Владимир Солоухин (1924-1997)

Владимир Алексеевич Солоухин (14 июнь 1924, Алепино қишлоғи, Владимир уезди, Владимирская губернияси — 4 апрель 1997, Москва) — рус шоири ва ёзувчиси, «қишлоқ прозаси»нинг атоқли вакилларидан бири.

АССАЛОМ

Йўлда ногоҳ дуч келдик икков,
Мен ва оддий деҳқон аёли.
Елкасини қоплаб турарди
Сипогина одми рўмоли.
Тор сўқмоқдан бердим унга йўл,
Тиззамгача ботиб мен қорга.
Таъзим этиб бир-биримизга
– Ассалом! –
дедик қовуштириб биз қўл.
Саломлашса нотанишлар гар
Ахир, бунинг нимаси ёмон.
Саломлашдик атиги бизлар,
Бошқа бир сўз деганимиз йўқ.
Нур кўпайди оламда гўё,
Гўё ҳаёт бўлди ширинроқ.
– Ассалом! –
Бор эди-ку, шундай хуш удум,
Салом-алик, таъзим-тавозе.
Йўқолди бу удум шаҳарда.
Чунки улар Горький кўчаси
Ёки ГУМда ивирсиб юрган
Оломонга
Ёхуд сен билан
Театрга келган кишилар
Тўдасига таъзим қаёқда.
– Ассалом! –
Яъни омон бўлинг,
Эзгуликлар ёр бўлсин сизга!
Ассалом! Мен сизни
Учратдим илк бор.
Ахир, мен одамман.
Ахир, сиз одам,
Бир заминнинг фарзандларимиз.
Келинг, дўстлар, омонлашайлик.
Йўл берайлик бир-биримизга.
(Агар йўлда бўлса ҳамки қор.
Агар йўлда бўлса ҳамки лой)
– Ассалом! –
Шу бир сўзни сизга айтган чоғ:
Кўнглим бўлар тоғ!

ҚЎШИҚЧИ

Дала узра бир қўшиқ янграр,
Йўллар оша учар бир наво.
Шўх жаранглар майин жаранглар,
Дилнавозу дилбар, дилрабо.

Шундай тиниқ, шундай беғубор,
Шундай созки, йўқдир қиёси.
Хаёлимни етаклай бошлар,
Дилни тортар оҳанрабоси.

Гулга манзар яшил кўкатлар,
Тонг юлдузин эслатар шабнам.
Хуррам наво қуш каби учар,
Куйга асир бўлар субҳидам.

Ҳасратли дам ва шавкатли дам,
Илк новда ва илк қор жилваси.
Бошоқ ҳиди – ҳамма-ҳаммаси
Шу қўшиқда гўё жамулжам.

Қўшиқчини биламан кўпдан,
Танимасам кошкийди, ҳайҳот.
Фил ясайди мудом пашшадан,
Шайтонга дарс берган турфа зот.

Қўрқоқ, ғайир, кекчи ва кинчи,
Кўзи олазарак ва айёр.
Энг яқин дўстин-да, ўткинчи
Ҳавас учун сотишга тайёр.

Ўзи сотиб, чанг солиб бахтга,
Ўзи келар кечирим сўраб.
Ҳаёт қанот берар калхатга
Гул ўстирар ботқоқда, ё раб.

Қўшиқчининг овози бошқа,
Дили бошқа. Бу қандай фусун?
О, Адолат, қора балчиққа
Зарни нечун ташлайсан, нечун?

Эркин Самандар таржимаси