Иван Лалич (Иван В. Лалић) – шоир, носир, эссенавис, мунаққид. Француз, немис, инглиз ва можор тилларидан таржималар қилган. “Собиқ бола” (1955), “Мелисса” (1959), “Аргонавтлар ва бошқа шеърлар”, “Вақт, гулханлар, гулшанлар” (1961), “Византия” (1987) каби шеърий китоблар муаллифи.
Кўплаб шеърий антологиялар ва мажмуаларни таржима қилиб, нашр эттирган. “Янги француз лирикаси – Бодлердан бугунги кунгача” шулар жумласидан (1966).
AMOR FATI*
Кулбам ёнидаги жуфт жўка сўйлар:
қияликнинг шимол томонига сен ўтқаздинг-а бизни,
ғаддор – хатокор, ишқилиб, тутишимиз керак мустаҳкам,
хароб пойдеворинг куз, қиш, ёз, баҳор – қанча сувлар оқди,
озмас, ҳарқалай;
энди биз улғайдик, сақлагаймиз кулбангни омон
олтин жавзо қони қизиса,
ёмғир ва ел изғиса ҳар ён.
Сен гуноҳкор, бугун бизнинг томирлар туташ
очкўз, бепушт ғар шаҳарнинг ишваларига,
шипшир менга шундай жўкалар, шивирлаш-ла айлайман жавоб:
нима бўпти, ҳатто бу омад –
оқибатин қилса сарҳисоб;
алқагайман сизни тоабад, сиз ҳам мени дуо қилсангиз,
қайта гулга кирар жоним, замоним.
__________
* Тақдирга иймон (лот.).
ХОТИРА БОҒИ
Ул боғни унутма, Мелисса, бир боғки,
чекка бир овлоқда кечган ёз, қадимий
сўз янглиғ, бир бора аталган, бир бора;
ҳосили йиғилган тотли боғ,
хўб камёб, хўб кечки, ғарқ пишган олтин ранг,
қувраган, қаҳрабо баргларин чеккаси нақшинкор,
олов ўзгартирган йўлларин.
Биз тилдан ҳеч қачон қўймаймиз,
сувларга ногаҳон тушганча чопади юзада,
на тотли шилдирар хотирлар соғинчи.
Ғаройиб
ўтган кунларимиз бисотин хаёлдан кечириб, биз учун,
келажак учун ҳам кўз очар мозийлар; мен айни лаҳзада тикларман хироминг,
аллаким чорлаган, ногаҳон неъматга узанган қўлларинг,
беихтиёр ва лекин ҳар қандай тақиқлар ўткинчи. Оқшом шошиб йўлга тушар,
бутоқлар бўлар гум, ойдин юлдузлардан сут томчилайди;
дайдирмиз тун бўйи, бор-йўғи бир қадам олдинда борасан
боғ оша, Ердаги жамики мевалардан тотли ва қимматли,
бир таъм бор бу ерда ҳеч кимса тотмаган, териб ҳам ололмас бирор зот.
ЕРДАГИ ҲАЙКАЛЛАР ҚЎШИҒИ
Сийратим ёт-душман боғдадир,
сохтадан сохтакор, юз бурар имиллаб,
мисоли юлдузлар низоми;
шу жойда
қиёфам, ўзлигим кўмилган, гарданим иршаяр ўзда йўқ
заминий тубанлик устида, зулматлар замири тусида
борадиган даласига бўғилган сув йўли;
шамол бор,
нетонгки эртадан эсади, ғилмоннинг
залворли қаноти, атрофимда
томири қилт этмас, лаҳзада қўнмоққа шай-шошқин туради,
кўкнинг энг тўридан ёғаркан шуълалар;
о, барглар,
абадий маромда минг битта кўзлари!
Дилбарнинг борган сари томири мендан нари,
бир томчи ёмғир ҳам елкада сирғалмайди,
чунки мубҳам доғули бир қўлки, аллақачон
тамоман бошқа бир чорбоққа оралаган.
Рус тилидан Вафо Файзуллоҳ таржимаси