Ғали Ўрмонов (1907-1978)

Ғали Ўрмонов (Ғали Орманов) Толдиқўрғон вилоятининг Қапал туманидаги “Эчки ўлмас” манзилида дунёга келган. Эски мактабда савод чиқарган. 20-йилларда газеталарда мухбир бўлиб ишлаган. Дастлабки шеърлари 1928 йилдан матбуотда эълон қилина бошлаган. Унинг қозоқ шеъриятини янги образлар ва услубий изланишлар билан бойитган кўплаб шеър ва достонлари босилиб чиқиб, халқ орасида шуҳрат қозонган.
Адабиёт соҳасидаги хизматлари учун кўплаб орден ва нишонлар, фахрий ёрлиқлар билан мукофотланган.
“Умр достони” (1948), “Гўдак юраги” (1949), “Сафарда” (1957), “Йиллар қўшиги” (1976) китобларида унинг асосий асарлари жамланган.
XX аср қозоқ шеъриятида ўзига хос овозга эга бўлган лирик шоир сифатида шуҳрат қозонган Ғали Ўрмоновнинг кўплаб шеърлари халқ қўшиқларига айланиб кетган.

ЯНГИЕР ГУЛЛАРИ

Бизга ёшлар гул тутди,
Бу лаҳзалар яйрар жон.
Ажиб гул эди улар —
Қирларда урган жавлон.

Мактабию боғи ҳам
Бир кунда яралгандай.
Бу ерда хуш садолар
Жаннатдан таралгандай.

Дилдан тошди ҳисларим
Боқиб жажжи сафларга.
Вақти келиб бирма-бир
Туширгайман дафтарга.

Нақ қўшиқцир Янгиер —
Узоқ яшар қалбимда.
Гул сингари болалар
Турибди кўз олдимда.

ДЎСТ МАДҲИЯСИ

Томирдош, биз азалий дўст эканмиз,
Бу боққа нени эксак, қўш экканмиз.
Шу туйғуни улуғламай, куйга солмай,
Дейман, нега шўнча маҳал бўш ўтганмиз?

Жонимиз бир-бирига жондош экан,
Элимиз бир-бнрига ёндош экан.
Толею қисматимиз бирлигини
Жаҳонга уқтирмаймиз бизлар недан?

Кўрмадик нега бурун Самарқандни?
Келмадик Зарафшонга нега қамти?
Ўзбекча соз-ла Уйғун, Ғафур Ғулом
Куйламаган нега менинг Сариорқамни?

Нима кўрар уйидан чиқмас инсон?
Унга дунё туюлар тор бир макон.
Олатовнинг адирин чўққи дейди,
Ўз ёғига қоврилиб ётар гирён.

Кўп экан бу борада менда айб,
Қўяман ўз-ўзимни гоҳо койиб.
Ўзбекнинг кўп китобин ўқигандай
Юртимга қайтдим ўлан-шеърга бойиб.

Тоғлари тоғларимдай — боқмай қаён,
Булоқлар дил сўзимни айлар баён.
Тош қопқа ёнбошида улуғ Темур
Уфққа термулганин туйдим аён.

Қўркамдир Омонқўтон, Етимтов ҳам,
Ўрамиш оппоқ салла булутлардан.
Кўрдим мен чўлга шошган каналларни,
Ўйноқи суви эди мисли зардан.

Шундоқдир, элларимиз чўнг ўлкаси —
Бамисли бир дарахтнинг кўланкаси.
Биз унинг соясида созлар чертсак,
Ким бўлар — биз бўлмайин юрт эркаси?

Мирпўлат Мирзо таржималари