Шокарим Худойбердиев (1858-1931)

Қозоқ адабиётининг йирик арбоби Шокарим Худойбердиев (Шәкәрім Құдайбердіұлы) Семипалатинск вилоятининг Чингизтов туманида туғилган. Етти ёшида етим қолиб, тоғаси Абай Қунанбоев оиласида тарбияланган. Мустақил равишда билим олиб, араб, форс, қадимги турк ва рус тилларини ўрганган.
Унинг шеърлари фалсафий тимсоллар, гўзал ташбеҳларга бой. У ажойиб шеърий асарлар билан бирга ахлоқий-маърифий, тарихий рисолалар ҳам ёзган. “Қозоқ онаси” шеърлар тўплами, “Қалмақан ва Мамир”, “Энлик ва Кўбек” каби асарлари, “Қозоқ шажараси” рисоласи халқ орасида машҳур бўлган.
Шокарим шарқ мумтоз адабиёти намуналарини ва А.Пушкин, Л.Толстой асарларини қозоқ тилига таржима қилган. Унинг ижоди қозоқ адабиёти ривожига катта ҳисса бўлиб қўшилди.

БЕЗАВОЛ АСКАР

Шоҳлар ўйида қирғин-дов,
Жанг учун шайлар аскарин.
Бир-бирин қириб беаёв,
Нақ ўққа йўллар ёшларин.

Дунё чарх уриб толмаган,
Ютмади не инсон бошларин.
Эл тугул ер қам қолмаган,
Айтмасанг қабр тошларин.

Менмасми асли чин подшоҳ,
Аскарим — ўлану сўзларим.
Улар-чи мудом кўр, гумроҳ,
Кўрмас узоқни кўзлари.

Зеро, бизнинг аскар ўларми,
Қоғозга мухр этилгач.
Зўр аскар бўлмай нима у,
Тўрт томон ишғол этилгач.

Ёвлар ҳар қанча урса-да,
Аскарим енгиб бўлмайди.
Дунё чарх уриб турса-да,
У қаримас ва ўлмайди.

Зеро сўзимга ажал йўқ,
Борган ерини қирмас ҳам.
Дунёда собит амал йўқ,
Борлари мангу турмас ҳам.

Олмам шоҳликни берсанг-да,
Ўлим-чи тортиб олади.
Мен бир кун кўзим юмсам-да,
Қалбим қоғозда қолади.

Ўқир насллар сўзимни,
Гоҳ завқланиб, гоҳ куларлар.
Кўрмаса-да нам кўзимни,
Зорланиб ўтганим биларлар.

* * *

Дўст сенга зор,
Душманинг хор,
Сен тилакка етган он.
Беадад бахт,
Олтиндан тахт —
Аямаса ўзни жон.

Чекинар ғам,
Қолмас алам —
Дил муродга етса гар.
Бироқ не наф —
Барин ташлаб
Қўлинг очиқ кетса гар.

Бу дунё қув,
Бир оқин сув,
Тушдик унга чўп бўлиб.
Кундан-кунга
Дил тўлар мунгга
Ташвишимиз кўп бўлиб.

Гоҳи тошга,
Гоҳ оғочга
Тўқинамиз уриниб.
Сувидан-да
Оғусидан-да
Қутуламиз суриниб.

Дунё — тошқин
Мавждек шошқин
Сингар ерга дам-бадам.
Тин билмай ҳеч
Эрта ё кеч
Бари шунда бўлар жам.

Ҳар кас бари
Фано сари
Йўл олгайдир бегумон.
Тунга иниб,
Мангу тиниб,
Шундагина тинчир жон.

* * *

Суйдим мен азалдан турк тилин,
Жамулжамдир унда бор билим.
Ўзлаштирдим сеҳрин ихлос-ла,
Мазмунга тўлди ҳар куним.

Ўрганишдан сира толдимми,
Шундан оқин бўлиб қолдимми!
Меҳр қўйдим ўрис тилига,
Бойитар энди у қалбимни.

Шогирдман Толстойга, тонмайман,
Ўқийман уни — ҳеч қонмайман.
Уни кофир деб атадинг сен,
Нафрат ўтида мен ёнмайман.

Толстой кофирмас, кофир — ўзинг,
Ёлғондир ваъзинг, ёлғон сўзинг.
Кўнгли сўқир нодонсан, феълинг каж,
Қандоқ пайқасин нурни кўзинг?

Кўнмам динни терс бурмоғига,
Тушмам ҳеч унинг қармоғига.
Рости, ундоқ минг касни
Олмайман Толстой тирноғига.

Ақлли-ла гап талашмагин,
Мунофиқ сўфига ёндашмагин.
Доно, оқ ният одамларнинг
Измин тут доим, адашмагин.

Мирпўлат Мирзо таржималари