Адҳат Синўғил (1935-2004)

Адҳат Синўғил (1935-2004) – татар шоири. 1975 йили Тошкентга яшаш учун келади ва Ўзбекистон Республикаси кино-прокат уюшмасида муҳаррир бўлиб ишлайди.

ЭЛИМ МЕНИНГ

Элим менинг — отамдирсан, аждодимсан,
Элим менинг — боламдирсан, авлодимсан.

Элим менинг — йўғимдирсан, боримдирсан,
Элим менинг тақдириму ёримдирсан.

Элим менинг — ёзим ўзинг, қишим ўзинг,
Элим менинг — созим ўзинг, ишим ўзинг.

Элим менинг — ўғлингдирман, инсонингман,
Элим менинг — мен чашмангман, имонингман.

Элим менинг — менга фахру жароҳатсан,
Тилинг бирла олам аро саёҳатсан.

НАМАНГАНДАН КЕЛГАН НОН

Намангандан келган нон,
Ёпилгандир тандирда.
Битар қолган ҳамма иш
Нонинг борми — қайғурма.

Нон бўлмаса қоринда,
Кўринмагай ёринг ҳам.
Боғлиқ эрур нон билан
Сенинг йўғу боринг ҳам.

Нони борнинг бағри бут,
Довруғи бор, шони бор.
Нони йўқда не бордир?
Ёлғизгина жони бор!

Намангандан келган нон,
Ёпилгандир тандирда.
Ўлмай яшар қардошлик —
Нон бор экан тақдирда.

ЮРТ

Қуёш бўлиб кўринади
Она юртнинг ҳилоли ҳам,
Майингина туюлади
Қаттиқ эсган шамоли ҳам.
Бахтли бўлгум, азал-абад
Юрт менда ҳам бахтин кўрса.
Бахтли бўлгум, етгач фурсат,
Юрт бир қулоч ерин берса…

ТАРИХ

Тарих бизни қизиқтирар мудом,
Ахтарамиз, недир излаймиз.
Бизга тарих тинчлик бермас тамом,
Унинг пинҳон жойин кўзлаймиз.
Кимларгадир тарих эшик очар,
Кимларгадир беркдир бу тарих.
Тилсим қачонгача тилсим бўлиб ётар,
Муродга етарми муаррих!
Ҳа, тарих бу . чиққан бир нафас,
Даб-дурустдан турмас кўриниб.
Кўп нарсалар ер остида эмас,
Ҳатто ер устида турар кўмилиб!

* * *

Юлдузларга сени тенгламайман,
Улар бири порлаб, бири сўнарлар…
Мен сени ёритқичларга менгзамайман,
Улар тонг чоғида тўнарлар.

Сени ўхшатмасман ҳатто қуёшга,
Кун оғиб уфққа ботади офтоб.
Сен меҳр сочурсан дунё, тоғ-тошга,
Юзинг ярмиси кун, ярмиси моҳтоб.

Денгизга ҳам сени тенглашим қийин,
Ахир, ул баҳорнинг яшил-ку юзи…
Сен шунча диловар, шунчалар ширин,
Сенинг чашминг асли севгининг ўзи.

Сени Лайлига ҳам қиёс айламам,
Майли, малол чексин ушшоқ хайлиси.
Менинг топинганим ўзинг сен, санам,
Бўлгандек Мажнуннинг ёлғиз Лайлиси!

Абдулла Орипов таржималари

ЎТДИ ЁШЛИК

Уруш йилларини кўрган тенгдошларга…

Ўтди ёшлик, оқар сувлар каби
Ер юзидан шовуллаб ўтди.
Ўтди ёшлик, уруш бўлиб кўздан
Нонга тўймай, нон тилаб ўтди.

Ўтди ёшлик, тоғлар бўлиб бизнинг
Босиб ўтди ёш ўмизлардан.
Иш отидай юклар тортиб ўтди,
Ўтли терлар оқди юзлардан.

Ўтди ёшлик, поезд каби учиб,
Чўллар аро чинқириб узоқ.
Қуёш тафтин ялаб чопди қирда,
Бошоқ йиғиб қип ялангоёқ.

Ўтди ёшлик, улғайтириб ўтди.
Дудоқлардан ўпди ёндириб,
Тонг еллари билан ойли тунда
Туманлардай тарқаб, ёйилиб —

Ўтди ёшлик. Сел-довуллар ўтди
Юракларда қолдириб излар.
Тепалардан ўтди, гуллар териб —
Пишди етим болалар, қизлар.

Ўтди ёшлик, саф-саф ҳатлаб ўтди
Сочимизга қорларни солиб.
Ёш ўрмонлар куйин куйлаб ўтди,
Қараб қолдик кўзимиз толиб.

Татарчадан Миразиз Аъзам таржимаси.