Рус шеърияти тарихида “Кумуш аср” деб эътироф этилган ХIХ асрда ижод қилган машҳур рус шоири. У 1872 йилнинг 6 октябрида Ярославл шаҳрида туғилган. Шоирнинг оиласи кейинчалик Петербургга кўчиб боради.Михаил Кузмин гимназияни тугатгач, 1891 йилда консерваторияга ўқишга киради.
Шоирнинг ижодига жуда катта таъсир қилган воқеа 1895 йилда юз беради: у Мисрга саёҳат қилади. Кейинчалик Италияга ҳам броган М. Кузмин бутун ижоди давомида мана шу икки саёҳат таъсирида бўлди.Унинг катта адабиётга кириб келиши 1906 йилда нашр этилган биринчи китоби “Искандария қўшиқлари” билан бошланди. Худди шу пайтда у символистлар билан яқинлашди, Н. Гумилёв, О. Манделштам, А.Толстойлар билан дўстлашди.
Бир умр фақирликда яшаган Михаил Кузмин 1936 йилнинг 1 мартида зотилжам касалидан вафот этади. М. Кузмин шеърларининг таржималари 1989 йилда нашр этилган “Қирқ ошиқ дафтари” китобига киритилган.
“ИСКАНДАРИЯ ҚЎШИҚЛАРИ” ТУРКУМИДАН
БЎЛСАЙДИМ АГАР…
Лашкарбоши бўлсайдим агар,
Забт этардим Ҳабашу Форсни,
Ағдарардим фиръавнни тахтдан
Ва ўзимга эҳром тиклардим
Ҳеопс эҳромидан баланд –
Бутун Миср мамлакатида
Бўлмас эди мендан кучлироқ одам.
Эпчил, айёр ўғри бўлсайдим агар,
Шип-шийдам қилардим мақбараларни,
Гавҳарларни пуллар эдим Искандария жуҳудларига,
Сўнг сотиб олардим ер ва тегирмон –
Бутун Миср мамлакатида
Топилмасди мендан бой одам.
Агар мен донишманд бўлганимдами,
Елга совурардим бутун боримни,
Воз кечардим мансаб, вазифалардан,
Қўриқлардим ўзгаларнинг томорқасини –
Бутун Миср мамлакатида
Озод одам бўлмасди мендан.
Энг хўрланган қулинг бўлсайдим,
Сенинг зиндонингда яшасам агар
Ва йилда бир,икки йилда бир
Зиндоним ёнидан ўтар чоғингда
Мен кўриб қолсайдим оппоқ пойингга
Кийган сандалингнинг зарбоф гулини –
Бутун Миср мамлакатида
Топилмасди мендан бахтиёр одам.
ТЎРТ ОПА-СИНГИЛ ЭДИК…
Тўрт опа-сингил эдик, тўрт опа-сингил эдик,
Севар эдик тўртовлон, тўртовлон ҳам севардик –
Опамиз севар эди отамиз айтгани учун,
Ўртанчамиз севар эди ёри бой бўлганидан,
Кенжамизнинг қаллиғИ жуда машҳур зот эди,
Мен бўлсам севар эдим ёримни севганимдан.
Тўрт опа-сингил эдик, тўрт опа-сингил эдик,
тўртовлон тўрт орзуга мубтало бўлган эдик –
Опамиз бола туғиб,уларни боқсам дерди,
Ўртанчамиз ҳар куни бир кўйлак кийсам дерди,
Кенжамиз ўйлар эди: Эл ичра машҳур бўлсам,
Мен бўлсам себгилимга севикли бўлсам дердим.
Тўрт опа-сингил эдик, тўрт опа-сингил эдик,
Тўртовлон ҳам охири ёримиздан айрилдик –
Опамиз эри ўлиб қолганидан айрилди,
Ўртанчамизнинг эри гадо бўлиб айрилди,
Кенжа синглимнинг эри ташлаб кетиб, айрилди,
Мен бўлсам уни севмай қолганимдан айрилдим.
Тўрт опа-сингил эдик, тўрт опа-сингил эдик,
Балки бизлар тўрт эмас,беш опа-сингил эдик?..
Рус тилидан Хуршид Даврон таржимаси