтамай ёзғум, улардан мутлақо қўрқмай,
Нечундир бу юрак куйлар ажалдан асти сесканмай!

Чивиндек жисми жоним, майли, бу йўлда ҳалок ўлса,
Менинг чин маслагим шулдир, бутунлай социаллардай!

Бу мазҳаб бебаҳо мазҳаб, қутулмоқ йўли шул йўлдир,
Бунинг ҳомийлари ўлгунча боргай шунда алданмай!

Туроб Тўла таржимаси

БИР ТАТАР ШОИРИНИНГ ДЕГАНИ

Мен куйлайман, турган ерим тор бўлса ҳам,
Қўрқмайман севган халқим татар бўлса ҳам.
Кўкрак кериб турадирман, менга миллат
Бу кун милтиқдан ўқлар отар бўлса ҳам.

Унгга, сўлга оғмай олға мен бораман,
Йўлда бир сад кўрсам тепиб ағдараман;
Қўлда қалам бўла туриб ёш шоирга,
Маълумдирки, қўрқиш билан ҳуркиш ҳаром.

Душманларнинг зўридан биз ҳеч қўрқмаймиз,
Ботирликда Али, Рустамларга тенгмиз.
Шоир умри қайғу-ҳасрат кўрса кўрар,—
Тўлқинланмай туролмайди улкан денгиз.

Куйлайман яхшиликни кеча-кундуз мен,
Севаман эзгу ишни ва ширин сўз мен.
Ёмонликни сўкаман, мақтай олмайман,
Ёмонликни кўрганда, жуда ёвуз мен.

Ёмонликлар жаҳлимни кўп кўпиртади,
Таёқ билан гўё қорнимга туртади.
«Нега бундай? Ярамас», деб вайсатишиб,
«Тьфу, чортлар! Аҳмоқлар!» деб тукиртади.

Агар ноҳақ отса ўқни менга томон,
Бир оғиз сўз қилмайман унга ҳеч қачон.
Янглиш отдинг, қайтиб олгин ўқингни деб,
Ўқ ботса ҳам дўстликни қиламан баён.

Дил заҳар бўлганидан шеърим ҳам заҳар,
Пишган десам хом чиқар у баъзи сафар.
Булбул каби қалбимни сайратай десам,
Мушуксимон кўнгилсиз у миёвлаб кетар.

Ранг-баранг кўринади мақталган нарса,
Нордон мева бўлади кўпинча сара.
Мен ҳозир аччиқ-чучук ёзсам ҳам, аммо
Яхши ният бор унда, синчиклаб қара!

Пушкин, Лермонтовдан ўрнак оламан,
Аста-секин юқорилаб мен бораман,
Тоғ бошига чиқиб мен қичқирай десам,
Юксакликдан йиларман деб мен қўрқаман.

Манзил яқин, юра бергач йўл қисқарар,
Аллақайда ётган ҳиссиёт қўзғалар.
Мен букирмас, тузалишга қабр керакмас,
Тангри файзи кўнглимга изин солар.
1907

ТАРАДДУД ВА ШУБҲА

Мен агар бир шарпа сезсам оғзима жоним келур,
Қўрқаман, таҳқир этишга ори виждоним келур.

Найлайин, йўқ эзгу иш ётганда ҳам, турганда ҳам,
Менга йўл кўрсатгали доим у шайтоним келур.

Мен не иш қилдим бу дунёга келиб деб ўйласам,
Олдима чин, тўғри йўлдан четга тойғоним келур.

Куйлаган шул куйларимдан фойда борми халқима?
Ё малакдан, ёки шайтонданми илҳомим келур.

Чиндан ҳам мен мубталоман шеър тўқишнинг дардига,
Кетма-кет ҳам сарфланиб майдонга девоним келур.

Мен билурманким бу дунё мен учун дўзах эрур,
Бир шеър ёзсам фақат жаннат ва ризвоним келур.

Тўлдирилган ҳар варақда боғу бўстон юз очиб,
Ҳар тарафдан қаршимда ҳур бирла ғилмоним келур.

Ёзганим босилди-ю, мен яна зўр бир қайғуда,
Ҳар байтда этгали исмимни эълоним келур.

Ҳеч ризо бўлмай ўзимдан, ёзганимдан сўнгра мен,
Ҳар замон кўз олдима камлик ва нуқсоним келур.

Қай вақтлар бахт-саодатдан агар узсам умид,
Аллақайдан шунда иқбол отли чўлпоним келур.

Ялтираб ул кўкларимда кўп умидлар ортдириб,
Кўз ёшим артмоққа гўё нозли жононим келур.

CАРЛАВҲАСИЗ

Қўзғатмоқчи бўлсанг халқ кўнгилларин,
Тебратмоқчи бўлсанг нозик қилларин,
Куйла сен, албатта, аччиқ ҳасрат куйин,
Керак эмас бемаъни кулги, ўйин!

Умр йўли кўнгилсиз ва қоп-қоронғу,
Бу дунёда ким келса сенга тўғру,–
Шубҳасиздир жароҳатли кўкрагида,
Яширингина ёниб турган ҳасрат тўлиқ.

Шўрлик одам! Сиртдан ўйнар, сиртдан кулар,
Ёмон ёқни ичидагина ўйлаб қўяр.
Бизнинг умр, ўйин эмас, байрам эмас,
Ҳеч қайғусиз киши бўлса, одам эмас.

Ўз-ўзин хурсанд қилар маст-аластлар,
Ўз-ўзига май ичириб эси пастлар:
“Аммо дунё қандай гўзал, қандай ҳузур,
Бу дунёда кимса борми дер, мендан зўр!”

ЎЗ-ЎЗИМГА

Тилайман бўлишга мен инсони олий,
Тилар кўнглим таоли биттаволи.

Юракдан севаман бахтин татарнинг,
Кўрсайдим, улғайиш вақтин татарнинг.

Татар бахти учун мен жон отарман,
Мен ўзим ҳам татарман, чин татарман.

Сон-саноқсиз менинг миллатга ваъдам,
Қуруқ бўлмасин ваъдам, воллоҳи аълам!

КУЗ

Куз келди, дўстларим, куз келди бироқ,
Кўп ўтмай қиш келар тўнлари оппоқ.

Кета бошлади биздан энди қушлар,
Улар биздан йироқ жойларда қишлар.

Ўрмонлар сарғайди мисли заъфарон,
Экинларин йиғиб олмишдир деҳқон.

Тақир қолди татар боши каби қир,
Озиқ излаб учар тўрғайлар пир-пир.

Чиқиб ердан бош қалқитар кузлик экин,
Яшил майса каби жим-жим этар секин.

Қуёш ҳам иссиғин камайтди анча,
Босиб зулмат, ёруғлик кетди қанча.

Қулоқда шовиллайди энди совуқ ел,
Тўлар ичга, ичинг мисли қувиқ, ел.

Не десанг ҳам кўнгилсиз куз кўнгилсиз:
Чечаксиз куз, майсасиз ҳамда гулсиз.

Мозористонга ўхшаб қолди қирлар,
Гиёҳсиздир текис ерлар, чуқурлар.

Улиб турсам эди мен олти ойдай,
Эриб ухласам эди сариғ мойдай.

Шундай ухлаб баҳор етганда турсам,
Туриб яна кўм-кўк ерда ўлтирсам,–

Бахтиёр бўлардим, жуда бахтиёр,
Гўёки подишоҳ бахти – тахти бор.

Эй, фақир миллатим, қачон баҳоринг,
Қачон кетар кечинг, келар наҳоринг?

Келарми мен қабр томон сурилгач,
Ўлиб қиёматда қайта тирилгач.

БАҲОР АЛОМАТЛАРИ

Баҳор келди, қорлар эрий бошладилар,
Пўстинлилар пўстинларин ташладилар.
Кийимсизлар эркин юра бошладилар,
Тўнсизларга ёруғ кунлар келди энди.

Пийма, чана иш бермасдан қолди бугун,
Аравалар шовқин-сурон солди бугун.
Велосипед, карета йўл олди бугун,
Кўчаларда юз айланиб елди энди.

Қишда қотган, яп-яланғоч дарахтга боқ!
Бугун гўзал, чиқармоқда яшил япроқ.
Нурга тўлиб очилмоқда яқин, йироқ,
Ҳар ёғочда булбул куйин куйлар энди.

Етти қават муз тагидан чиқар бақа,
Ботқоқларга, балчиқларга бота-бота.
Қамишларнинг орасидан боқа-боқа –
Яна эски ҳикоясин сўзлар энди.

Қурбақалар ётиб жарда вақирлашар,
Бирин-бири англамасдан тақиллашар.
Алланелар кенгашади, ақиллашар,
Ахир, мантиқ ўқиганлар шулар энди.

Қиш ҳам ўтиб, гўзал кўклам келиш билан,
Саҳроларда майин сабо елиш билан.
Оҳ, бу кунлар ғамгин дилни кесиш билан,
Ўтган умр бир-бир ётга тушар энди.

Дарёларда тоғ-тоғ бўлиб музлар оқар,
Ҳаволарда тўп-тўп қушлар қанот қоқар.
Эй, худойим, кунни илит, танга ёқар,
Ўлган дунё жонланур ҳам яшар энди.

Рамз Бобожон таржималари

ШОИР

Йиллар ўтиб, умр кечиб бел букилса,
Қариб қолсам, дармон кетса, тиш тўкилса.
Кўнглим менинг ёш қолғуси, ҳеч қартаймас,
Иродам ҳеч синмас, асло ҳолдан тоймас.

Кўкрагимда шеър оташи сўнмас ҳеч ҳам,
Қарисам-да кўтаргайман тоғни бардам.
Кўнглим кундуз каби ёруғ, кўкламдай ёш,
Қиш ва қор йўқ, шоир кўнгли — мангу кўклам.

Қарисам-да ҳеч қаридай бўлмагайман,
Ақлим кетиб, асло алжиб қолмагайман.
Худо билар, ўтирмасман ўт ёнида,
Шеърларимдан ўт олгайман, толмагайман.

Куйлай-куйлай ўларман мен ўлганда ҳам,
Куйлагайман азроилни кўрганда ҳам.
«Биз кетармиз, сиз қоларсиз!» деб куйларман,
Жасадимни тупроқ билан кўмганда ҳам.
1908

МУҲАББАТ

Ер яшармас, гул очилмас тушмаса кўк томчиси,
Қайдан олсин шеърни шоир, бўлмаса илҳомчиси?

Чин гўзалдан қайси шоир, айтингиз, руҳланмаган,
Байронинг, Лермонтовингми, Пушкинингми қайсиси?

Файдасиз гўшт парчадир – гўштдан иборатдир юрак,
Пора-пора кесмаса ишқу муҳаббат қайчиси.

Тишларингнинг гавҳаридан нур олиб ёздим ғазал,
Айтингиз, қай инжудан кам бу ғазалнинг ёғдиси?

Бу татар шоирларин мумкин кейинга қолдириш,
Олға сурсин шоири ёлғиз муҳаббат қамчиси.

Этмагайман ҳеч қабул, оламга ҳоким бўл, деса,
Бўлмоғим мумкин экан ишқу муҳаббат ёлчиси.

Мунча ҳам лаззатлидир яшрин азоб, яшрин куйиш!
Бормикан, билмам, бунинг мендан бўлак англовчиси?

Барча аҳрори – муҳаббат мендан олдин зан этай,–
Қайда Фарҳод бирла Мажнун, мен уларнинг тонгчиси!

ҚЎШ ОТ

Қўштириб қўш от Қозон йўлига тушдим чопқиллаб,
Қистар отларни кучер ҳам қамчилаб, ҳам тортқилаб.

Тун эди, шодлик билан нурлар сочиб ой ялтирар,
Аста эсган ел ила япроқ ёғочлар қалтирар.

Ҳар тараф жим, ўй фақат менга недур куйлар эди,
Кўз юмуқ, уйқу босар, ёлғиз хаёл сўйлар эди.

Бир замон очсам кўзимни нурли бир ёт қир ётар,
Оҳ, бу қандай айрилиқ? Умримда илк топқир ётар.

Соғ бўл энди, яхши қолгин, эй менинг турган ерим,
Қанча орзу, қанча армон ҳам хаёл сурган ерим!

Хуш умр кечган шаҳар! Энди йироқда қолдингиз,
Оҳ, таниш уйлар, кўзимдан сиз тамом йўқолдингиз,

Орзиқиб кўнгил ёнар, ҳасрат ичида, ўйда мен,
Лоақал дўст йўқ, нетай, ёлғиз иковлон ўй ва мен.

Оҳ, начора, бу кучер ҳам суҳбат очмас, сўйламас,
Бир гўзалнинг сирғаси ё балдоғидан куйламас.

Бир нимам кам сингари, ҳайратдаман, дил бўш ва жим,
Бари бор, ёлғиз туғишган йўқ бу ерда, мен етим.

Бунда бегона ҳамма: бу Мингали, Бекмулла ким?
Бекмуҳаммад, Бектемир, билмам ҳали боз аллаким?

Сиздан айрилдим қариндошлар, кўп ўнғайсиз ҳаёт,
Бу ҳаёт – айтсам агар, гўё қуёш, ойсиз ҳаёт.

Шундай ўйлар бирла тошдай қотди кетди бошларим,
Ихтиёрсиз мисли чашма оқди-кетди ёшларим.

Бир товуш келди қулоғимга жаранглаб шу замон:
“Мулла бачча, кўзни очгин, қаршида шаҳри Қозон”.

Бу товуш кўп очди кўнглим, шодлигимдан жон ёнур,
“Ҳа, де, чоп тезроқ етайлик! Отларингга қамчи ур!”

Янграр бомдод намозига гўзал, мунгли, азон,
Ай, Қозон! Дардлик Қозон! Мунглик Қозон! Нурлик Қозон!

Бундадир бизнинг боболар тўрлари, пучмоқлари,
Бундадир дардлик кўнгилнинг ҳурлари, ужмоҳлари,

Бунда ҳикмат ҳам ёруғлик, илму урфон бундадир,
Бунда кўнглим севгани, у мўрчамиён бундадир…

ОЛТИНГА ҚАРШИ

Эй, худоё! Ер юзидан ол жадал, олтинни ол,
Бу муқаддас ерга ўт қўйғувчи шум ёлқинни ол!

Айт малакларга жаҳонни тозалаб олсин эди,
Барча олтинни йиғиб дўзахга тез солсин эди.

Сап-сариқ шайтонлар эркан шунда ёнсинлар расо,
Жумла осийлар учун уларга берсинлар жазо.

Бу жаҳон иблис ва шайтонлар била қолгай тинч,
Битсин ортиқ шу сариқ юз, шундадир хавф-қўрқинч.

Халқни ҳам олтин бузар, олтин қутуртар, оздирар,
Ярқираб, кўзларни алдаб, йўлига чоҳ қаздирар.

Мен тамом кездим жаҳонни, қанча юртда юрмадим,
Шу сариқ юздан – бало… шайтон, фалон ҳеч кўрмадим.

Ҳар тараф, ҳар ерда инсон шу балонинг бандаси,
Кўрмагайлар ҳақни, чунки зар ҳақиқат пардаси.

Барча халққа зуҳду-тақво, тўғрилик, дин, дил ўша!
Эзгу Қуръон ҳам Забур, Таврот ўша, Инжил ўша!

БИР РАСМГА

Заб гўзал, боққил бу қизнинг кўзларига, қошига,
Офарин, минг офарин бу суратинг наққошига.

Қайдан олмиш бу узун сочларни, айтинг, бу қуёш,
Кўр, худонинг қудратин кўр, бир кўзинг сол бошига.

Эй, қуёш! Кўрксизлигингдан сен хижолат тортасан,
Гар солиштирсанг юзингни ушбу юз раъносига.

Бу гўзал қизнинг фақат расмин кўриб қолса магар,
Шубҳасиз силтар қўлин Мажнун ҳам ўз Лайлосига.

Бўлса гар ужмоҳ тўрида илгари расми бунинг,
Илтифот этмас эди Одам-да ўз Ҳаввосига.

Кўрса Ҳорут бирла Морут йўлдан озмаслар эди,
Балки боқмаслар эди шайтонларинг иғвосига.

Лаъли лабдан бўса олганда керакмас кавсаринг,
Ўхшагай ул дунёнинг ўлмас Хизир, Илёсига.

Кўрса гар Иблис лаъин, исён қилиб юрмас эди,
Бош қўярди саждага, қайтиб тағин Оллосига.

Сайрамас бўлса бу қиз мадҳу саносини агар,
Жумла булбул ўлгуси, ул кетгуси маъвосига.

БЎЛМАСА

Ким билар қадрингни, жоним, дардли кўнгил бўлмаса,
Ноз этар кимларга, гул, қаршида булбул бўлмаса?

Суратингнинг жилваси, бил, шоирнинг кўнглиндадир,
Кўзгуларда кўрмагайсан чин юзинг ул бўлмаса!

Бермади Лайло каби маҳбубга дунё баҳо,
Лайли не, қаршида Мажнун ишқи мақбул бўлмаса?

Ҳеч келишмас сан каби танҳо гўзаллик шоҳига,
Севмаса бир миллий шоир ҳам келиб қул бўлмаса.

ҚИШЛОҚ

Тоғ бошига солингандир бизнинг қишлоқ,
Бир булоқ бор, у қишлоқдан эмас йироқ.
Қишлоқ гўзал, суви ширин, биламан мен,
Шу сабабли жону тандан севаман мен.

Эсдан чиқмас унда менинг кўрганларим,
Шодлик билан ўйнаб умр сурганларим.
Акам билан бирга-бирга далаларда,
Омоч билан ер ҳайдашиб юрганларим.

Бу дунёда кўп иш кўриб, умрим ўтар,
Белгисиздир, тақдир қаён бошлаб кетар.
Қайда борсам, қайда юрсам, сўнмас меҳрим,
Хотиримда мангу қолар туққан ерим!

ЁЗГИ ТОНГ ХОТИРАСИ

Ғолибона нур сочиб, оҳиста олранг тонг отар,
Мунг билан, ҳасрат билан оҳиста сокин ой ботар.

Битта-битта йўқ бўлиб осмонда юлдузлар сўнар,
Тонг ели аста эсар, япроқлар оз-моз силкинар.

Пардасин олгай, очилган ям-яшил қир ҳам ёбон,
Кетгай аста қоплаган у қоп-қора тунги чопон.

Тун бўйи жим ётган эрди офтобга интизор,
Ялтирар қўллар сеҳрли кўзгулардай жилвакор.

Шод чаманзорлар табассумда, чечаклар, лолалар,
Сайрагай булбул куйиб мадҳия – тонгги нолалар.

Тўхтаганлар кўргали тонгда табиат кўркини –
Кўкда оққушлардай оқ кўчма булутлар туркуми.

Қаршилашга энг сўлим пайт, энг гўзал пайт ёзги тонг,
Ўйла шоир, келди фурсат, келди илҳом ўйласанг.

ОНА ТИЛИ

Эй азиз тил, эй гўзал тил, ота-онамнинг тили,
Дунёда кўп нарса билдим сен она тил орқали.
Аввало, бу тил билан онам бешикда куйлаган,
Сўнг узун тунлар бўйи бувим ҳикоят сўйлаган.

Эй она тил, ҳар замон бўлдинг мададкорим менинг,
Сен туфайли англатарман шодлигим, зорим менинг.
1912

Миртемир таржималари

НАСИҲАТ

Эҳтиёжин арз этиб келса тиланчи қопқангга,
Қаттиқ сўзлар бирла сен инсонлигини топтама.
Сенга ўхшаш ул «тиланчилар»да оллонинг қули,
Қўл чўзар бечора бахтсизлик ва очлик орқали.

Юрмангиз бир ёқли деб сиз бу вафосиз дунёни;
У икки ёқли: унинг бор ҳам қора, ҳам кун ёғи.
Ғилдиракдай айланар бойлик ва шуҳрат, мартаба,—
Сен бугун бой, балки, шайтондан ҳам йўқсул эртага!

Бўлса—бергин, бўлмаса аста гапиргин йўқлигинг,—
Билмай қолма: оқ соқолли чол Хизир — Илъёслигин!

СЕВГИЛИМНИНГ ҚАБР ТОШИГА

Ўлмади, ўлсанг-да, кўнглимда сенинг дардинг ҳануз,
Дўстлигинг, инсонлигинг қалбимда қолдирдинг ҳануз.

Мотаминг, бил, шубҳасиз, мотам эрур, эй нурли юз,
Суратинг чашмимдадир, зеҳнимдадир савтинг ҳануз.

Қанчалик биз ёр эдик: сен – мен эдинг, мен – сен эдим;
Қолмади бундан асар, қолди магар шавқинг ҳануз.

КУЗ ЕЛЛАРИ

Ялтираб юлдуз ёнадир, тун қора бўлган сайин,
Ёдима тангрим тушар, бахтим қора бўлган сайин.

Куз туни. Йўқ уйқу менда. Уй тўлиб йиғлайди ел,
Ел эмас у, оч ўлимнинг ваҳмидан йиғлайди эл:

– Энг севикли ишчи авлодим бу йил оч қолди, деб,
Эзгу, шафқатли онамиз – қуюниб йиғлайди – ер.

Унда кампирлар қўяр тушган тишин олтин билан,
Бунда бурда нон учун кўз ёш тўкар ингичка бел.

Йўқчиликдан жон берар ҳар ерда бу эрлар қуриб,
Жон олувчи Азроил ҳам қизғаниб йиғлар нуқул.

Бизга байрам татигайми турса очлар термулиб,
Қабрида Иброҳим ҳам, Исмоил ҳам йиғлайди, бил.

Кулса унда тўқ ва ихлоссиз кўнгиллар такбири,
Ҳар эшитганнинг кўзидан ёш оқиб йиғлайди тил.

Кузги тун, тамсиз, қоронғи… уй тўлиб йиғлайди ел,
Ел – хабарчи: оч ўлимнинг ваҳмидан йиғлайди эл.

ҚИТЪА

Кучларимни қора кунларга сақлай олмадим,
Кунларимнинг ҳеч бирин ҳам, чунки оқлай олмадим.

Учради йўлда тўсиқ, итдан кўпайди душманим,
Чунки золимларни, устунларни ёқлай олмадим.

Олмадим ўч, битди куч, синди қилич, шул бўлди иш;
Кирланиб битдим ўзим, дунёни поклай олмадим.

ЖАВОБ

Шеъри Лермонтов ва Пушкин – энг улуғ соф денгиз у,
Ҳазрати Пушкин ва Лермонтов, Тўқай – уч юлдуз у.

Сенки шул денгиз бўйида оғу ичкан эй кучук!
Тилларинг чўзган бўласан етмайди, етмас, кет кўчиб!

Кет нари, аммо кетишда сен қулоғинг сўзга бур:
Бор-чи ит, умринг бўйи шул кўкда уч юлдузга ҳур!

Мамарасул Бобоев таржималари

БЎРОН

Тинчгина турган ҳавони қоплади бирдан туман,
Қор учиб, қор сепкилаб, қорга кўмилди ҳар томон.
Қор урар юзга раҳмсиз кўз очиб бўлмас сира,
Ҳар қора нарса бўри ёки қароқчига ўхшар, қара!

Қорни енггандек тушар ерга тиниқ ой ёғдуси,
Гоҳ сариқ, гоҳо кумуш: қўрққан каби ойнинг юзи.
Кун бўйи ётган эди ўлган илондек йўл тинч,
Чиқди қайдан бу бўрон — йўлдан адашсанг қўрқинч.

Не бало! Қоф тоғидан жинлар тўзиб солган йиғи?
Ё тешилганми худонинг тенги йўқ зўр ёстиғи?
Қор бўлиб ерда учарми ушбу ёстиқ парлари?
Изғишиб парлар йиғарми ёки Қоф тоғ жинлари?

Мен не ғамда, қор орасидан термулиб ул ой кулар,
Мен ғариб заҳматда, гўё — чорбоғиндан бой кулар!
1912

Шуҳрат таржимаси

БОЛАЛАРГА

Қўрқма зинҳор, бор деб айтса, жин, ажина, шурали,
Барчаси йўқ гап, буларни кўрмаган ҳеч ким ҳали.
Жин — фалон деб гап сотишлик эскилардан қолган у,
Сўзлаши яхши, кўнгилли, шоирона ёлғон у.

Аслида — алвасти бўлган саҳролар, сайҳон ҳам йўқ,
Шурали сақлаб турувчи қоп-қора ўрмон ҳам йўқ.
Сен ҳали ўс ҳам ўқи кўп, шунда англарсан барин,
Маърифат нури очар кўп нарсалар ёлғонлигин.

КЎНГИЛ ЮЛДУЗИ

Нечоғлиқ эзса дунё, эрки бор, қўрқитмагай бизни,
Йиғи ўрнида кулгайман, жаҳондан бурмайин юзни.

Менинг умрим қоронғу тун, қуёшим ҳам ойим туғмас,
Бунга ҳам мен шукр қилдим, бу тун юлдузли, юлдузли.

Қўлин чўзди менга минг хил қора кучлар ва малъунлар,
Ўчирмоқчи бўлиб кўнглимда ёнган эзгу юлдузни.

Ва лекин сўнмади ул, юлдузим порлоқ, ҳамон нурли,
Ажабмаски йўлга солса, адашган битта йўлсизни?

Кўзидан қонли ёш тўкса эди у барча шайтонлар,
Жаҳонда қолдириб кетсам эди ё раб, гўзал изни.

Менинг кўнглим ёруғ юлдуз умид, ҳасрат ва ҳис бирлан;
Зарар йўқдир, ҳамма поклик ҳам ойли, юлдузли.

Шукрулло таржималари

МЎЪЖИЗА

Бу пайғамбар вафотидан кейин ҳеч мўъжиза бўлмас:
Ёрилмас иккига ой ҳеч, қора тош ҳам туя туғмас,–

Деб айтса сизга илм аҳли, ишонманг асло, ёлғондир,
Ўзим кўрдим бугун, бизнинг замонда мўъжиза бордир:

Бугун тонгда уйимга бир қарздор ошнам келди,
Ялинтирмай, талашмай, ваъдасида қарзини берди.

Асқад Мухтор таржимаси

ЧИН ВА ЁЛҒОН

Бошида дунёда ер йўқ, сувгина бўлган эмиш,
Унда ёлғиз Чин билан Ёлғонгина сузган эмиш.

Бу ики душманга тангридан берилмиш бир кема,
Бас, ўтирмиш бир-бирига тескари шул кемада.

Кўп ўтмай Чин бирла Ёлғон чиқарганмиш бир уруш,
Бўлмаса, дўстлик етарлик, жанг эрур беҳуда иш.

Бир уриб лунжига Ёлғон Чинни ўхшатган эмиш:
Қайтадан чиқмас бўлиб Чин мангуга ботган эмиш!

ТИЛАНЧИ

Қиш, бўрон, муздай ҳаво, япроқ мисоли қор тушар,
Ел қувар қорни ва локин қор “тушай” деб тортишар.

Ишқирар ел, изғирар ел, қор бўронин орттирар,
Шул замон масжид ёнида мунғайиб кўр чол турар.

Кеча-кундуз ушбу ерда, йўқчилик қийнар уни,
Тўрвасин тутган – тилар нон ёз, баҳор, куз, қиш куни.

Кўп аянч ҳол, кўп аянч ҳол, кўп қийин, оҳ, кўп қийин;
Берсангиз-чи, бир тийин, ҳа, танга эрмас, бир тийин.

Айтсам айтай энди сизга: бу киши хўп бой эди;
Ичгани болдан, шакардан, оши ғарчча мой эди.

Ёр эди бир вақт бу кўр чол катта шуҳрат-шонга ҳам,
Донғи кетганди Қозону Ханкрман, Астирхонга ҳам.

Ул бинолар, сизга айтсам, ул ҳисобсиз мулку мол,
Ранг-баранг ҳар хил матолар – истаган нарсангни ол.

Ул тройка отлари, ҳаддан гўзал файтонлари,
Қайда энди тулки пўстин, қайда, ҳай-ҳай тўнлари?

Соз эди! Кўп соз эди! Мен шундан ортиқ не дейин?
Қип-яланғоч, кўрдингизми, берсангиз-чи, бир тийин.

Барча ҳазрат бошда бу чолнинг эди мафтунлари,
Қолмади бу чол учун ҳеч қилмаган афсунлари.

Бош эгиб, жилпанглашиб, пул, хайру эҳсонлар тилаб,
Юрдилар чол теграсида йўрға тойдек йўрғалаб.

Қайда бой чоғидаги жондан севикли дўстлари:
Қайга қочган барчаси: Гайнуклари, Ахмушлари?

Кўп аянч ҳол! Кўп аянч ҳол! Кўп қийин, оҳ, кўп қийин;
Берсангиз-чи, бир тийин, ҳа, танга эрмас, бир тийин.

Беш намоз вақти, намоз аҳлига жавраб қўл чўзар,
Ҳазратим бу чолни кўрмас, кўз қирин ташлаб ўтар.

Шундақа! Пул борлигида ҳамма дўсту ҳамма ёр;
Пул ҳиди чиқмай қолганда барча ёнингдан қочар!

Уйғун таржимаси

БАЙРАМ БУГУН

Шодликка тўлган оламга гулчирой ҳамдам бугун,
Не сабаб бунга? Билинг, байрам бугун, байрам бугун.
Эзгу туйғулар ила ҳар бир киши бардам бугун,
Чалмоқда менинг созим байрам куйин, байрам бугун.
Шашт билан боққан қуёшнинг жилваси шахдам бугун.
У ясангандир дедим байрам учун, байрам бугун.
Тўрт томондан ёғилар турли ифор ҳар дам бугун,
Атрини сочган экан дунё, ахир байрам бугун.
Сой бўйида тингладим сувлар жилдирашин бугун,
Тўлқинлар суҳбатлашар байрам бугун, байрам бугун.
Эсганда байрам сабоси тингладим англаш учун.
У ҳам сўйлади яна байрам бугун, байрам бугун.

ОНА ТИЛИ

Эй азиз тил, эй гўзал тил, отам-онамнинг тили!
Дунёда кўп нарса билдим қадрдон тил орқали.
Аввало онам шу тилда аллаларин куйлаган,
Сўнг эса тунлар бўйи бувим ҳикоят сўйлаган.
Қадрдон тил, ҳар дақиқа кўмагинг бирла сенинг
Ёшлигимдан билинди шодлигим, қайғум менинг.

КИТОБ

Ғашлик кириб юрагимга ғамни қўшса,
Ўз-ўзимга ишонч қолмай руҳим тушса,
Жафо чексам, тополмайин бир йўл бошқа,
Қўёлмайин бошим бирор илиқ тошга.

Ҳасрат, сўнгра ғамлар келса алмаш-алмаш,
Ёқимсиз ўй ила тамом айланса бош,
Кўзимдаги ғамларимга бўлгач сирдош
Кўринмаса сизиб-сизиб чиққан кўз ёш,

Шу вақтда мен қўлга оламан китоб,
Унинг эзгу саҳифасин қилгач тавоф,
Роҳатланиб кетар яйраб жоним, таним,
Шунда дармон топар барча дардим маним.

Ўқиб борсам ҳар сатрию, ҳар битта сўз
Улар менга содиқ ҳамроҳ, йўлчи юлдуз.
Дунёдаги майдаликлар ёқмай кетар,
Китоб кўнглим очар ҳамда нурга элтар,

Енгиллашиб покланаман мен бетакрор,
Сўнг қиламан унга миннатдорлик изҳор.
Ўз-ўзимга ишончларим орта бошлар,
Умидларим келажакка мени бошлар.

ЗИНАЛАР

Уй тўри деворига суяб қўйилганди нарвон,
Қирқтача зинаси бор, ўта оғир, узун карвон.
Зарурликда барча зиналар бўлса-да баробар,
Юқориги зина пасткига менсимай қарар.
Энг баланд зина мағрур “Мен тепада, сен пастсан дер”,
Менинг ўрним улуғдир, сен мендайин эмассан дер.
Бир одам келди-ю, айлантирди нарвонни аста,
Пастки зина тепага чиқди,
Юқоридаги тушди пастга.

БОЛА БИЛАН КАПАЛАК

Бола:
Айт-чи, сен, капалак,
Мени қилмасдан илҳақ
Нега учиб тинмайсан,
Ҳеч чарчашни билмайсан?
Узоқ йўллар юрасан,
Қандайин кун кўрасан?
Сўзлаб бер-чи, озроқ,
Ризқинг топасан қандоқ?

Капалак:
Яшайман қирларда,
Далада, ўрмонда;
Ўйнайман, учаман,
Кун ёруғ бўлганда.
Эркалайди мени
Қуёшнинг ёғдуси.
Озиқим оддийдир:
Гулларнинг хуш иси.
Аммо умрим қисқа,
Фақат бир кунгина,
Яхши бўл, ранжитма,
Тегмагин сен менга.

Татар тилидан Кавсар Турдиева таржимаси