Йон Карайон, Стелиан Дьяконеску (Ion Caraion, Stelian Diaconescu, 24 май 1923, Пелич, Руминия — 21 июль 1986, Лозанна, Швейцария) — румин шоири, адабий танқидчи, таржимон.
СЎЗ ВА НОН
Сўздан нон яралмас,
нон яралар кўзёшдан,
Аммо сўзлар ила юлса бўлар оғиздан нонни —
кўзёш кўпаяр.
Кўзёшни кўпайтган қандай қилиб одам бўлади?
Ҳар қандайин сўзнинг
қонли йўли бор,
Йўлига менгзаган
эътиқоди бор,
Қон кечиб юрасан,
Бу йўлдан юрсанг.
Сўздан ўқлар чиқмоғи мумкин,
Одамлардан кўра ўққа кўпроқ ишонган
қандай қилиб одам бўлади?
Тилларидан одамлар деган
сўз тушмаган одамларга ишондим.
ФАҚАТ ОДАМЛАР
Қор — қор,
бурган — бурган,
шамол — шамол бўлишни ўрганди,
Фаватгина одамлар
ўрганолмас одам бўлишни.
КОНТРАПУНКТ
Офтобрўяда алжирайди боғ…
Оқ сочли дарахтлар,
қандай қариб қопти дарахтлар
айни баҳор чоғида.
ЁМҒИР ТОМЧИЛАРИ
Сўнгги дунё.
Гўёки
ҳорғинлик ҳар куни
пардалар, ажинлар, чанг зарраларин
топадиган бир шафтоли ичидаман.
Ой осмонда делфиндай сузар.
Сиз, ёмғир томчилари, Мангуликнинг қаҳрамонлиги
Гуриллаган базм
Ер вужудин томчиларга дўндирадиган
ғала-ғовур сайр.
О, вақт,
илм бузолмаган вақт…
Бир-бирига ўхшаган,
тўпланишиб, жипслашиб
томчилар
гўёки
аскарлар каби
заминни забт қилишга борар,
сув ва ҳаётнинг
бошланишида
бурчларин адо қилиб
ҳалок бўлишар.
О, соддадил қўйлар,
кўзёшлардан юнглари
ҳалқа бўлиб тешилган қўйлар.
Ёмғир новдадай нозик бир қиздир,
Сенинг эса имконинг бор,
энг сўнгги имкон —
жароҳатга дўнмоқ имкони,
АБАДИЙ АБАДИЙЛИК
Ёниш ўтга хосдир,
оқиш — сувга хос,
ва ҳеч қачон бўлмас осойишталик.
Ўт доимо тирик,
сув доимо тирик,
қўрда, куртакларда яшринган тириклик.
Агар бир кунмас бир кун
ўт ва сув ғойиб бўлса дунёдан,
бари бир бошқа ўт, бошқа сув пайдо бўларди,
ва ҳеч қачон бўлмасди осойишталик.
Ахир ўт-да, ахир сув-да,
ахир куртаклар-да ва қўр-да
бўлмаслик учун яралмагандир,
Ҳеч қачон бўлмайди осойишталик.
Шавкат Раҳмон таржималари.