Вячeслав Ли (1944)

* * *

Эслайсанми,
қовоқ гулларини…
Қамишларга ўрлаган?..

* * *

Яна қадим қудуқдан
сув тортаётир она
О, менинг жарангдор хотирам!

* * *

Қорбўрон январда
Ва яна кетмоқда ота
хотиранинг йўлакчасида…

* * *

Куйлаётган овоз кимники ажаб?
Шу қадар таниш,
менинг ҳаётим узра…

* * *

Титраган кафтимда
булоқ кўз очди.
Ва мен кўрдим аждодларимни…

* * *

Кузги изғирин.
Қўлда пиёла
Кафтда иситилган.

* * *

Хонқизи
июннинг кафтида
О, тангрим, тангрим!..

* * *

Кексайган кафтимни иситаяпман
болаликнинг кафтдеккина гулханида.
О, менинг кафтларим!..

* * *

Бетиним титрайди гулмоҳи
қайноқ қўлимда!
О, ёшлик – умрим баҳори!

* * *

Ҳар тонгда
Мўй қалам қўлимда
Абадият олдидаги бурч.

* * *

Парвоз қилган турналар
Ортга боқмоқ истайди:
Ватан қолди-да ортда.

* * *

Биз бор эдик у ерда,
Найсон ранглари аро.
Биз ичгандик у ерда…

* * *

Баҳорнинг сўнгги куни
Ёмғир ёғар эринмай.
Соябонсиз кезаман.

* * *

Оҳ, қани эди,
чиза олсам…
Кузги дала ҳиди!..

* * *

Кузнинг бўғиқ ҳавосида
инжа бир овозни туяман.
Эҳ, бу менинг ёшлигим эмасми?!

* * *

Баҳор ҳақли эди.
Мен эса унга ачинаман.
Баҳор ҳақли эди…

* * *

Биз булутмиз
баҳор ва қишлар узра.
Биз булутмиз…

* * *

Омони* деган сўзда
уч бўғин бор ўлчовсиз.
Бири кечиккан сабоқ.

* * *

Бир марта қанот қоқ
Жазирама олдидан.
Саткат* эскига янги ямоқ.

* * *

Деразадан инган нур
Оналарнинг нигоҳи.
Ондол* — болалик…

* * *

Бу булутлар остида
Биз ҳаммамиз баробар –
Мен ва кермек* сукутда…
______
* Омони — она.
* Саткат — қамиш қалпоқ.
* Ондол — иситиладиган пол.
* Кермек — эгат.

Рус тилидан Маъруфжон Йўлдошев таржимаси