Иран Ғайиб – Иранбек Абитай ўғли Ўразбаев (Иран-Ғайып Әбітайулы) 1947 йил Қизилўрда вилояти Сирдарё туманида туғилган. Шоир, достоннавис. Политехника институтининг Тоғ-кон факультетини тамомлаган, Москвадаги Олий адабиёт курсларида ўқиган.
«Қўрқитнинг қабри» китоби учун Қозоғистон Давлат мукофотига сазовор бўлган.
САККИЗЛИКЛАР
Аттанг-ай!
Барин кеч билдим, –
Сеҳр таратган созмидинг?
Шеъридай ўтли Пушкиннинг,
Ифорлар сочган ёзмидинг?
Яширган қайғу-ноласин,
Улоқдай учрадинг, ў, қандай!
Ётсиниб, ҳуркиб қарашинг, –
Дантеснинг отган ўқиндай!
* * *
Энди, қалқам, йўқ одамсан мен учун,
Мен ҳам йўқман, бахтинг-тахтинг келишсин.
Бир тупроқдан яралганмиз иккимиз,
Топишдик-у, тополмадик бахт учин.
“Меникисан…”, “Сеникиман…” дедик чин,
Изимизда нелар қолган, ўйлагин.
Йўқ дулдулга миниб олган юрагим,
Кўп зорланмай, юпат деб ҳам сўрагин.
* * *
Ўтган умрим – кўрган туш,
Ўтди, кўрдим, бас қилдим.
Тушдагилар ўнгми деб,
Ўтган кунга тикилдим.
Ўтган кунлар – ўкинч,
Келётган кун – ажойиб.
Ўкинчлар кўпаймоқда,
Ажойиблар озайиб.
* * *
Ўлмаслик-чун курашаман ўла-ўлгунча,
Қани ким бор кураша олса худди менча.
Эмланаман, эмлайман жон ярасин,
То бўйнимга вақт қуруқ илмагунча.
Мен умр сургим келмас ўлмоқ учун,
Ибрат бўлиб қолсин, майли, менинг ишим.
Сутдан оқ, қордан оппоқ бўлмоғим шарт
Қора ернинг остига кирмоқ учун.
* * *
Келмоқ учун кетмоқ керак, дединг сен,
Қадримга ҳам етмоқ керак, дединг сен.
Йўлин топиб, қилов солмай кўнгилга,
Қилкўприкдан ўтмоқ керак, дединг сен.
Кўп гапларни айтмоқчийдинг, тўсилдинг,
Чорасизда чиққанин кўр эсимнинг.
Тақдир муҳри пешонамга босилди,
Тақдир муҳри – қора холи кўксингнинг.
Музаффар Аҳмад таржимаси