Қурбонбой Қолдибоев (Курбанбай Калдыбаев) 1938 йил 20 мартда Қирғизистоннинг Ўзган туманида туғилган. Қирғиз миллий университетининг филология факултетини тамомлаган (1967). Ўш педагогика институтида ўқитувчи, Ўш вилояти телерадио қўмитасида муҳаррир бўлиб ишлаган.
“Тууган жерим-туу казыгым” (1973), “Кол табы” (1982), “Сапар түйшүгү” (2005) китоблари чоп этилган.
КЎПКАРИ
Улоқ авжда, ёш йигит ҳам даврада,
Онажони томошада – йиғинда.
Тулпорига қамчи уриб, қичайди,
Отни ортга қайтармоқлик қийин-да.
Талатўпдан кўзин узмас онаси.
Талпинади унинг кулук, қашқаси.
Кўкка ўрлар кўпкарининг қий-чуви,
Кўринмайди бир ўғлидан бошқаси.
Улоқ ошмай қолди аттанг ўғлонга,
Таомилни – шартни ҳеч ким бузолмас.
Кампир эса олазарак, андармон,
Олишувдан нигоҳини узолмас.
Бир йиғинда дарҳол ҳукум чиқариш,
Тўғри бўлмас, Сизга айтсам рўйи-рост.
Эл билмаган, тўғатмаган йигитдан,
Эрта-индин чиқар машҳур чавандоз.
* * *
Чўнг бозорда менга лойиқ буюм йўқ,
Бош сабаби, чўнтагимда тийин йўқ,
Тушга қадар ўтираман шеър ёзиб,
Тушдан кейин, мендан ўтган қийин* йўқ.
Ўш шаҳрида оғалар бор, иним бор,
Улар бари менинг учун баробар.
Мен уларга шеърлар ўқиб бераман,
Улар тўлаб туришади гонорар.
Ён дафтарим, ёзувларим дилимда,
Нима бўпти шеър, ўқисам элимга.
Улар мени олиб борар етаклаб,
Уйлаймиз деб «Вермут»* деган келинга.
Вермут ахир ўн саккизга чиқмаган,
Ёмон сўзлаб, оёғимдан йиқмаган.
Этак-барим бироз тегиб кетса ҳам,
Зулфиямдай лойга мени тиқмаган.
___________
* Қийин – доно.
* Вермут – шаробнинг бир тури.
* * *
Ҳаётингга асос бўлган,
Меҳнат деган башат* бор.
Ниятни холис қилиб,
Эмин-эркин яшаб қол.
Мансаб эмас кун сайин,
Мақсадингга еткирган,
Қўлда бўлса, бериб тур,
Қарз олмагин ҳеч кимдан.
Қувноқ яша ҳамиша,
Сабаби, сен эркин қуш.
Дилинг бўлса покиза,
Кўрмагайсан ёмон туш.
Ҳалол меҳнат қилганлар,
Толиқтирган иш демас.
Демак, дўстим ҳеч кимса,
Мушугингни «пишт» демас.
Тўқсон тўққиз қайғуга,
Дош берасан тоғдайин,
Ҳузурингда хотинлар,
Эриб кетар ёғдайин…
_________
* Башат – булоқ.
Қирғиз тилидан Турсунбой Адашбоев таржималари