Светлана Макарович (1939)

1939 йилда Словенияда таваллуд топган шоира, болалар адибаси, публицист Светлана Макарович (Svetlana Makarovič) нинг илк шеъри 17 ёшида эълон қилинди. Унинг шу кунга қадар 10 дан ошиқ шеърий тўпламлари, 1000 дан ошиқ болалар учун ёзилган эртак, пьеса, драмалари  ўз Ватани ва халқи томонидан муносиб тақдирланиб, эъзозланиб келинмоқда. У уруш, унинг битмас жароҳатларини кўрди, ўзидан ўтказди. Шунинг учун ҳам инсоннинг инсон бўлиб яшашига ҳаққи бор, бу ҳақ ва завқни олиб қўйишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ, дея эзгуликни чорлайди у ўз шеърларида. У ўз шеърияти ҳақида шундай дейди: «Сенга нимаики азоб берса, нимаики мусибат келтирса, шуни юрагингдан ўтказиб, ёзолсанг, муқаррар  енгил тортасан, табассум қилгинг ва ва узоқ яшагинг келади». Худди шу моҳиятСветлана Макарович шеъриятининг қудратидир.

ҚАРШИЛАШ

Қаршимда —
Дарча ортидаги нохуш манзара.
Қаршимда—
Қон билан тўлиққан олам.
Гиёҳсиз, бутоқсиз яланғоч тоғлар
Ҳувиллаган бағрига, қара.
Қаршимда —
Бахт тутган қуш қаноти —
Синган  қалам.

Лойқа сувлар, бадбўй сувларда
Лаънат оқар, наҳс оқар.
Қаршимда —
Кўр ва соқов
Қўшнилар хайрон боқар.

Қаршимда —
Белида белбоғи йўқ,
Отсиз, эгарсиз эрлар.
Қаршимда —
Гул жувоннинг
Юзи,кўзи кўкарар.

Қаршимда —
Бадбашара,
Жуни куюк говмишлар
Териси тўла яра,
Қандай насл бермишлар?
Шамол, далалар бўйлаб,
Кенг қулоч ёз, ўт куйлаб!
Қаршимда
Юрт дея аталган қўшиқ.
Қаршимда —
Қаҳатчилик,
Ортидан келар ўлат.
Очлик, қирғин — қиёмат.
Қаршимда —
Алласиз солланар бешик.


АЛЛА

Кўзларингда уйқу йўқ, алла,
Сескандингми шамолдан, болам?
Шамол куйларумримиз бекор,
Бубор — йўғи изтироб, алам.

Шамол куйлар — чўлу — дашт ичра
Оғир, оқиш сўнгакларни ҳам
Ирғитади, изиллатади
Уриб турган юракларни ҳам.

Шамол куйлар— бўзлайди, фалак
Ноласига тўлиб кетади.
Тоқати тоқ, сабри синади —
Манзилига қачон етади?

Шамол куйлаб, бир кун бу уйга
Бевақт ўлим олиб келса ҳам,
Қўрқма, жоним, қўрқмагил, алла,
Ширин тушлар кўргин, жон болам.


ПЎПАНАК

Оппоқ нон бўлаги, ушоқлари ҳам
Сени кутди қанча оқшом, қанча тонг.
Столнинг тагида, қара, нимадир
Жимирлаб кўринар, балки кумушранг
Пўпанак, пўпанак?
Ҳа,ҳа, пўпанак!

Ҳар битта бурчакда ғира-ширалик.
Бу аёл дунёдан ўтиб кетди тоқ.
Нонни шу тандирдан узгану, алҳол,
Шам каби ўчибдиилло, ўлим ҳақ.
Товланар пўпанак,
Ҳа, ҳа, пўпанак.

Бу кулранг кулбани майин, қалин қор
Суйибди, сийлабди тонггача бу тун.
Қайинлар қўлини узатди, узун
Соялар тўшалди кулбага беун
Бамисли пўпанак,
Ҳа,ҳа, пўпанак.

Ҳовлида қулф урди олча дарахти,
Бошига соябон тутди замбуруғ.
Нечун қувонмайсан, сен билан боққа
Сурур қайтиб келди ^ғолиб ва улуғ!
Наҳотки пўпанак?
Ҳа,ҳа, пўпанак.

Нелардир қўлларин силкиди узоқ,
Даладаги дон — дун ёки ўт — ўлан?
Кўзларинг тубида чарчоқлик ёхуд
Кўз олдингни тўсиб чиқдими туман?
Бу ҳам — пўпанакми?
Ҳа,ҳа, пўпанак.

Кўзингни қўлларинг билан беркитма,
Нима укўнглингга ҳеч ўтирмади?
Кўзларингни уйқу босиб келмоқда,
Сукут ҳам бир қатим нур келтирмади.
Яна пўпанакми,
Ҳа, ҳа, пўпанак.

Бўлиниб — бўлиниб кетар нафасинг,
Хушбўйланар кулранг новдалар хушҳол.
Шу ҳид борлиғингга, қалбингга сингар,
Сени аллалайди, ухла, ором ол!
Албатта, пўпанак.
Ҳа,ҳа, пўпанак.

Нурларга бурканар қадрдон тупроқ,
У шундайин сахий, шундайин азим.
Баҳслар тугамайди, билъакс, чуқурроқ
Кириб борар, гўё юргизар ҳукм —
Пўпанак, пўпанак.
Ҳа,ҳа, пўпанак.

ОДАМЛАР ОВЧИСИ

Қийин бўлди қўшнига. Бизни
Четлаб ўтсин бу — тақдир, бу — ўқ.
Бу — ўзга уй, ўзга болалар
Оғритмайди бегона оғриқ.

Тугаб борар насиба, ризқ-рўз.
Аҳволингни ҳеч ким билмайди.
Қани, кетдик. Қуюқлашар шом.
Кетган одам қайтиб келмайди.

Бунча ғамгин ўйларга ботдинг?
Айтиб бўлмас олис сирларни,
Мусибатни кўтармоқ учун
Кел, ёқамиз ёруғ  нурларни.

Яхшилаб ёп эшикларни ҳам,
Бироз ҳордиқ, ором ол, жоним.
Узоқларда шамол увиллар,
Яна кимни овлайди ўлим?

Ойгул Суюндиқова таржимаси