Совет Жаманғараев 1929 йили Бухоро вилоятининг Томди туманида туғилган.
«Ёш даврон» (1960), «Ўланлар» (1965), «Тенгдошлар» (1966) китоблари чоп этилган.
ЧЎПОН УЙИДА
Оқ юзли келинчак куйманар,
Гоҳ ўтов пардасин ёпади.
Устида оқ кўйлак, ҳилпирар,
Ел ўйнаб, пойини ўпади.
Нозик қад, кийим-бош ярашиб,
Кўрганнинг кўзини олади.
Қўй-қўзи қолсами маърашиб,
Қувонч-ла интилиб қолади.
Керага — тол ёғоч қалқинар,
Эҳ, шамол, олдими улоғни.
Қир қимиз бўйига бурканар —
Анқийди, ёргудек димоғни.
Кўнгилда хушбахтлик жаранглар,
Жаранги қулоққа ёқади.
Оқ билак, оқ ўтов — оҳанглар —
Қирларда қўшиқдай оқади.
ҚИЗИЛҚУМ
Кунинг илиқ, тунинг ойдин — Қизилқумсан,
Бўри чиқмас ўру сойдин — Қизилқумсан.
Одам меҳри, замон тафти тафтинг олар,
Яшнагансан, ариб қайғунг — Қизилқумсан.
Туя ўркач каби сийрак яйдоқ қолган,
Уён-буён не ариқлар йўллар солган.
Очилгансан, синаштага сирларинг йўқ,
Кучоғингни гул, чечаклар ўраб олган.
Буталарнинг новдаларин торлар мисол,
Елиб ўйнаб, ўринлатиб чалар шамол.
Ҳамма нарса куйлар бунда, тинглар бунда,
Сеҳрланиб банди бўлар ногоҳ хаёл.
Қуён суяк гулинг қиздай қарқирайди,
Япроқлари ял-ял ёниб, ярқирайди.
Силкинишиб, имо қилиб саксовуллар
Йўловчини хушҳол этиб, ҳол сўрайди…
Қозоқчадан Турсун Иброҳимов таржимаси.