Василе Николеску (1929-1990)

Василе Николеску (Vasile Nicolescu, 1 ноябрь 1929, Прахова – 31 май 1990, Бухарест) — румин шоири ва публицисти.

АНТИФАШИСТ-ҚАҲРАМОНЛАРГА КИЧКИНА МАРСИЯ

Ўлдирилган орзуни кўргандаги оғриқ,
қуриган денгиз эҳтироси,
синдирилган қанотлар,
сўзи йўқ қўшиқлар,
кесиб ташланган қўлни кўргандаги оғриқ.
Қайталаган оғриқлардан,
қулаётган юлдузлардан қолган бу оғриқ,
Оғриқ, оғриқ, оғриқ.
Қабрлар оралаб
бетоқат тўлғаниб кезади
яраланган арслон каби Ой.
Ой онадай одимлар сокин
қулоқ солиб тошбағирларга.

Оғриқнинг туганмас мусиқасида
унинг қаърларидан
кўтарилар оқ байроқ.

КРЕМАТОРИЙДАГИ КЎРГАЗМА

Донг қотганча
мурдалар каби
ухлайди ботинкалар.

Сувсиз бандаргоҳда,
номсиз бир қирғоқда
ташланди кемалардай.

Инларсиз шоҳлар аро,
хаёлсиз шохлар аро
ўлган оқ қушлар.

Оппоқ бир жимликда,
ухлашар жуфт-жуфт бўлиб,
ухлашар ботинкалар.

Икки кўзим: қуёшнинг
икки тубсиз гирвати,
Муқаддас жазирадир
инсоният кўзлари.

ГУЛХАН

Бошқа кўрмаслик учун
бу разилликларни,
шўрлик қурбонларни,
бошқа кўрмаслик учун
хочпарчин қилаётганларни,
расво қилиб
калтаклаётганларни,
крематорий ўчоқларида
ёқаётганларни —

Бошқа кўрмаслик учун
бу тиконли симлар тўрини,
вужудга санчилган ўқларни
Бошқа кўрмаслик учун,
майлига, гулханда ёнайин,

осилай кимнингдир ўрнига
хочпарчин бўлайин,
ёнайин крематорий ўчоқларида,
ўқларга кўксимни тутайин,
машқ қилаётган ўқчилар учун
турайин бир тирик нишондай.

Шавкат Раҳмон таржималари.