Тўхтағул Сотилғанов (1864-1933)

Қирғиз халқининг улуғ оқини ва бастакори Тўхтағул Сотилған ўғли (Токтогул Сатылганов) 1864 йилда дунёга келди. Ёшлик чоғларидан бошлаб қўбиз чертиб, халқ қўшиқ ва достонларини айтишни машқ қилган Тўхтағул секин-аста ўзи ҳам жир айтадиган, оригинал куйлар басталайдиган бўлди.
Халқпарварлик фаолияти учун Тўхтағул туҳмат билан қамоққа олиниб, Сибирга сургун қилинди. Олти йилдан кейингина Круго — Бойқол темир йўли қурилишига ишга юборилди. У рус муҳожирлари ёрдамида сургундан қочиб, кўп дарбадарликдан сўнг, 1910 йилда ўз юртига қайтиб келди. Бироқ яна қамоққа олинди. Бу сафар уни юртдошлари кафилга оладилар.
Тўхтағул Сибирда ўз бошидан кечирган мудҳиш воқеаларни «Тутқуннинг жири», «Қувғинда», «Эшмамбет билан учрашув» жирларида жуда яхши тасвирлаб берди.
Уста санъаткор янги мазмунни ифодаловчи янги шеърий формалар яратди. Шунинг учун унинг ижоди қирғиз прогрессив адабиёти тараққиётида чуқур из қолдирди.
Тўхгағул Сотилғанов 1933 йилда вафот этди. 1964 йилда Тўхтағулнинг «Соғиниб келдим» тўплами ўзбек. тилида босилиб чиқди.

ЯРАШАР

Тасир-тусир чоптириб,
Тулпор минсанг ярашар.
Дилларни қувонтириб,
Асилни кийсанг ярашар.
Баҳорда бўлиқ адирдан
Ҳайдасанг мол ярашар.
Топилса, жўмард йигитга
Кўзгудай ёр ярашар.

Чақиндай отни ўйнатиб,
Юракни қушдай сўйлатиб,
Ярашимли кийиниб,
Қўшиққа созлаб тилингни,
Зангори ипак кўйлакли,
Сулувни боссанг бағрингга,
Ёшлигинг ҳам ярашар.

Меҳнат қилиб ёшликдан,
Элга ёқсанг ярашар.
Ошиқ-маъшуқ чирмашиб,
Эркалашсанг ярашар.
Ёринг билан сўйлашиб,
Тенг ухласанг ярашар.
Эл йиғилиб келганда,
Мен куйласам ярашар.

Сўлқилдоқ қиз-келинга
Ипак-шойи ярашар.
Чол-кампирга қанти бор
Памилчойинг ярашар.
Эрмак учун болаларга
Қўғирчоқ той ярашар.

Ажалингдан аввал ҳеч
Ўлмаганинг ярашар.
Олганинг яхши ёр бўлиб,
Қучоқлашиб ухласанг,
Оқ ойдин тун ярашар.

ЎЙНАМА

Кувнинг бошин ўйнама,
Йигит бўлсанг, йигит бўл,
Ҳеч нарсани ўйлама,
Кувнинг бошин ўйнама,
Деб кўпларга сўйлайман.
Йўлни қўйиб, дўнгни бос,
Дўнгни қўйиб, йўлни бос,
Тенг-тўшингга қўшилиб,
Ўйнаб-ўйнаб кўнгил ёз.
Кампир билан чол ётар,
Уруш билан тонг отар,
Куёв билан қиз ётар,
Кулгу билан тонг отар,
Уйғотса ҳам уларни
Фақат ёшлик уйғотар.
Отинг дулдул бўлсаям,
Тўй ошидан кеч қолсанг,
Дулдуллиги не фойда?
Олганинг сулув бўлсаям,
Ҳадеб бетга чанг солса,
Сулувлиги не фойда?
Қарағайнинг шохини
Қайирмагин, не фойда?
Ўлиб кетсанг, хотининг
Ариллайди, не фойда?
Кесилган терак қуласа,
Кесинди қолур, не фойда?
Келининг, ўлсанг, бошингда
Айҳаннос солур, не фойда?
Камзулинг мўйна бўлмаса,
Тўн-чопондан не фойда?
Чопқир от минган кунда маст,
Кўпган бўйдоқ тунда маст,
Сўзамол одам тўпда маст,
Йўрға минган йўлда маст,
Чевар хотин ишда маст,
Бузуқ хотин тушда маст.

ЗАМОНА

Сон-саноқсиз одамларни,
Зор қилгансан, замона.
Камбағални бойларга
Хор қилгансан, замона.

Бечорага бу фалакни
Дор қилгансан, замона.
Золимларга аждарҳодай
Авратгансан, замона.
Ночорларни пулдорларга,
Ямлатгансан, замона.

Оч бургутга тулкидай
Олдиргансан, замона.
Жез тирноғин заҳарга
Қондиргансан, замона.
Айриб ақл-ҳушидан,
Ганг қилгансан, замона.

— Аттанг, дунё! — дегизиб,
Танг қилгансан, замона.
Бировга — йўқ, бировга
Бор қилгансан, замона.
Бойларга кенг, камбағалга
Тор қилгансан, замона.

Элга қиммат, — бойга арзон
Мол бўлгансан, замона.
Хизматкорга ёвғон шўрва,
Бол бўлгансан, замона.
Бойга буғдой, қаролга
Чор* бўлгансан, замона.
Элга қаттиқ, бойларга
Шар* бўлгансан, замона.

Бойни эркин, ночорни
Ўйлатмаган, замона.
Бой устидан камбағални
Сўйлатмаган, замона.
Элни тобе, манопларни
Ҳоким қилган, замона.
Қарол — тулки, пулдорни
Лочин қилган, замона.
Бойни — чинор, камбағални
Чирпиқ* қилган замона.
Бойни — янги, камбағални
Йиртиқ қилган замона.

Бойни бўри, камбағални
Қўй қилгансан, замона.
Эл қасдида фикр билан
Ўй қилгансан, замона.
Мослаб бойга-бойваччага
Тўй қилгансан, замона.
Камбағалнинг сўнгги молин,
Суйдиргансан, замона.
Қаро ерни шуларга
Ўйдиргансан, замона.
Бойни юртнинг бошига
Қўйдиргансан, замона.
Камбағални жонидан
Тўйдиргансан, замона.

Элни — ночор, бойни қайсар —
Қийиқ қилган, замона.
Бойни — мерган, камбағални
Кийик қилган замона.
Мен юртимнинг булбули,
Толиқмасдан сайрагум.
Она халқим, омон бўл,
Даврон сургин, яйрагин!
___________
* Ч о р — буғдойнинг чала янчилган қолдиғи.
* Ш а р — силлиқ, сипо, юмшоқ.
* Ч и р п и қ — шох-шабба.

БОЛАЛИК

Терманинг аввал-боши
Подшолик — болалик.
Қирғизимнинг орасига
Сўзим етсин таралиб.
Мени туққан волидам,
Қайтиб келмас яралиб.
Билганимни айтмасам,
Дилда қолгай қамалиб.
Тутқич бермай ёшлигим,
Ўтиб кетди саналиб.
Авжи икки ёшида,
Ота-она қошида,
Одамни кўзга илмасдан,
Меҳмонни писанд қилмасдан
Қочиб юрар болалик.
Олис кетмас беш қадам,
Қиблагоҳи пешқадам
Босиб юрар болалик.
Ёши учга чиққанда,
Ҳа, билсангиз ўшанда
Тўрғай каби “вижирлар”
Онаси дер пичирлаб:
“Ўргилайин тилингдан!”.
Меҳрибони эмизиб,
Алдаб овқат егизиб,
Дер: “Айланай гулимдан”
Беданадай тонг чоғи
Сайраб турар болалик.
Тенг-тўшларин гиж-гижлаб,
Қайраб турар болалик.
Ғайратига чидамай,
Қайнаб турар болалик.
Ёши бешга чиққанда,
Шўхликни қилмай канда,
Яйраб турар болалик.
Айтганимни “топгин” деб,
Бозорларга “чопгин” деб,
Аввал ота-онасин,
Уйдаги парвонасин
Қийнаб турар болалик.
Сўзга қулоқ солмасанг,
“Буюрганин” олмасанг,
Йиғлаб турар болалик.
Келинчак кийган атласга,
Ётсанг келмас болалик.
Ялиниб, ялтоқланиб,
Айтсанг келмас болалик.
Роса уч ой тўққиз кун
Пойласанг келмас болалик.
Бор бисотни сарф этиб,
Жойласанг келмас болалик.
Олти ёшга чиққанда
Олишиб ўйнар болалик.
Сал нарсага аразлаб
Нолишиб йиғлар болалик.
Капалакни қувалаб,
Чопиб ўйнар болалик,
Ҳар нарсадан завқу шавқ,
Топиб ўйнар болалик.
Етти ёшга чиққанда
Уст-бошини лой қилиб,
Чивиқ миниб, “той” қилиб,
Сакраб юрар болалик.
Саккиз ёшга етганда
Йиқилиб тушиб “ҳирқираб”,
Оёғи қонаб зирқираб,
Ҳатлаб юрар болалик.
Тўққиз ёшга чиққанда,
Инсоф бериб, тўхталар,
Қўпол гапга ўхталар.
Ўн-ўн бирга етгани,
Ўсмирликка ўтгани.
Ўн беш ёшга борганда,
Ўзга ишга ортинар,
Қиз-келиндан тортинар.
Ўн саккизда ўйланар,
Ўқилондай тўлғонар.
Йигирмага чиққанда
Уйқу деган йўқ бўлиб,
Қиз зотини кўрганда,
Юраги ёниб, чўғ бўлиб,
Йигирма бешга борганда,
Ўқириқ* солган от бўлар,
Курашга тўймай эрта-кеч,
Соврин олмоқ ёд бўлар.
Кўпкари чопиб, улоқни,
Олгинг келар болалик.
Шундай ёшда, муаллақ
Қолгинг келар болалик.
Ўн саккиз-у, йигирма беш,
Ўйласанг ортда қолганда.
Ўйнаб-кулинг, болалар,
Яна қолманг армонда.
Қирқ бешга чиққанда
Сиғинсанг келмас болалик.
Турли-туман матодан
Кийинсанг келмас болалик.
Ёшлар билан баҳслашиб,
Югурсанг келмас болалик.
Олтмиш ёшни алмашгани,
Улгурсанг келмас болалик.
Ойдин кўлни қўриқлаб,
Бўйласанг келмас болалик.
Саксон ёшда қизлар билан,
Ўйнасанг келмас болалик.
Бозордаги савдонинг
Нархин билмас болалик.
Фойда билан зиённинг
Фарқин билмас болалик.
Қўл-оёқни қақшатиб,
Ювганни билмас болалик.
Тоқати йўқ, бир ерда
Турганни билмас болалик.
Қон-қариндош, уруғни
Туққанни билмас болалик.
Айтганингга маъқул деб,
Уққанни билмас болалик.
Ўз тафтига билганча
Исиниб турар болалик.
Жаҳли тезни кўрганда
Қисиниб турар болалик.
Икков бўлса, бирини
Уриб турар болалик.
“Олиб қочиш” пайида
Кулиб турар болалик.
Ошиқ берган одамни,
Ёқлаб турар болалик.
Ота-она ҳурматин
Сақлаб турар болалик.
Олти ойлик норасида
Эди боя болалик.
Кўп ўтмайин қарабсиз
Тетапоя болалик.
Қариликка етмоқ учун
Зинапоя болалик.
Қайта чиқиб бўлмайдиган
Юксак қоя болалик…
Болаликда гул чайнаб,
Полапон қушдай тўларсан,
Умр ўтгач, “аттанг” деб,
Қайта келмай қўярсан.

Арғимоқ бўлсанг, биродар,
Бир кун чарчаб, толарсан.
Ортга қайтмас олтин умр,
Пўлатдай занглаб қоларсан.
_____________
* Ў қ и р и қ — асов отларни совитишга мосланган арқон.

Шавкат Раҳмон таржималари

ҚОБОН

Аҳмад, Диқон — алдамчи,
Отахон, Мингбой — ёлғончи.
Эгамберди, Бахтиёр —
Таловчига ёрдамчи.

Қўл тўплади беш қобон
Юрт талаш-чун бехато.
Қўрадаги қўй тугул
Қумалоқ бермас Етти ота.

Етти отада Тош баранг
Тош барангга ботмаган.
Чопиб, талаб, еб юриб,
Фуқародан айрилган
Рисқулбекдан беш қобон.

Каримбой билан Мирзахон,
Келсанг ёрар қорнингни.
Тўрт минг уйли Етти ота
Тўкмай қўймас қонингни.

Едирмак тугул Етти ота
Оралатмас Аримни.
Солиқ солиб эл единг,
Чирқиратиб ёрлини.

Якка отин сен единг,
Яқин кўрдинг бойларни.
Жам камбағал бирлашди,
Тополмассан ҳийлангни.

Етим-есир, ҳолсизни
СавалаДинг, беш тўнғиз.
Одам ўрнида йўқсулни
Санамадинг, беш тўнғиз.
Еб-ичишдан бошқани
Тан олмадинг, беш тўнғиз.

Ўнта отга туширдинг
Ўразали қарини,
Юрт ҳақин еб ўтказдинг
Умрингнинг ярмини.

Кўролмадинг камбағал
Яхши от минганин,
Аҳмад, Диқон, Отахон,
Гўрковлигинг бул сенинг.

Тентиратдинг сен, талаб
Бўрамбойнинг Сарисин.
Кунда юлдинг айблаб
Юрт топганин барисин.

Тортиб олдинг, беш чўчқа,
Тўялининг чалишин.
Тўхтатди анча бечора
Тўй ва ошга боришин.
Етим билан есирнинг
Тан олмадинг кўз ёшин.

Қасд билан Мингбой, Отахон
Мени ҳам йиқиб туярсиз.
Тўқам кўр, деб бўйнимга
Тўққиз айб қўярсиз.

Жаҳлингиз чиқса, қутуриб
Уй-жойимни таларсиз.
Қонхўрлигинг авж олса,
Ўлдириб, қоним яларсиз.

Тирноғи заҳар бёш қобон,
Ялинмайман ҳеч қачон.
Майли, ўлдир, дунёга
Қайтиб келмас чиқса жон.

ЭШОН ХАЛФА

Черта қолсам торларин
Сайраб кетар қўбизим.
Айтиб дилда борларин
Жўр бўлади ҳар сўзим.
Қулоқ солгин сўзимга,
Кўпни кўрган бўлисим,
Тикка айтай ўзингга
Эл қонини сўришинг.
Сизникидир уй тури,
Элни талаш касбйнгиз.
Халқимизнинг сиз шўри,
Тиёлмайсиз нафсингиз.
Эл оралаб юрувчи
Эшон ўсал, дер эди.
Элни алдаб емаса,
Эшон касал, дер эди.
Эшон билан энчилаш
Халфа бўлар, дер эди.
Орқасига осилган
Халта бўлар, дер эди.
Бало келса бойларга,
Орқа бўлар, дер эди.
Орамизда изғиган
Алдамчи бор, дер эди.
Тўғри сўзни билмаган
Ёлғончи бор, дер эди.
Қуръон очиб авровчи
Мулласи бор, дер эди.
Имом бўлиб товловчи
Тўймаси бор, дер эди.
Эшонларнинг беҳиштда
Чўнг эшиги бор, дерди.
Минг тешиги бор, дерди.
Ун қорадан бир қора
Закоти бор, дер эди.
Сира қўймай олувчи
Одати бор, дер эди.
Гўё жаннатни кўрган
Етуги бор, дер эди.
Ҳар балони сурувчи
Тетиги бор, дер эди.
Бунинг бари эл-юртни
Талаш йўли эмасми?
Етим-есир, йўқсулни
Товлаш йўли эмасми?
Охират деб ҳар ерда
Бақирганлар сизмасми?
Пайғамбарга бош эг, деб
Чақирганлар сизмасми?
Авом халққа қалп айтиб,
Сотилганлар сизмасми?
«Фалокатлар қайда», деб
Отилганлар сизмасми?
Эл сиғинган худонинг
Элчилари сизларми?
Кўпни кўрган билгичдай
Тилчилари сизларми?
Куни-туни изғийсиз
Излаб ёғлиқ таомни.
Ҳеч кўрмайсиз кўз солиб
Меҳнаткаш халқ авомни.
Сизни излаб келади
Оқ саллали одамлар.
Эшон, халфа ва беги —
Бари бирга қадамлар.
Оқ элачак ўрайди,
Маълум, бизнинг хотинлар,
Овулдан келган оқ салла,
Қайдан бўлар зотинглар?
Шариатдан сўзлашга,
Айтинг, кўпми чамангиз?
Ажратиш қийин, бош гаранг,
Хотинчалиш ҳаммангиз.
Ҳаммангизнинг ишингиз
Элни талаб ейишдир.
Ёлғон сўзни кўпиртиб
Мен донишманд, дейишдир.
Оппоқ салла ўрашган,
Юрт ҳолини билмайсиз.
Адолатни куйласам,
Кўзингизга илмайсиз.
Оқин бўлиб ёшликдан,
Отга миниб чиққанман.
Отган ўқдай ҳар сўзни
Айтиб кўпни йиққанман.
Келган сўзни қайтармай,
Номин айтиб куйлайман.
Қўшиқ кони ўзимда,
Қимиздай ачиб сўйлайман.
Айтсам олтин сўзимни,
Яшаради одамзод.
Айтинг, қани қўшиқдан
Лаззатланмас, қайси зот?
О, бўлис!
Қилма менга чирингни,
Билмайсан ҳеч сиримни.
Халфа, мулла, эшонлар,
Билиб юргин сийингни.
О, бўлис!
Емаги йўқ, ичмаги —
Камбағални биласиз.
Солиқ солиб аямай,
Терисини шиласиз.
Зўрлик қилиб, қўрқитиб,
Якка сигрин оласиз,
Минг найрангни ишлатиб,
Не-не жафо соласиз.
Келди эшон меҳмонинг,
Кутиб турган одаминг,
Юлиб-юлқиб талангиз,
Келгани шу омадинг.
Охиратнинг борлигин
Гўё кўрган, билишар,
Алдамчининг солиғин
Ҳолсираган фуқаро
Ноилождан беришар.

Ғ. Шоди таржималари

СИБИРДАН ҚОЧГАНДАГИ ШЕЪР

Довони баланд, кўринмас,
Белим олис қолганди.
Номи машҳур Фарғона—
Ерим олис қолганди.
Сорту бағиш ва саёқ—
Элим олис қолганди.
Афсуски, армон юракни
Мижғиган ёмон кун бўлди.
Куч-мадорим кетганда,
Аҳволим сўрар ким бўлди?
Ўзим бийдек далада
Ўлсам нима қиламан?
Қоронғу тушиб, кун ботса,
Қандай йўл топа оламан?
Тутқундан қочиб, жонажон
Юртимга кетиб бораман…
Ўлиб қолсам, Тўқтағул,
Оёқ-қўлдан судрашиб,
Чуқурга ташлаб қўярми?
Кўмадиган одам йўқ,
Қарға-қузғун чўқилаб,
Қора кўзим ўярми?
Овулим кўзлаб йўл юр, деб,
Оқ шунқор қушдай қоқиндим.
Олти Архар юлдуз ботгунча
Олти айланиб эмизган
Айланайин, онажон,
Оқ сутингни соғиндим!
Кетмонтепа юртимга,
Бориб ўлсам, армон йўқ.
Керимбойдан ўқимни
Олиб ўлсам, армон йўқ.
Қариндош-уруғ, халқимни
Кўриб ўлсам, армон йўқ.
Омонлик сўраб, еримда
Юриб ўлсам, армон йўқ!..

ҚОЧИБ КЕЛАЁТГАНДА

Тунда урмай уйқуни,
Юриб келаётирман.
Йўлда учраса уйлар,
Сўраб, ичиб овқатин,
Кириб келаётирман.
Элга етиб қолгандай
Кўтарилиб бу кўнгил
Кулиб келаётирман.
Қўмизимнинг қулоғин
Бироз шодон куйла деб,
Бураб келаётирман,
Ор-номусни ўйламай.
Юрт ишқида хайр ҳам
Сўраб… келаётирман…

ИБРАТЛИ ШЕЪРЛАРДАН

1

Марднинг марди синдирар
Юртни бузган ёв тиғин.
Кимда ғайрат сўндирар
Юзсизликнинг қитиғин.

Мард эшиги ниқ темир,
Эритмоққа эр керак.
Асл давлат бир келур,
Англаб, билиб, бўл тирак.

Кўрай десанг ҳурматни,
Ўғил уйлаб, қиз чиқар.
Молинг юртга олдирма,
Ғамини еб, қиш чиқар.

Ўлимтикни қарға ё
Қузғун еса ярашар.
Не чора бор—эрта-кеч
Камбағални талашар.
Бу қузғунлар қўлида
Эзилиб, хор эл яшар…

2

Дарёнинг кўрки кемада,
Боланинг кўрки энада.
Насиҳат қилсанг гап олмас,
Бил, нодон кўрки нимада!

Экиннинг кўрки ер билан,
Эчкининг кўрки тўл билан.
Кийикнинг кўрки тўр билан,
Эр йигит кўрки эл билан.

Ёмон одам белгиси,
Ўз нафин ўйлаб суюнар.
Яхши одам белгиси
Эл ғамин еб куюнар.

ЗАМОНА

Қанча жонга хўрликни
Ушлатгансан, замона.
Гадойларни бойларга
Муштлатгансан, замона.
Аждар каби золимга
Тишлатгансан, замона,
Ялмоғиздай бойларга
Пешлатгансан, замона.
Гадой шўрин оқизиб
Ишлатгансан, замона.
Оч шунқорга қуёндай
Олдиргансан, замона.
Заҳар тирноққа юзни
Юлдиргансан, замона.
Ажратиб эс-ақлдан
Ганг қилгансан, замона.
«Оббо, дунё!» дегизиб,
Танг қилгансан, замона.
Қариш бўзга етказмай,
Зор қилгансан, замона,
Бировга йўқ, бировга
Бор қилгансан, замона.
Ерни бойга кенг, гадога
Тор қилгансан, замона.
Гадога қиммат, бойга арзон
Мол бўлгансан, замона,
Ёрманиёқ қашшоққа
Бол қилгансан, замона.
Бойга буғдой, камбағалга
Чор бергансан, замона,
Гадога берк, бойга очиқ
Йўл қургансан, замона.
Қайим сўзлаб йўқсулни
Ҳақир қилган, замона.
Гадоларга бут бойларни
Бақиртирган, замона.
Бой, бошчилар, бўлислар
Ўгит қилган, замона,
Гадони тулки, бойларни
Бургут қилган, замона.
Гадони жўн, бойни эса
Ортиқ қилган, замона,
Бойни фасон, гадо устин
Йиртиқ қилган, замона.
Бойни қашқир, гадони
Қўй қилгансан, замона,
Гадони йўқ қилмоқни
Ўй қилгансан, замона,
Бойларни бой чақирган
Тўй қилгансан, замона.
Ёлғиз молин гадонинг
Сўйдиргансан, замона,
Қаро ерни йўқсулга
Ўйдиргансан, замона.
Камбағаллар тўнидан
Ипин олган, замона,
Молу қўйин, ҳаттоки
Чўпин олган, замона.
Қанча молга чув тушиб,
Куйиб қолган, замона,
Гадога бехуда ғам,
Куйин солган, замона.
Қашшоқни паст, бойни эса
Бийик қилган, замона,
Бойни мерган, камбағални
Кийик қилган, замона.
Булбули менман элимнинг,
Йўлда бўл, куйла, ҳол сўра.
Замонанг келди, айланиб
Давр сур, гадо, ярқира!

Усмон Темур таржималари