Никита Стэнеску (1933-1983)

Никита Стэнеску (Nichita Stănescu) 1933 йил 31 мартда туғилган. 1957 йилда Бухарест университетининг филология факультетини якунлаган. Илк шеърлари “Трибуна” адабий журналида чоп этилган. Унинг “Туйғуларни ҳис этиб” (1964), “Ғамгин туйғулар” (1966), “Сўз эмас” (1969), “Руминия замини” (1969), “Дилгир мумтоз оҳангларда” (1970), “Замин белгилари” (1982) ва бошқа китоблари румин мумтоз шеърияти хазинасидан жой олган. Гердер (1975) ва кўплаб бошқа адабий мукофотлар совриндори. 1980 йили Нобель мукофотига номзоди қўйилган. 1983 йил 13 декабрда вафот этган.

ҒАМГИН СЕВГИ ҚЎШИҒИ

Бир куни, қачондир, жуда ҳам эрта
Ҳаёт менинг учун топади якун.
Майсалар шимади тупроқ мазасин,
Оқиб кетаётиб томирларимдан,
Бечора юракни соғинар қоним.

Бироқ ҳаво тоза, сен-да бегуноҳ,
Ғурури сарбаланд ёш дилимизнинг.

Ўлиш вақти келар отларнинг бир кун,
Темир станоклар эскийди ҳатто.
Вақти келса қуяр ёмғирлар шаррос,
Яратган изнида йўқ зарра хато.

Жами аёл зоти сен каби керик,
Яна сенга ўхшаб кийинар улар.

Улкан оққуш учиб келади бир кун,
Суриб ташлайди у кўкдаги ойни.

ШЕЪРИЯТ

Шеърият, бу – йиғлаётган кўз,
У – йиғлаётган елка,
Йиғлаётган елканинг кўзи.

Шеърият – йиғлаётган қўл,
Йиғлаётган қўлнинг кўзи у.

У – йиғлаётган товон,
Йиғлаётган товоннинг кўзи.

О, дўстларим, сиз,
Кўзёш эмас, шеъриятсиз,
Балки ичга ютилган йиғисиз,
Кашф этилмаган кўзнинг йиғиси.
Гўзал бўлиши керак бўлган,
Бахтли бўлиши керак бўлган
Кўзнинг кўз ёши.

Рус тилидан Фароғат Камолова таржимаси