Бурулкан Карагулова – 1957 йилда туғиган. Қирғизистон миллий университетини тамомлаган. “Хаёл кемаси”, “Юрагимни қувонтириб кетдинг”, “Бу дунё кўрклидир севгинг билан”, “Тўхтағул кўли – кўзёшим” каби шеърий китоблари чоп этилган.
* * *
Юрагим титради,
Тўққиз баллга.
Сейсмолог текшириб,
Тўққиз эмас, ўн бир дейди.
Ўн бир дейди…
Уқдимда, тарс ёрилдим,
Титради бор вужудим.
Ғишт каби синиб тушди,
Оёғим, қўлим, белим.
Кўзларим чарс-чурс этиб,
Тушларимга сачради.
Кўзимнинг синиғига
Қара, ер қайнаб қолди.
Ёйилган сочларимнинг
Тартиби қайда қолди?
Ўзимни тополмадим
Осмоний булутлардан.
Ўзимни тополмадим
Туманли сукутлардан.
Бошимни излаб ётдим,
Бу қандай азоб дедим.
Бошимни топсам агар,
Дунёни топар эдим.
Сейсмолог: ўн бир балл!
Бўлди – деди.
Табиблар: Йўқ, ёлғон!
Севди – деди.
Ҳаё-ҳайт! – деб кўз очдим.
Тушим экан.
Юрагим сокин ётар,
Тирик экан.
Қара, замин оппоғдир –
Қорда қолган.
Юрагим соппа-соғдир –
Ёрда қолган.
Оқ қорга ёзиб қўйдим:
Мен севгимни баралла:
“Юрагим зўр титради
Ўн бир баллга!
Ўн бир баллга!”
* * *
О, қоғозлар, туйғудошим, эрмагим,
Бугун сен бор, эрта недир эртагим?
Оқ юзингга қаро бўёқ тортдими,
Шеър аталган бебошгинам, тентагим?
О, қоғозлар, азобимда, ёрлигим,
Ошиқлигим, сен томонга қайрилдим.
Оқ сўзимни либос этдим эгнингга,
Сен бор учун ёлғизликдан айрилдим.
Сенсиз яшаб бўлар деса бирор ким,
Ишонмасдан, кўзёшимга ўтингум!
Воз кечаман тунги ширин уйқудан
Ҳамда сени жим қучоқлаб ўлтиргум!
Қирғиз тилидан Шаҳриёр таржимаси