Олтинбек Исмоилов (1982)

Олтинбек Исмоилов (Алтынбек Исмаилов) 1982 йил 1 январда Қирғизистоннинг Ўзган тумани Кўлдук овулида туғилган. Бишкекдаги Қирғиз-Турк Манас университетининг туркология факультетини битирган (2005). Қирғизистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси (2006). Евросиё ёзувчилар уюшмасининг Қирғизистондаги вакили (2007). Жолдошбай Абдыкалыков номидаги Қирғизистон адабий мукофотининг лауреати (2008).

Илк шеърий тўплами “Тош кўзгу” номи билан 2008 йили чоп этилган. Шеърлари рус ва турк тилларига таржима қилинган. Жалолиддин Румий ва Юнус Эмро шеърларини қирғизчага таржима қилган.

УЙҒОНИНГЛАР!

Қийқириб
Бугун яна,
Ухлаган
Қирғизимга.
Қийқирдим
Янги сасим,
Уқмаган
Қирғизимга:

Туринглар,
Уйғонинглар!
Абжағи
Чиқиб ётган
Турмушни
Тузатишни
Ўйланглар,
Ўйланглар!

Етар, бас
Шунча йиллар,
Қучоқлаб
Хом хаёлни
Ётган пайтинг.
Етар, бас
Шунча йиллар,
Ўзингни
Ўксиз қилиб
Боққан пайтинг.
Етар, бас
Шунча йиллар,
Суягинг
Ўтга қалаб
Ёққан пайтинг!

Баёнлаб
Бошдан оёқ
Айтиб турган,
Қанча йил
Қаттиқ азоб
Чекканингни!
Олдинги
Куч-қувватинг
Қайтиб турган
Еч ирғит
Устингдаги
Чопонингни!
Онт ичиб
Ойлаб-йиллаб
Кутганинг
Озодликка
Етмадингми!

Қарагин,
Қалпоғинг ҳам
Ғалвирдай
Тешилганин.
Қарагин
Соқолинг ҳам
Олишга
Вақтинг бўлмай
Эшилганин.
Қарагин
Қандай айтай,
Қашшоқликдан
Қувватинг
Кесилганин?!

Тур энди
Фойдаси йўқ,
Қўриқлаб
Хурракларни
Хуш тортмагин!
Тур энди
Ҳийласи йўқ,
Ўзгага
Ўз юкингни
Ҳеч ортмагин!

Оламиз
Ерингни
Бўлиб-ёриб
Талагандан,
Элингни
Жарга тақаб
Қамагандан,
Шугинамас,
Ақча учун
“Орқангни”
Ялагандан
Аямай
Ташлаб бутун!
Орсизлар
“Айриб солган”
Виждонингни
Оз-оздан
Орқаси йўқ
“Ямаб” бутун!

Унутдинг
ҚИРҒИЗ деган
Аввалги
Отингни сен!
Унутдинг
ҚИРҒИЗ деган
Ҳозирги
Зотингни сен!
Ишлат-чи
Айланайин
Баҳайбат
Бошингдаги
Ақлингни сен!

Ялқовлик
Янчса яна
Қора бошинг,
Тўхталмай
Торқилайсан
Қоронғи
Саводсизлик
Аравасин!
Аммоки
Қизиқ савол
Ўлкангни
Кўтарганга
Ўзингнинг ўзакдаги
Буғдойинг
Қандай қилиб
Ярамасин!

Қулоғин
Очиб юриб
Уқмаганлар,
Кундузи
Босиб юриб
Ухлаганлар,
Қийқириб,
Яна-яна
Уйғонинглар,
Кўзларинг
Очиб юриб
Ухлаганлар.

Туринглар,
Уйғонинглар!
Абжағи
Чиқиб ётган
Турмушни
Тузатишни
Ўйланглар,
Уйғонинглар!
Уйғонинглар!!

2003

ТОШ КЎЗГУ

Қаноти
Синган қушдай
Ҳовлиқиб,
Қайғунинг
қайиғида
Чайпаламан.
Кўзгудан
Қараб олиб
Кир юзимга,
Ишонмай
Яна-яна
Чайқаламан!

Қарагин,
Тош кўзгуни,
Қийналган
Қирғиз юрар.
Ҳов ўша
Қирғизларни
Мазах қилиб
“Йилтиллаб”
Юлдуз юрар!
Бир сўзни
Ўн сўз қилиб
Туғдиришган,
Ёмонлаб
Яхшиларни
Ёзиқсиз
Қочиришган,
Ғийбатчи
Кампир, чоллар
Муштумзўр
Саёқ боллар
Яна ҳам
“Илжайганча”
Бир қиз юрар!

Эт эмас,
Нон олгудай
Ойлиги йўқ.
Икки кун
Жон боққудай
Мой, уни йўқ
Бозорда
Пайпоқ сотган
Хотинлардай,
Икки байт
Шеърдан бошқа
Бойлиги йўқ
Ёзувчи,
Оқинлардан
Мингта бўлса
Бардам турган
Енгилтаклар
Яна юрар!
Қўй сўйиб
Ҳашаматга
Беланган,
Басавлат
Хўжайиннинг
Кўзин қараб
Парвона
Капалакдай
Айланишиб
Мунофиқлар
Яна юрар!

Онасин –
Тилин сотган,
Эгасин
Дилин сотган,
Азалдан
Келиб ётган
Тиллага
Динин сотган
Иймонсиз
Ёшлар юрар!
Берилиб
Чет ўлкага
Онги занг
Босиб қолган
Берилиб
Бутилкага
Ароқхўр,
Банги бўлган
Ярамас
Мастлар юрар!

Канадай
Тош кўзгудан
Кўринар
Кўз олдимда,
Қисқаси
Бари юрар,
Бари юрар…

Тозалаб
Тош кўзгуни,
Текислаб
Суртиб турай.
Кўпирган
Совун билан
Ойналарин
Кўкарган
Кўкрагига
Суртиб турай.
Аммоки,
Ўзгариш йўқ!
Тупуриб
Турмушимга,
Аямай
Туртиб турай!..

Қаноти
Синган қушдай
Ҳовлиқиб,
Қайғунинг
қайиғида
Чайпаламан.
Кўзгудан
Қараб олиб
Кир юзимга,
Ишонмай
Яна-яна
Чайқаламан!

2002

Қирғизчадан Давронбек Тожиалиев таржимаси