Қанипа Буғибаева (1942-2004)

Қанипа Буғибаева (Қанипа Әбдірахманқызы Бұғыбаева) Толдиқўрғон вилояти, Оқсув туманида туғилган. 1983 йили Қозоғистон Давлат университетининг журналистика факультетини тамомлаган. Бир қанча шеърлари қозоқ шоирларининг рус тилида чоп этилган “Чудесньм сад” тўпламида эълон қилинган.
“Алаш” номидаги Халқаро адабий мукофот совриндори.
Унинг “Тўнғич китоб” (1963), “Иккинчи дафтар” (1965), “Оқ сут” (1968), “Қоратўрғай” (1970), “Она туя” (1973), “Она қўшиғи” (1974), “Қиздаврон” (1979), “Кўк булутлар” (1982), “Менинг овозим” (1984), “Гуллар кўзини очганда” (1985) сингари тўпламлари чоп этилган.

УМР КУЙИ

Онасиман – ўғилу қиз боланинг,
Шеър ёзишдан тўхтамас ҳеч қаламим.
Тинглаганим, тинимсиз умр куйи,
Бу куй эрур сурури кенг даланинг.

Илҳом берган шу далам, нечун тонгум!
Ҳар тонг туриб меҳрига дилдан қонгум!
Толе тилаб мен унга, зафар тилаб,
Юрагимнинг ўтида лов-лов ёнгум!

Айландик биз юксак бир эманга чин,
Нари бўлсин қалблардан адоват-кин.
Саҳардаги тошбулоқ мавжидайин
Гўдакларим кулгиси узилмасин!

* * *

Гулларимни кўкламга билдирайин, деб келдим,
Кўкламимни кўрмоққа улгурайин, деб келдим.
Туйғуларим гул очиб – гуркурайин, деб келдим,
Қарамасанг қайрилиб, жим турайин, деб келдим.

Дилдан ёниб суймасанг, ялинмайман, ёмон кўр.
Ёшлигимнинг гул чоғин фироқларда қилдим хўр.
Мунгин айтиб юракнинг ялинмайин, деб келдим,
Ўзинг борсан, ўзгани соғинмайин, деб келдим.

Куз келса-да, сурурин туйиб қолай кўкламнинг,
Менинг учун зиндонда бўлмоқ сенсиз ўтган кун.
Мен кўнглингнинг боғида гул терайин, деб келдим,
Кўзларингнинг тубида кун кўрайин, деб келдим.

Кўриб кўклам кўркини “уҳ”ламайин, деб келдим,
Ўзинг лов-лов ёнмасанг, пуфламайин, деб келдим.
Қўлимдаги гулимдан гул тутайин, деб келдим,
Орадаги гинани унутайин, деб келдим,
Кўй-чи барин, ўзингни бир кўрайин, деб келдим!..

ТУНГИ ЁМҒИР

Тунги ёмғир — мунгли ёмғир томчилар,
Томчилардан ошган қандай анчи* бор?
Деразамни чертиб турган саслари —
Менинг маъсум юрагимни қамчилар…

Эй сокин тун, оғушингни суйдим кўп,
Туйғуларнинг ёлқинида куйдим кўп.
Овлоқларда гўзаллари осмоннинг
Гул-ғунчалар ила рақсга тушар хўб.

Черт-чи тағин юрак торин, ёмғирим,
Фақат сенга ишонгайман қалб сирим,
Тун ёмғири эсга солар гоҳ масрур —
Тўрғайларнинг саси тўлган дашт-қирим…

Кўзи ёшли булут сочин тараб соз,
Теваракка шафақ берар заб пардоз.
Ёдлаб олиб тунги ёмғир қўшиғин,
Қушлар уни айтар тонгга такрор, боз…

Бунча қисқа шаън умрнинг эртаги,
(Йўқ, биламан, якунига эртадир!)
Ювиб-чайиб тун ёмғиркн саслари
Туйғуларим ойнакларин чертадир…
__________________
* Куйчи, қўшиқчи.

Мирпўлат Мирзо таржималари