Андрей Дементьев (1928-2018)

Андрей Дмитриевич Дементьев (16 июль 1928, Тверь — 26 июнь 2018, Москва) — рус шоири, радио ва телевидение сухандони. «Юность» журнали бош муҳаррири (1981—1992). СССР давлат мукофоти лауреати (1985). СССР ёзувчилар уюшмаси аъзоси. Россия Федерациясида хизмат кўрсатган санъат арбоби (2004).

БУГУН БИР ЙЎҚЛАБ КЕЛСАМ…

Онам хотирасига

Соғинтирмай келишга
Вақтим йўқ эди.
Она деган бебаҳо
Бахтим йўқ энди.

Унда вақтим йўқ эди –
Бугун йўқ онам.
Кечирсайди, етарму,
Кўкларга нолам.

Ёв қувгандай югурдим,
Вақт доим тиғиз.
Энди соғиниб келиб
Йиғлайман ёлғиз.

Ҳувиллаган хонаси
Маъюс ва сокин.
Дардим енгиллатолмас
Шароб ҳам, локин.

Айро ўтди, азизам,
Не-не байрамлар.
Бугун бир йўқлаб келсам,
Дил тўла ғамлар.

Сени танҳо ёд этиб
Куйгум, онажон.
Худо ҳаққи, айбимдан
Ўтгин, жонажон…

* * *

Ҳеч нарса устида чекмангиз афсус,
Ҳеч нарса ҳақида қилманг пушаймон.
Майлига, бошқалар давронлар сурсин,
Сиз ҳам тириксиз-ку, бошингиз омон.

Аввалдан пушаймон чекманг, туну кун,
Ҳали юз бермаган минг ғавғони деб.
Ва гар бўлиб ўтган хатолик юкин,
Бўлмас бўлса асло ортга қайтариб.

Хижолат устига пушмон лозиммас,
Йўқотган дўстми ё севгингиз сабаб.
Дўстлар қадамдадир, замон охирмас,
Севги ҳам келади кунингиз пойлаб.

Афсусланманг, сизмас, бошқа бир одам,
Лавозим отига минса бу ғаммас.
Илло, жуда масрур кўринсалар ҳам,
Бошлиғу раҳбарлар ғамсиз одаммас.

Ҳеч қачон, эшитинг, ҳеч қачон ёнманг,
Пушаймон ўтида, афсус чўғида.
Бағри бутунликка ҳеч нарса етмас,
Лекин афсусланманг ҳеч ким йўғида.

Қайси бир муғанний куй чалар селоб,
Борлиқни чулғаган наво сеҳрангиз.
Лек ундан чуқурроқ ҳис қилиб куйин,
Ундан ҳам сел бўлиб тингладингиз сиз.

Ҳеч қачон, ҳеч қачон куйинманг, минбаъд,
Кечроқ келдингизми, кетдингиз вақтли.
Майли, муғаннийга насибдур минбар –
Лекин тинглай билган сиз-ку, чин бахтли!

* * *

Ёпишмади, бизнинг ишлар, ёпишмади-я,
Бошқа-бошқа замонлардан экан тақдирлар.
Сен хаёлий бир сиймони севгансан, ҳа, ҳа!
Мен ҳам сени севаман деб, ўйлаб юрибман.

Энди бизни қололмайди ҳеч нарса ушлаб,
Мен кетгумдир,ғамда сени қолдириб нолон.
Бу терс тақдир осмонларда ёзилмиш, ё раб!
Мучалга боқ – биримиз ит, биримиз сичқон.

Юрагимда на алам бор ва на дард, қайғу,
Бўлганда ҳам ҳаммасини ювиб кетар вақт.
Иложим не, бошда сенга оғир бўлару,
Менинг ғамим, ташвишимни ўйлама фақат.

Кетаяпман, кўзларингга сўнгги бор боқиб,
Сўз айтаман чин севгингни топишинг тилаб.
Манов сувратларни эса юборгин ёқиб,
Сақлаб юрма ҳасратларим альбомда йиллаб.

Андуҳларинг, ғамларингда қолган яланғоч
Қоялардан жилдим, йўлим тубанлик, кадар.
Ҳаёт шудир – йўли узоқ, гоҳ сур, гоҳо қоч,
Бир севгидан, яна бошқа бир севги қадар.

* * *

Дилда умидларни ўлдирмоқ,
Ҳам ўзгалар устидан кулмоқ,
Яхшиликни билмаслик, иллоҳ,
Дунёдаги энг оғир гуноҳ.

Буюк ишлар бир четда туриб,
Ўзни майда ишларга уриб,
Паст назарда умр кўрмаклик,
Ундан ҳам оғир гуноҳ балким.

Сени одам қилган инсонга,
Кўзингга нур берган иймонга,
Ва устозга хиёнат, э воҳ…
Мана бу энг даҳшатли гуноҳ!

* * *

Тасодифий кимсаларни дўст тутиб роса,
Ўткинчи кас, нокаслардан кутдим нимадир.
Қандай бўлса, мен шундайин яшадим, аммо,
Ўзгача бир ҳаёт йўлин бермади тақдир.

Кимларнингдир аламию гина, кинлари
Соясида ўтиб кетди ёшлигим порлаб.
Зўравонга эгмадиму асло бошимни,
Осмонга ҳам сапчимадим, юксаклик хоҳлаб.

Қандай бўлса, мен шундайин яшадим, шукур,
Ортда қолган кунларимдан ҳеч уялмадим.
Мен тақдирдан солиҳ, яхши сўзлардан бошқа
Бирон нарса сўрамадим, қарзга олмадим.

* * *

Баъзида ҳовлиқиб кетаман бехос,
Умрим ўтиб борар, қилар иш сероб…
Ҳаёт эса гоҳ шод, гоҳ қилди селоб,
Ортга бир қарашга фурсат доим оз.

Ташвишлар ҳудудсиз уммондай гўё,
Ҳаммамизга ўша бир хилда тартиб:
Биз ташвиш кетидан қувдик аввало,
Ўзимизга қўймадик вақт ҳам ажратиб.

Не кунлар ўтмади… Эҳтимол эртан,
Яна не синоат тайёр тургандур!
Розиман, ҳаётим берган ғамлардан,
Тонгларига шукур, шомига шукур!

* * *

Куймай ҳам қўйдим-а, душманларимга,
Безлик қилсалар ҳам хафа бўлмайман.
“Миш-миш тоғора”да ҳўпам ювилдим,
Яна ивитсалар майли, ўлмайман.

Ошкор ҳасадларга тийгум тилимни,
Ёмонларнинг ўзи ҳам, сўзи ҳам ўхшаш.
Ювиб, қўлтиғимга урдим қўлимни,
Илло, кўпни кўрдим, шу-да, бир яшаш.

Ғийбат ўнгу сўлим, йўлим маломат,
Йўлда тик бораман ярамни силаб.
Афсус, тез битмайди бундай жароҳат,
Аммо сабоқлари семирар йиллаб.

* * *

Хира тортар кўнгил олами,
Сотқин чиқса бирга юрганинг.
Ва ўртайди дунёнинг ғами,
Сирларингни баҳам кўрганинг.

Аммо, лекин бу қадим мерос,
Инсон шундай – бир қул, бир подшоҳ.
Ишончингга дарз солар бехос,
Яхшиликка зулм қайтади гоҳ.

Кимлар сени мақтар, суйкалар,
Юксалади кўкка омадинг.
Сен билмайсан, куяр, ўпкалар,
Қай бир ўзинг суйган одаминг.

Ҳам аянчли бу, ҳам кулгили,
Чунки бари уч кунлик муюм!..
Бугун етган ўзаним нурли,
Фароғатли, илоҳий туюм.

Энди бунда йўқ илинж, марра,
Яратганнинг дурри устивор.
Бу соҳилда йиллар бир зарра,
Ё гард, ёки гул чангича бор.

Аммо бир феъл панд берар мудом,
Баъзилар ҳеч кўнгли тўлмайди.
Қўчқор каби кимни бўлса ҳам,
Бир сузиб қўймаса бўлмайди.

Рус тилидан Муслимбек Йўлдошев таржимаси