Нурлан Қалибеков (1973)

Нурлан Қалибеков (Нурлан Калыбеков) 1973 йилда Ақси туманида туғилган. Қирғизистон Республикаси Ёшлар мукофоти ҳамда хорижий давлатлар мукофотларининг совриндори. Нурлан Қалибеков замонавий қирғиз шеъриятининг энг таниқли намояндаларидан бири.

ВАҚТ НЕДИР?

Вақт недир?
Қадри йўқ мис тангадай,
Қўлингдаги ёмон соат,
Чиқиллайди, чиқиллайди.
У ён боскан,
Бу ён боскан сулувнинг,
Қариб бораётганини билдирмаган,
Тақасидай тақиллайди, тақиллайди.
Беқарорлиги аён,
Ҳавас қилар мақтанчоқларнинг
Кўйлагию шапкасига,
Ҳаттоки папкасига.
Баҳордан ёзга қадар,
Ёздан кузга қадар,
Куздан қишга қадар,
Тинмай алмаштирар маконин.
Вақт недир?
Бормоқ, келмоқ,
Иссиқ ва совуққа қараб,
Мослашган қушлар каби.
Тупроқда той-той босиб,
Ва тупроқда сирпаниб,
Тупроқда ҳаракатсиз қолган оёқлар каби.
Вақт асли шудир…
Менинг ҳеч бир нарсам,
Бўлмайди исроф,
Умримни,
Тақдиримни,
Ҳаттоки, барчангизни
Ўлчамайман ердаги
Вақт билан,
Соат билан.
Вақт мен учун
Осмон билан ердир абадий.
Фаровон умр сурган
Эгиз кундир.
Кенгликдан
Ва чексизликдан иборат,
Кўкдаги қуёшдан ҳам
Баландроқда,
Юксакроқда,
Ёниб турган,
Чексиз нур ва ёруғ сочган
Бир Кундир.
Вақт деган нарса йўқ,
Чегара ҳам йўқ,
Бундай чексизликни,
Бундай борлиқни,
Ушлаб турар мувозанатда,
Абадий ёш,
Қудратли Кўк Тангри.

БУТУНЛИК

Мен бу дунёни асло,
Бўлмам оқу қорага,
Бу дунё бутунликдан
Иборатдир мен учун,
Туйнукдан тушган нурлар,
Жилоланади аста,
Ва барча ҳилқатлар
Нурга чўмади.
Заминдан кўкка қадар,
Қулоч ёзар ёруғлик.
Бу дунёни,
Оқ-қорага бўлганлар,
Оқинг оққа,
Қоранг эса қорага бор.
Жаннатга ошуфтанг жаннатга,
Дўзахга лойиғинг дўзахга,
Бор, боравер!
Менга ҳеч қизиғи йўқ,
Ахир, мен иборатман бутунликдан,
Нур таралган туйнукнинг
Остидаги ёруғликдан,
Устидаги ёруғликнинг
Йўлларидир хўб қизиқ.
Яратгувчиси қизиқ…

ПАЙҒАМБАРЛАР

(Эркин таржима)

Абадий шон-шарафлар,
сиздай улуғ зотларга,
Таъзим айлагум минг бор,
бошим ерга теккунча,
лошим ерга киргунча –
тилга олиб исмингиз,
улуғлайман ҳар қачон.
Сизлардан кўнглим тўқдир,
сизлардан олгум улгу.
Бирингизни иккинчингиздан устун қўймам,
менинг феълим шу.
Мен қийналсам, ғамга чулғансам,
тайёр турасизлар ёрдам беришга.
Бошқалардан эса ёрдам кутмайман…
Чунки бошқа ҳеч ким узатмас менга
ёрдам қўлини.
Абадий шон шарафлар,
сиздек олий зотларга,
Исмингиз ер юзида
янграйверсин абадий,
яшайверсин абадий…
Сизлар экиб кетган яшил оғочлар,
гулласин, яшнасин, куртаклар очсин
ва кўкларга чўзсин бўйини.
Қулоч ёзсин, шоҳлари эса
тегиб турсин мовий самога.
Чарчаган одамлар келиб,
ором олсин, ҳордиқ чиқарсин
сизлар эккан дарахтларнинг соясида
(не қилсин ахир айтинг, бу хокисор бандалар,
ўзларининг дарахтлари йўқ бўлса).
Мендан хафа бўлманг, илтимос,
Мен ҳеч кимнинг йўлин тўсмасдан
Ва ҳеч кимга тақлид қилмасдан,
Ўз йўлимда кетяпман танҳо.
Маъзур тутинг мени, илтимос,
Озор берган бўлсам,
Забоним билан,
Кўнглим оғриб,
Тушкунликда эдим унда…
Гоҳида исёнлар қиламан,
Ҳатто… Тангрига…
(У индамай кулиб қўяди холос)
Мен ўзимнинг кўчатимни,
Экаяпман заминга,
Мен эккан бу кўчатлар,
Айлангайдир бир боғга.
Улар бир кун айланар,
Шеъриятнинг боғига….
Шеърият сайлгоҳига…
Ва бу боғлар,
Улуғлагайдир,
Куйлагайдир,
Сизлар улуғлаган у ОЛИЙ ЗОТНИ.

Муҳаммад Сиддиқ Раҳматов таржимаси.