Қорақалпоқ халқининг шоири Ажиниёз Қусибой ўғли 1824 йилда Мўйноқ туманида туғилиб, 1878 йилда вафот этган. Улуғ шоирнинг шеърий китоблари 1960, 1965, 1975, 1988, 1994 йилларда (“Ажиниёз, Танланган асарлар” номи билан) бир неча марта қорақалпоқ тилида нашр этилган. Бу йил Ажиниёз таваллудининг 190 йиллиги адабий жамоатчилик томонидан кенг нишонланмоқда.
ЭЛЛАРИМ БОРДИР
Сўрасанг элимни, Қожбан*, бизлардан,
Қалпоғи қозондай элларим бордир.
Хато чиқса, кечиринглар сўзлардан,
Хитой, қўнғирот отли элларим бордир.
Яйловим кенг, Урганч, шимоли – денгиз,
Яғрини қопқоқдай моллари семиз,
Рухсатсиз бирон-бир ерга босмас из,
Бириккан қўнғирот элларим бордир.
Не изласанг, топилади кераги,
Кўлида бор қашқалдоғи, ўрдаги,
Қувлари, ғозларин бутун юраги,
Жонворларга макон кўлларим бордир.
Ёлғон сўзни ишонтириб айтмаган,
Тўғри йўлдан бош кетса ҳам қайтмаган,
Номаҳрамни сира йўлдош тутмаган,
Номи қорақалпоқ элларим бордир.
Сўйлаганда бол айлайди сўзингни,
Кўрганингда лол айлайди ўзингни,
Навбаҳори тўйдиради кўзингни,
Лайли, Зулайҳодай қизлари бордир.
Отга минган очамайли-қиётда,
Қўлдовли-мийтану бор қўнғиротда,
Хитой, қипчоқ, кенагасу манғитда
От кўтармас белли беклари бордир.
Гудари белбоғи тиззага тушган,
Бўйи оқ теракни оралаб ўсган,
Ғаним кўрса қайнаб, дарёдай тошган
Қўнғиротнинг орли полвони бордир.
Ёдга тушса, кўнглим тоғ каби ўсган,
Кўзим кўрмагунча кўкайим кесган,
Йилда мева тугиб, уч бора пишган
Оти сутилмакдай емишим бордир.
Сарҳовуз бўйида сояли терак,
Тилни тарс ёргувчи полизу палак,
Қирларда қизариб пишади гурвак,
Қовундай мазали таомим бордир.
Мол эгасин топар, сўз топса вафо,
Гиёҳида шифо, қушида сафо,
Денгиз этагида ҳаво мусаффо,
Буларнинг барчаси элимда бордир.
Жилва айлаб ҳар не борин соз этган,
Йигитларнинг кўнглин баҳор-ёз этган,
Қошин кериб, ишва билан ноз этган,
Боғларнинг ичинда қизлари бордир.
Бу ерда юрибман, юрагим ўртар,
Эл-юртни кўрмаган жабрини тортар,
Юрагимда ғаму ҳасратим ортар,
Айтсам адо бўлмас дардларим бордир.
Насиб айлаб сизнинг элларга келган,
Ким яхши, ким ёмон фарқини билган,
Ҳар не борин сизга баён айлаган
Қалпоқнинг камина Зевари бордир.
* Қожбан – шахс номи.
БЎЛУР
Қоратоғнинг баланд боши
Қорли бўлур, қорсиз бўлур.
Бир эр йигит ёт элларда
Молли бўлур, молсиз бўлур.
Баҳор ўтиб, келса ёзлар,
Солланишар сарвинозлар,
“Қув-қув”лаган оққуш-ғозлар
Кўлли бўлур, кўлсиз бўлур.
Хоразмда қолди жойлар,
Чекар бўлдим оҳу войлар,
Тоғ бошидан оққан сойлар
Селли бўлур, селсиз бўлур.
Карвонлар кечар чўлларда,
Суқсурлар учар кўлларда,
Бир эр йигит ёт элларда
Тилли бўлур, тилсиз бўлур.
Ёт элларда эр йигитлар
Юрагига солур дардлар,
Бўйни гажак тулпор отлар
Ёлли бўлур, ёлсиз бўлур.
Кимга айтай арзи ҳолим,
Кўнгилда кўп қийлу қолим,
Ўтган умр – заҳру болим
Тотли бўлур, тотсиз бўлур.
Ғариб Зевар ҳар кун йиғлар,
Юрагимда кўпдир доғлар,
Ранг-баранг очилган боғлар
Гулли бўлур, гулсиз бўлур.
Қорақалпоқ тилидан Рустам Мусурмон таржимаси