Жаркен Бўдешов (1944)

Жаркен Бўдешов (Жаркен Бөдешев) Хитой Халқ Республикасининг Шинжон ўлкаси Тарбағатай аймоғига қарашли Тўлангит овулида деҳқон оиласида туғилган. 1969 йили отамакон Қозоғистонга келди ва 1974 — 1980 йиллари Қозоғистон Давлат университетининг журналистика факультетида таҳсил олди.
Илк шеърлари 1962 йилдан бошлаб “Шинжон газети”, “Или рўзномаси”, “Шинжон адабиёти ва санъати” каби қатор газета-журналларда чоп қилинган. Дастлабки шеърий туркумлари 1975 йилда “Жазуши” нашриёти ва “Кўклам жамоли” номли ёш шоирлар тўпламида чоп қилинган. 1976 — 1984 йилларда Қозоғистон Давлат китоб палатасида катта муҳаррир бўлиб ишлаган.
Унинг “Қўниш қуроқ” (1979), “Қўш қанот” (1982), “Осмон товуши” (1985), “Нурли бўёқлар” (1988), “Зеҳн” (1989), “Юлдузга ўрнини ой бермас” (1990) каби шеърий тўпламлари эълон қилинган.

ҚУШЛАР УЧИБ КЕЛГАНДА

Замин узра янгратар кўклам найин,
Бир фараҳга чулғанар борлиқ майин.
Учиб келар чайқалиб ғоз-турналар,
Биқинидан муз сиққан кемадайин.

Узоқ йўлдан келарлар тоғлар ошиб,
Ўз қадрдон ўлкасига меҳри тошиб,
Жўражон, аёз кунлар тамбаланган
Эшигу деразани қўй-чи очиб.

Суриб қўй пардани-да ушбу он сен,
Қушларнинг чуғурига юрак қонсин.
Чиройли қанотларнинг эпкинидан
Димиқиб кетган уйлар тозалансин.

Ёшликнинг оташлари ўхшар тушга,
Сурури чулғанади руҳга, ҳушга.
Сен тонгда чорлаб чиқ-чи болаларинг,
Айланиб кетсак зора биз ҳам қушга.

ОЛАКЎЛГА АЙТАР СЎЗ

Бўйингда босиб қалбим тафтларини
Кезганман суриб ўйлар авжларини.
Ундоқ сузиб, гоҳида бундоқ сузиб,
Упдим мен сувинг майин мавжларини.

Эсингга, Олакўлим, олгин такрор,
Мен сенинг боланг эдим шўхлиги бор.
Қирғоқда қармоқ ташлаб ўлтирардим,
Шомларинг шафағига боқиб хумор.

Сархушман ёдга олиб энди барин
(Алвон уфқ нафаслари бирам сарин).
Ўйнашар эди сенда юлдузлар-ла
Кумуш тўш ёқут кўзли балиқларинг.

Гар бутун бўлса эди менда толе,
Кезарми эдим сенда ёлғиз қолиб.
Ойдин тун чағалайинг маъсум ойни
Ўйнарди қанотига илиб олиб.

Эпкинин йўллаганда тоғлар мағрур,
Бағрингга тўлар эди оҳанглар ҳур.
Бамисли лочиндайин — адил учган,
Қўзғалган тўлқинингдан эдим масрур.

Қалбимни илҳом мавжи чулғаган дам,
Шу мавжга ўхшаб кетгум гоҳ ўзим ҳам.
Хаёлчан ўтирганим соҳилингда —
Ўтди-ку болалигим кўз ўнгимдан.

* * *

Тарғил тошни туёғи-ла тарашлаб,
Тоғ оҳуси тик сўқмоқлар ясар заб.

Хавф-хатарга кўкрагини тутиб, ҳа,
Чиқиб борар нақ чақмоқли булутга.

Қўрқмай дара, қоялардан сакрар у,
Қандай юксак,
Қандай қийин
Шаҳддир бу!

Бу йўлларда аччиқ теринг томчилар.
“Архар йўли” дейди буни овчилар.

Пойимгамас, чирмашгандек бўйимга,
Юрар ҳаргиз бу сўқмоқлар ўйимда.

Кимга керак яшаб, умр сурмоғим.
Бўлмаса агар менинг ўз сўқмоғим!

Мирпўлат Мирзо таржималари