Набийра Торешова (1953)

1953 йилда туғилган. Қорақалпоғистон халқ шоири. Нукус Давлат педагогика институтининг филология факультетида ўқиган. Шоиранинг “Ёшлигим менинг”, “Уч овоз қўшиғи”, “Паризод”, “Азизим” сингари шеърий тўпламлари ҳамда пьеса ва қиссалардан иборат қатор китоблари чоп этилган.
Набийра Торешова айни пайтда, “Амударё” журнали Бош муҳаррири ўринбосари лавозимида ишламоқда.

ЎЗЛИГИМИЗ

Дунёда миллат кўп, дунёда халқ кўп,
Бари – одам ўғли, лекин фарқи кўп.
Ўзлик амали ёр, феълли, залворли,
Ўзлик келбати бор, номусли, орли.

Ҳар бир хонадоннинг тутими ўзга,
Либоси, безаги, ер, қуми ўзга.
Ён қўшнинг – жон қўшнинг, дейишар бизга,
Ҳар бирининг меҳмон кутуми ўзга.

Баримиз – илдизи бир туркий авлод,
Ҳар биримиз туздик бир макон обод.
Ота мерос ғурур, шаънимиз бирдир,
Тўлиб-тошган ўзлик – қалбларда нурдир.

Қорақалпоқ қалпоғидан бўйлашиб,
Кўҳна йўллар кечаётиб сўйлашиб,
Минг йилликлар ўтаётир сийлашиб,
Қадим-қадим томирларни ийлашиб.

Оролбўйин ота макон айлаган,
Иссиқ қони юракларда қайнаган.
Ўз уйини қушлар ташлаб кетмади,
Боболарим кўзим ёшлаб кетмади.

Бироқ, кетган қайтди тупроққа яна,
Аждодлар чорлаган қучоққа яна.
Ўзга юртда тополмади чин макон,
Тополмади бундай ҳаво, бу осмон.

Бу маконга тинчлик уруғин сочиб,
Элбошилар элим, дея йўл очиб,
Шу йўл тортиб, етиб келдик ҳурликка,
Нима етсин бу жаҳонда бирликка?!.

Халқим, ёруғ, тўкис, тўлин ойларинг,
Сенинг билан эзгу ишга бойландим.
Тенглигимиз дунё тургунича, бил,
Қорақалпоқ отли олтин заркокил!

УСТОЗ ЗУЛФИЯГА

Одамзод макони шу она ердан,
Гуллоласи каби яралдинг нурдан,
Кўнгилларга ёруғ ҳис солиб сирдан,
Юлдузли осмонда жавлон урган қиз.

Кўп экан дунёнинг ғалаёнлари,
Гоҳ оғули, гоҳо ширин онлари,
Битаверса, қани, дил армонлари,
Бариси қалбида йиғлаб турган қиз.

Баҳор гуллаганда ишқ ёлқинида,
Ёрдан айро тушиб, қора тошқинда,
Юраги ўртаниб, кун ила тунда
Олимжонни ёдлаб, қўшиқ ёзган қиз.

Икки қўлда, икки фарзанд етаклаб,
Яна халққа куйлар тўкдинг этаклаб,
Ёр ихлосин юрагингга мададлаб,
Садоқатнинг сувратини чизган қиз.

Неки оғир юклар ортингда энди,
Бахт – иқбол юлдузи ярқираб ёнди,
Ватанини суюб, ҳар дам суюнди,
Эл меҳрини ич-ичидан сезган қиз.

Барча оналарнинг онаси каби,
Муҳаббат гултожи, донаси каби,
Қўшиқ дунёсининг лоласи каби
Зулфия исмли давру даврон қиз.

* * *

Меҳрда ҳам ноз қалқир
Кўзингнинг қийиғида.
Юзларингда ёз қалқир
Нур ўйнаб мийиғингда.

Созга бердинг куч ва ҳис
Сўйлаттирмоқ ишқида.
Юзга бердинг тоза тус
Сир олмоқлик машқида.

Сабрларинг ситарман
Кимлигимни билдириб.
Қармоғингга кетарман
Нақ тилингдан илдириб.

ЯХШИ СЎЗ

“Яхши сўз – жон озиғи”, –
Кўнгилларнинг ёзиғи.
Ҳеч кимсани кўздан қочирмай
Банд этарлик қозиғи.

“Яхши”, деса қизингни,
Юзинг яшнайди гул-гул.
Ардоқласа қўшнингни
Дилдан дард арир буткул.

“Яхши”, деса ўғлингни,
Бўлкиллайди бовуринг.
Елкангдаги юкларнинг
Билинмайди оғири.

“Яхши”, деса ёрингни,
Бутун олам гуллайди.
Аямайсан борингни,
Севинчларинг селлайди.

“Яхши”, деса ишингни,
Яна тошиб кетасан.
Чарчоқ нима сезмасдан
Манзилингга етасан.

Яхши сўз – жон қуввати,
Юрагингни тоштирар.
Яхшилик – қўш қанотли,
Дунёга гул очдирар.

Қорақалпоқ тилидан Ойгул Суюндиқова таржимаси.

АЗИЗИМ

Туркум

* * *

Умр фасли ҳам қиёмдан ўтди,
Олдда турар қўл етгудай ер.
Тош, темирни емирган вақт ҳам
Бизнинг умримизни емирар.

Хизмат этдик яхшилик учун,
Биз тиладик тоза юракни.
Ҳам учирдик ҳалоллик қушин,
Ёзиб унга орзу-тилакни.

Ҳали олдда кўпдир ишимиз,
Кутаётир юкнинг ярмиси.
Битириш шарт сарфлаб кучимиз,
Сабаб – зарур халқнинг олқиши…
Азизим!

* * *

Яхши кетиб борадир,
Ёмон кетиб борадир.
Ёлғон дунё – бепоён,
Толган кетиб борадир.

Кимлар етди манзилга,
Кимлар йўлда йиқилди.
Умр деган ҳазилми:
Ким уқмади, ким уқди?

Эс-ақлли бутунни
Меҳнат ила сийлади.
Чалаларга дўқ қилиб,
Пишмагунча қийнади.

Дунё мунис онадир,
Тақдир синчи отамиз.
Фаросатинг панадир,
Уйсизлиғинг хато иш.

Ардоқлайлик дунёни,
Қадрлайлик умрни.
Яхшиликлар макони –
Жам қилолсак кўнгилни…
Азизим!

* * *

Бу дунёда керак эмас одам йўқ,
Бу дунёда тушуниксиз замон йўқ,
Лек, бандасин, тушунгудай чаман йўқ,
Сабаб, дунё ранги алвон-алвондир.

Мақсадсиз яратмас битта дарахтни,
Яратганнинг жуда ҳазили қаттиқ,
Бир куннинг ярми – булут, ярми – ёқти,
Сен – қиличсан, улар эса полвондир.

Бекорга куясан, бекорга ёниб,
Қийин кечмишингдан нолиб туйиниб,
Кўрсанг ақл билан агар ўйланиб,
Шу қийин кунларинг сенга дармондир.

Хом сут эмган банда, хомлик этарсан,
Жаҳонга сиғмас манманлик этарсан,
Тор ерларга сиғмай торлик этарсан,
Оқибат барчага меҳнат армондир.

Сен ундан ранжима, зиён этди деб,
Кўп йилларим хорлик билан ўтди деб,
Йўқотганингдан ҳам топганларинг кўп,
Иш одамдан, бир Оллоҳдан фармондир.

У ҳам ёзмишининг буйруғин қилар,
Йўлларда шайтоннинг ўйинин қурар,
Тақдир эганг сени ўшандоқ синар,
Уни ғаним деган ўйинг ёлғондир.

Бор ишин тушунмоқ қийин фалакнинг,
Сен ҳам билай деган бири ҳалакнинг,
“Дунё беҳишт бўлса…” деб таъма этдинг,
Аввал-охир дунё шундай қолғондир…
Азизим!

* * *

Тақдир йўлим хўб сабоқли,
Ғариб қалбим минг қуроқли,
Собит дилимда сабоқли
Ширин жоним тошдан экан.

Ҳар қадамда минг бир сўроқ
Бошга қордай ёғар ҳар чоқ,
Жавоб берай десам, бироқ
Изоҳлари достон экан.

Саволларга жавоб излаб,
Ҳаққа тўғри йўлни кўзлаб,
Юрайин Ҳақ сўзни сўзлаб,
Насибамга сочган экан…
Азизим!

* * *

Қайғумни ҳеч билмас дема,
Кўриб кўзга илмас дема,
Гирдобларга тушса кема
Қайғу атанни чўктираркан.

Ишлаганинг эл хизмати,
Сенга кўп иззат-ҳурмати,
Яхшининг келса кулфати –
Умр синовдан ўтказаркан.

Тўнтарса тақдир қайиғинг,
Кимга қўярсан айибинг,
Қани қадим Эдил – Ёйиғинг,
Ҳақ ҳукмини битказаркан?!.

Кўрганимиз, кўраримиз,
Билганимиз, биларимиз,
Ойдин бўлса бораримиз,
Манзилга ҳам етказаркан…
Азизим!

* * *

Синовнинг каттаси олдинда экан,
Оғзимга боқади минг-минглаб кўзлар.
Бироқ, сен қисинма азизим, эркам,
Хомак сўзни айтиб кўрмадик бизлар.

Кузатган кўзларга, нурларим бериб,
Умр гузарларин ойдин этарман.
Тақдирнинг бебаҳо дурларин териб,
Сенинг ҳаётингни безаб кетарман…
Азизим!

Қорақалпоқ тилидан Музаффар Аҳмад таржимаси