Ион Александру (Ioan Alexandru; born Ion Șandor, декабрь 25, 1941, Руминия – сентябрь 16, 2000, Бонн, Германия) – румин шоири ва сиёсатчи.
УРУШНИНГ ТУГАШИ
I
Жон берарди уруш тангриси мен туғилган кун,
Олатасир отишарди сўнгги фармонлар.
Сояларига ўзларини осишарди замбараклар,
Уйимизда эса совға-салом улашишарди.
— Ҳалол хизматинг учун
аввало сени тақдирлайман, —
деди уруш тангриси отамга. —
Асл қарағайдан йўнилган бу ёғочоёқ.
Ма, ол! Буюрсин!
Хафа бўлма, оламдан ўтсанг,
Ўз жонзотларидек оғушига олади сени ўрмон.
Саводсизлиги учун
ўнг қўлингни елкангдан узиб
тупроққа топширдим, —
ўрганиб олсин-да ёзиш-чизишни!
— Кўриб қўй, Мария, — деди уруш тангриси онамга, —
отларимни кўзёшларинг билан суғорганинг,
этигимни артиб турсин, деб
икки ўғлингни
ҳақорат остонасига қолдирганинг,
тунги кайфу сафоим учун
икки қизни бўйга етказганинг ҳаққи
Сочингга оқ ҳадя этяпман,
ҳадя этяпман уйқусиз тунлару
Ҳувиллаган уйни…
Муборак бўлсин!
Сенга эса, адрда яшовчи Георге Пётр ўғли,
Йўқотганинг — бир жуфт қора кўзинг эвазига
Мангу зулмат мулкин борича
ихтиёрингга топшираман.
Хотининг билан давру даврон суринглар
ўла-ўлгунча!..
Қишлоққа атиги қирқ нафар етим,
Ўнта бузуқ иморат (қолганлари вайрон бўлган!)
кунботари тутаб ётган осмон,
жомсиз жомхона,
ҳу, қиёда оёгидан осилган етти хотин,
қўшни ҳовлисида идраб ётган
йигирмата от мурдасини қолдираман.
Сенга янги чақалоқ, яқиндан танишишга
улгурмаганимиз учун
сигирнинг сутсиз елинини,
боғда куйиб кўмирга айланган олхўрини,
қудуқнинг сўқир кўзини
қолдиряпман:
осмон сени юлдузлари билан боқсин!
2
Деҳқонлар урушнинг титраётган ҳалқумига
тикилиб туришди.
Остона ҳатлайман, деб унинг
гурсиллаб ерга қулаганини кўришди.
Шамол булутларни саросар қувган
нотинч бир кечада жон таслим қилди уруш.
Тобут ясашди унга эркаклар —
– Болохонадор сўкишлардан.
Қияликда жой топилмаганлиги учун
Қишлоқ аҳли машъала кўтариб
судраб боришди уни ўрмон ёқасига
ва ёқиб юборишди.
Шамол урушнинг кулини кўкка совурди!
Дуойибад қилиб чиқишди уни тун бўйи
Ғазабдан шатирлаб дарахтлар.
Муҳаммад Раҳмон таржимаси