Турғунали Мўлдабоев (Тургуналы Молдобаев) 1934 йили Ўш вилоятида туғилган. Қирғиз давлат университетининг филология факультетини тамомлаган (1957). СССР Ёзувчилар уюшмаси аъзоси (1966).
Илк шеърий тўплами “Яйлов” номи билан 1962 йили чоп этилган. 10 дан ортиқ китоблари чоп этилган. У қозоқ, ўзбек, қорақалпоқ, бошқирд, ёқут шоирлари шеърларини қирғизчага ўгирган.
ОВУЛНИ СОҒИНГАНДА
Ўйлансам… овулимдан олис кетиб,
Хаёлим чулғар ноёб оқ тонглари.
Йўлининг ҳатто чанги кўздан ўтиб,
Янграйди соғинчимнинг оҳанглари.
Кўраман ухлаб ётган гўдак кулар,
Хўрозлар қичқиришар боз уйғониб.
Кексалар янги тонгга таъзим қилар,
Умидвор кўзларида меҳри ёниб.
Шарқ кўки оқ шуъладан кияр кўйлак,
Сўнар аста юлдузлари коинотнинг
Келинчак сигир соғар аста куйлаб,
Ҳаводан ҳиди келар оппоқ сутнинг…
Йилқибоқар қир ошади бўз отида,
Боғларда не-не қушнинг саловати,
Ўйчан ётган далаю тоғ бисотида
Янги куннинг янги бир салобати.
Овулим соғинчларга мени қўйиб
Сувратин кўз олдимда аён этар.
Гар ўзим етмасам ҳам етар ўйим
Ва… эласи қон-қонимга сингиб кетар!..
Усмон Темур таржимаси