Қирғизистон Республикаси маданият арбоби, Алиқул Усмонов номидаги адабий мукофот лауреати, шоира Бақтигул Чўтурова (Бактыгүл Чотурова) 1955 йил 29 сентябрда Жалолобод вилояти, Тўхтағул туманида туғилган. Қирғиз миллий университетининг филология факултетини тамомлаган.
“Қизил от”, “Бўз тўрғай”, “Соғинч”, “Найман”, “Иссиқкўл суви” каби китоблари чоп этилган. У қозоқ адабиётидан Шоҳизода Абдукаримованинг “Кўк остидаги хонлик”, Нагашибай Сукатовнинг “Жонимнинг яшил япроқлари”, озарбайжон адабиётидан Бахтиёр Ваҳобзоданинг “Биз бир кемадамиз” катобини қирғизчага таржима қилган.
ОНА ҚИШЛОҚ ТАСВИРИ
Ойли туннинг оқлиги,
Сув билан бирга оққудай.
Кўкдан тушган ёғдудан
Файзли бўлар қапчиғай*.
Боқаман тушда юргандай,
Қарағай, арча турланар.
Шомнинг муздай бағрида
Шовуллаб Сичқон** сурланар.
Хуфтон қўнди сезилмай,
Елвизак қолди ўзинмай.
Қарағат пишган жилғалар,
Қораяр туннинг кўзидай.
Ой дийдорин кўргали,
Булут йўртар яқинлаб.
Ва осмоннинг фонусин,
Олди булут тақимлаб.
Қуёшдан куч олгандай,
Ухлар харсанг тошлар ҳам.
Чўққиларнинг сояси,
Асрга тенг алплардай.
Бедананинг уйи йўқ,
“Бит-билдиқ” деб ўтирар.
Қўшиқ куйлаб булоқлар,
Дарё сари қўшилар.
Сепояни емириб,
Тўғонларга дуч бўлар.
Чашма, анҳор бирлашиб,
Тўлқин бўлар, куч бўлар.
Лов-лов ёнар қизғалдоқ,
Мисли фонар қизғалдоқ.
Она қишлоқ файзидан,
Ким ҳам тонар, қизғалдоқ!
СУРАТДАГИ БОЛАЛИК
Болалиқда тушган сурат,
Олисларда қолгандай.
Минг бор ортга қайрилмайлик,
Қайтиб келмас армондай.
Болаликнинг чеҳрасига,
Келинг, бир дам боқайлик.
Хотиралар оламини,
Эслаб завққа ботайлик.
Суратдаги сингари,
Соддамидик ўзи биз.
Айро тушмай ўсмир чоғдан,
Ёниб турар кўзимиз.
Бир-бирига суянмоқлик,
Ёшликка хос ихлосдан.
Киприк қоқмай қараб турар,
Бизни таниб-танимасдан.
ХАЙР, ХЎШ
Ҳайрлашгин мен билан,
Йўлга чиқдим топиниб.
Кўзларингда ёниб турган,
Ишқ нурига ёпиниб.
Бир асрга татигулик,
Қувват олиб кетарман.
Соғинчларга кишан солиб,
Жаҳон кезиб ўтарман.
Қирғизчадан Турсунбой Адашбоев таржималари.
_____________
* Қапчиғай — тоғнинг ораси.
** Сичқон — дарёнинг номи.