Тўлаган Мамеев (1938)

Тўлаган Мамеев (Төлөгөн Мамеев) 1938 йил 12 майда Қирғизистоннинг Кара-кулжа туманида туғилган. Ўш педагогика институтини тамомлаган (1955). «Коммунизм үчүн», «Октябрь Туусу», «Ленинчил жаш», «Кыргызстан маданияты», «Мурас», «Мээнет» нашрларида ишлаган.

Илк шеърий китоби “Ажойиб дунё” номи билан 1975 йили чоп этилган. Тўлаган Мамеев С.Есенин, М.Ю.Лермонтов, Г.Лорка, Абай шеърларидан қирғизчага таржималар қилган. Унинг шеърлари рус, қозоқ, ўзбек, олтой тилларига таржима қилинган.

ХАЙРЛАШУВ
(Манзара)

Ботаётган қуёшга боқиб,
Қирда турар кекса бир одам.
Агар ортга сал юрса борми,
Тубсиз жарлик-ўпқон бир қадам.

Кўз узмайди жануб тарафдан,
Кунга қараб қотган шамдайин.
Қимир этмас, буёғи асли –
Яратганнинг ўзига тайин.

Қуёш ботди, бироз ўтмасдан,
Бўз адирнинг ортига – пастга
Қирдан ошиб ўтди бобо ҳам
Ўнг қўлида ирғайли ҳасса.

Адир томон келдим эртаси,
Терак бўйи қуёш ораси.
Офтоб ботди одатдагидай,
Кўринмади чолнинг қораси.

“Ёлғон дунё” ташвишин бобо,
Улоқтириб елкадан, бошдан.
Қуёш билан қирда хўшлашиб,
Чамамда у узлатга шошган…


ҲАВАС

Оппоқ қирли қояларнинг ичида
Тоғ чўққиси ўта баланд, энг буюк.
Макон қурган булутлардан юксакда,
Бургут, бургут барчасидан Сен буюк.

Қанотингда борми бирор хосият,
Қуш зотига ҳатто бошинг эгмайсан.
Қарға, қузғун тирноғингга арзимас.
Меъданг тўқдир, ўлимтикка тегмайсан.

Жўриманлар сарқит учун жон берар,
Чиябўри зор ғажилган иликка.
Сен чарх уриб зовдан-зовга ўтасан,
Чангалларинг мослашгандир кийикка.

Ҳазар қилиб қузғунларнинг ишидан,
Қанотингни дадил, эркин ёзасан.
Ўнғай ўлжа изламайсан ҳеч қачон,
Покдомонсан, покизасан, тозасан.

Бургут, бургут бу оламда Сен буюк
Сендан баланд қоялару осқалар*.
Юксакликда қани Сенга ўхшаса,
Ота юртнинг йигитлари, бошқалар.

____________
* О с қ а – чўққи.

ХАЧИРГА АЙЛАНГАН КУЛУК*

Бир йилқичи ўз касбини
Назарига илмас эди.
Ғунон кулук  туғса ҳамки,
Фарқини ҳеч билмас эди.
Айирмай отни хачирдан,
Эътибор бермай кўпига,
Эҳ, аттанг, ўша қулунни,
Қўшди хачирлар тўпига.
Улар билан бирга яшаб,
Ғунон ҳам етди асийга**.
Ниҳоят нўхта урилди –
Мослашган асли хачирга.
Уловдай қорни қаппайди,
Ўрганди сомон егани.
Майрилиб учқур туёғи
Унутди тақа деганни.
Ранг-туси тамом ўзгариб,
Юриши ғалат-беланги.
Хачирлар кулга ётишса,
У ҳам чангга беланди.
Қуйруқлари тулаб кетган,
Наинки кўркам ёли бор.
Айланиб қолди хачирга,
Насаби зотли жонивор…

____________
* К у л у к – чопқир.
** А с и й – вояга етди.


ТУЗ СОТГАН КЕЛИН

Аста юриб, ўқтин-ўқтин йўталиб,
Ёш келинчак бир халта туз кўтариб.
–Туз олинглар, Шамшикўлнинг тузи, – деб
Маҳалладан ҳар кун тонгда ўтади.

Эри эса кўрпасини йиғмасдан,
Бошин ушлар кўча-кўйга сиғмасдан.
“Юз-юз отар” йўлакдаги дўкондан,
Бу оламда не бўлганин уқмасдан.

Келин эслар овулдаги боласин,
Қайнотаси қарайди кўз қорасин.
Бечоранинг кўкраклари зирқираб,
Яширинча артар ёшин-жоласин.

Набиралар чол ортидан эрчишар,
Етим қолган чумчуқдайин телчишар*.
Кўз ўнгидан ўтар ўғли, келини,
Улар эса қўними йўқ, тентишар.

Наҳот, олам ғирт ташвишдан иборат?
Ҳувиллайди беш хонали иморат…
Набиралар суянчиғи – мадори,
Инсоф тилаб, бобо қилар ибодат.

__________
* Т е л ч и ш а р – насибасин ейди.

Қирғиз тилидан Турсунбой Адашбоев таржималари