Эркали Ўскўнали (1958)

Эркали Ўскўнали (Эркалы Өскөналиев) – 1958 йилда туғилган. Қирғизистон миллий университетини битирган. Шоирнинг “Йиллар – дарё”, “Шеърланган ой” тўпламлари нашр этилган.

* * *

Юрак ёмғир тўкканда,
Эй қиз, чодир ташларсан,
Бир жодули жилмайсанг,
Йил бўйи шод яшарман!

Оппоқ либос кийган ер,
Унда ўзинг мен суйган.
Асра, сендай ойчалар,
Кўпни авраб ўлтирган.

Мовий либос кийган ер,
Бунда ўзинг мен суйган.
Эсла, сендай кундузлар,
Кўпни алдаб ўлтирган.

Юрак йиғлаб турганда,
Юзинг бурма сен бунча.
Бир ўптириб қўйсанг, бас,
Бахтиёрман ўлгунча!

* * *

Қулоғингга тунда шивирлаб,
Гул суратин чиздим сўз билан.
Қўйнимизда юлдуз шиғирлаб
Қанот ёзиб учдик кўк билан.

Кўксингдаги оппоқ олмани
Эҳтиётлаб, қўлим яйради.
Лабларингга лабим текканда
Эҳ, муҳаббат қуши сайради.

Қор сочади ташқарида қиш,
Сен апрелни мендан қизғандинг.
Оқармаган тунлар оқаргай
Ойдек юзи билан қизларнинг!

Қирғиз тилидан Шаҳриёр таржимаси