Халқнинг севимли шоири, моҳир сўз устаси, улуғ оқин Жамбул (Жамбыл Жабайұлы) Авлиёота вилоятидаги Қоратов этакларида дунёга келган. У халқ оғзаки ижодиёти намуналарини болалигидан севиб ўрганди ва қозоқ халқи орасида айтишув санъатининг етакчиси сифатида шуҳрат қозонди.
Шоирнинг ижоди муносиб тақдирланди. У кўплаб мукофотлар ва нишонлар, совринлар олишга сазовор бўлди.
Оқин Жамбулнинг шоирлик қудрати, салоҳияти халқона оҳангларда айтилган ўйноқи мисраларда, сўз санъатининг нозик товланишлари акс этиб турган қуйма терма ва тўлғовларда ёрқин ифодаланган. Халқининг эзгу умид-орзулари, қувонч ва ташвишлари санъаткорона тасвирланган Жамбул асарлари ҳамиша севиб ўқилади.
ОЛАТОВ
Тизилган тоғлари бор Жетгисувнинг,
Дов-дарахт ўсар унда турфа, минг-минг.
Шу юксак қоялардан қайнаб-тошар,
Кўрасан томошасин оққан сувнинг.
Бу гўзал тоғлар кимни мафтун этмас?
Куйлашга бийрон тил ҳам кучи етмас.
Ўригу олма, олмурут, мевалар кўп,
Бир тотсанг оғзингдан ҳеч таъми кетмас.
Сузади оқ булутлар — осмон мулки,
Ўрганар оқ чўққилар осмонликни.
Турли жон-жониворлар яшар бунда,
Тилайди бир-бирига омонликни.
Арслон, айиқ, қашқир, тулки ва бўрсиқ,
Силовсину йўлбарслар юрар йўртиб.
Қайнаган оқ булоқлар мавжларида
Ўйнайди кумуш балиқ сакраб-шўрчиб.
Бу ернинг кенгликлари кафтдек эмиш,
Деҳқонлар адирларга буғдой экмиш;
Бу юртда макон тутиб заҳмат чеккан
Эл учун етказарлар ризқ-рўз, емиш.
Олатов Жеттисув-ла қучоқлашган
Элига дур-гавҳарли қўйнин очган.
Бағрингда Олматадай зўр шаҳрим бор,
Бовурдош — ўрис, қозоқ ўртоқлашган.
Яйлов бор бу ерларда — ётар чалқиб,
Кўк майса адир-қири — турар балқиб,
Қизиғин кўк яйловнинг кўрай десанг,
Майсага ётиб олиб, унда қалқи.
БОЛАЛАРГА
Болалар, омонмисиз, чироқларим,
Кўлдаги қамиш каби ўйноқларим!
Ошса гар бир ҳафтадан, туролмайман —
Забтига олар соғинч қийноқлари.
Бобонгиз келди сизга меҳмон бўлиб,
Қадди дол, боқманг унга ҳайрон бўлиб.
Унинг хўб бу дунёга меҳри қонган,
Ёшликдан айтган ўлан ўйнаб-кулиб.
Биламан, ўсажаксиз сиз ҳам яйраб,
Чаману боғчаларда қушдек сайраб.
Фақат сиз бир нарсани унутмангиз,
Улғайинг — юртингизни машҳур айлаб!
САРИБОЙГА
Сариаке, сўзим изҳор қилдим сизга,
Сиз айтган гап олий мезон бўлган бизга.
Қўлга олиб дўмбирамни — талаб қилдим,
Берасиз қандай баҳо улингизга?
Ёмоннинг кўнгли кўқда, баланд саси,
Учириб юборгудай шабадаси.
Яхшининг ўзи кичик, ўйи бийик,
Бирдайми иккисининг мартабаси?
Бировлар текин ошга бўкмоқ истар,
Инсофга чақирганни сўкмоқ истар.
Кўтариб бу дунёнинг гўнг-қўқирин,
Обориб қай чуқурга тўкмоқ истар?
Бировлар қаршисида пайдо тоғлар,
Ҳар лаҳза хушомадга ўзин чоғлар.
Бировлар орзусига етолмас ҳеч,
Билмайди — оёқ-қўлин нима боғлар?
Қай биров оқ булутда қаср қурар,
Кўкдаги ой менга деб довлаб юрар.
Бировлар қуруқ сўздан қамчи ясаб,
Оққув миниб, қулонни овлаб юрар.
Мени шулар қай бирига эп кўрасиз?
Ўзимга ўзим десам ўпкаларсиз.
Суйекем* суйганини ўйласангиз,
Ўлан бўлсин шеригинг, деб берасиз.
_______________
* Cуюнбой оқин – Жамбулнинг устози.
Мирпўлат Мирзо таржималари