Акбар Рисқулов (1953)

Акбар Рисқулов (Рыскулов Акбар) 1953 йил 4 апрелда Қирғизистоннинг Кемин туманида туғилган. Қирғизистон миллий университетини тамомлаган (1975).

“Ёш ленинчи” газетасида, “Ала-Тоо” журналида, Қирғизистон Ёзувчилари уюшмасида, “Кыргызкабар” ахборот агентлигида ишлаган. Қирғизистон Ремпубликасининг Қозоғистон ва Малайзия давлатларидаги элчиси бўлиб меҳнат қилган.

“Кабутарлар баланд учади” номли илк шеърий китоби 1975 йили чоп этилган. 10 дан ортиқ китоблари нашр этилган. И.Мазнин, Л.Левчев, Хо Ши Мин, И.Гёте асарларидан қирғизчага таржималар қилган.

БУРГУТ ЎРГАТУВЧИ

Фарзанди қадрлаб ётса ҳам,
Отасин шаҳарда боқса ҳам
Овчи чол темсалар балконда,
Қамалиб қолгандай осқада
Эгарга бош қўйиб ётишнинг,
Гашти бор, овулда бошқача.
Замона торайиб турганда,
Тонг отмай сайр қилар булварда.
Бургути елкага қўнарди,
Қамчига тумоға* илганда.
«Аттанг» деб тоғларга юкуниб,
Топинар адирга, қирларга
Соқолин силайди чайқалиб,
Соғинчи афтидан пайқалиб.
Овчи чол балконда андармон
Ҳар куни соғинган пайтлари
Кампири тирилиб тушида:
Чақирар «Қайтайлик»! «Қайтайлик»!
Шаҳарда бир йил ҳам яшамай,
Булварнинг даврини сурмади.
Қарғалар қағиллаб қолишди,
Оқсоқол ортига юрмади.
Бургути чорлади шекилли,
Аттанг, у шаҳарда турмади.
Рост бўлсин илоҳим овчининг,
Бургутин топгани-топгани.
Ё кетган абадий сафарга,
Кампирин ёнида ётгани.
_________
* Тумоға – чарм ниқоб.

ОВУЛДОШЛАРИМ

Шошма, қалам шошмагин,
Мен янги шеър бошладим.
Омонми она қишлоқ,
Тинчми овулдошларим?!

Қанча юртни мақтадим,
Қанча таом тотмадим,
Рости гап қишлоғимдан
Гўзал жойни топмадим.

Қишлоқда тонг отганин,
Онам тўқоч ёпганин,
Шуларни шеърга солмай,
Бекор экан чопганим.

Яратганга арзим бор,
Шоир деган тарзим бор.
Ўйлаб кўрсам, азизлар,
Қишлоқдан кўп қарзим бор.

ТАНГРИТОҒ

Қандайин соз Тангритоғда,
Тонг оқариб отган чоғи.
Кўланканинг чодирини,
Кун нурлари очган чоғи.
Кўм-кўк булоқ кўзин ишқаб,
Жилдирашиб оққан чоғи.
Чайир бола қир оралаб,
Қашқа тойда чопган чоғи.
Кийик, архар ором олиб,
Қарчиғайда ётган чоғи.
Тароватли сарин еллар
Довонлардан ошган чоғи.
Тирикликнинг байроғидай,
Бўз ўтовлар мўрисидан,
Тутун бурқсиб ётган чоғи.
Қизғалдоқнинг дуррасидан,
Шудрингларни қоққан чоғи.
Йилқичини эрка қизи,
Байталини соққан чоғи.
Ёлғиз қайин суянгани,
Якка толни топган чоғи.
Қандай кўркам, қандай сулув,
Тангритоғда тонг отиши
Жилғаларни алвон рангга,
Чўмилтириб кун ботиши.

Қирғиз тилидан Турсунбой Адашбоев таржималари

ИССИҚКЎЛ БОЛАЛАРИ

Қумда қолар кўйлаклари, шапкалари,
Қумда қолар дафтарлари, папкалари…
Иссиқкўллик болакайлар сув бағрига
Шўнғишади ўйнаб Бола, Оқ кемани.

Қурч танлари тўлқинларни борар ёриб,
Нима, улар олишганми қанот тақиб?
Завқингдан-ей, бу болалар бола эмас,
Олтин балиқ, Оқ бир балиқ, Чўртан балиқ!

Олтин балиқ, Оқ бир балиқ, Чўртан балиқ,
Буғу бунда тўлқинларни борар ёриб.
Бўйлироғи — Она-буғу шохларидан
Чўчигандай қараб қолар четга бориб.

Ёлғон эмас, ҳаммаси чин, ростдир бу, ҳа,
Иссиқ қумга ястандилар бориб, ана.
Фақат бола болалардай яшай олар,
Биз-чи, катта одамлармиз… бу бегона…

Турфа эрмак топар улар бўлиб тўп-тўп,
Қум эмас, бу — кўм-кўк адир… гуллари кўп.
Эртак сўйлар Мўмин чолга ўхшаб бири,
«Жуда қадим, қадимларда, қадимда…» деб.

Она-буғу бировини Бузоқ қилди,
Тағин бирин Ит қилди ва Хўроз қилди.
Қурмағурлар ўхшатарди барини заб,
Лек, ҳеч бири ўйнамасди Ўрозқулни.

Қумда қолар кўйлаклари, шапкалари,
Қумда қолар дафтарлари, папкалари.
Иссиқкўллик болакайлар боқиб уфққа,
Кўз толдириб кутадилар Оқ кемани.

Мирпўлат Мирзо таржимаси.

ОТА ЮРТ ЎҒЛОНЛАРИГА

Нозим Ҳикматона

Мен суймасам,
сен суймасанг,
у суймаса,
Ота Юртни ким суяр?!

Мен куймасам,
сен куймасанг,
у куймаса,
Ота Юртга ким куяр?!

Мен гуноҳкор,
сен гуноҳкор,
у гуноҳкор бўлмасин…
Юрагингда Ота Юрт деб яшнаган
меҳр гули сўлмасин!

Бир-бировга тиш қайрашган замонда
Хизр бўлиб йўлдошинг,
Оллоҳ ўзи қўлласин!

ПОЛАПОН БИЛАН ОДАМ

Муштдеккина қоролудан сўрдим бир кун:
– Қиш қаҳридан қочиб юрар қушлар нечун?

“Чирқ-чирқ” этди бутоғида қушча шу дам:
– Сен бандасан, чида, – деди, – бўронга ҳам!

– Жавоб бергин саволимга, – дедим яна, –
Оғриқларга йўлиқади нега тана?

У шундай дер, қанот қоқиб кенглик сари:
– Одам учун синов эрур бунинг бари!..

Ўхшаш чиқиб ўйларимиз қиш кунида,
Бизлар келдик бир фикрга қуш тилида:

Тақдирга тан бермоқ полапонга мосдир,
Курашиб яшамоқлик одамга хосдир!

УМИД ВА ҲАДИК

Тақдир менга топишмоқдай кўринди.
Ўйлаб-ўйлаб хаёлларим бўлинди:
ким тарқатган
йўқлов билан баётни,
ким яратган
ўлим билан ҳаётни?!

Топишмоқдай бир берилган умрни
англай дея, қирқ қобурғам эгилар:
шодлик надир,
алам нима –
ким билар,
тўр ва гўр не,
юрак шўрлик
сиқилар?!

Тақдир чигал!..
Тотимасдан талх майни,
нетар чалсам карнай ила сурнайни?!
Яшар шодлик билан қайғу
ёнма-ён,
эгизакдир умид-ҳадик
бегумон!

ТОМЧИЛАР

Рафиқам Пакденайга

Томчилар мўлтирар узумдай,
томири узилиб-узилмай…
Ҳовучимни тўлдирай дейман,
сабаби сезилиб-сезилмай.

Нақорат:
Деразам ёнидан узилмай,
томчилар мўлтирар узумдай,
узсам-да қўлимни теккизмай
сўнг берсам биргина ўзингга-ай!

Тақдири кенгмикин ёки тор,
томири йўқмикин ёки бор?..
Деразам ёнида мўлтирар
томчилар… томчилар… томчилар…

Нақорат:
Деразам ёнидан узилмай,
томчилар мўлтирар узумдай,
узсам-да қўлимни теккизмай
сўнг берсам биргина ўзингга-ай!

Томчининг кўзёши хуморми,
“чак” этиб тўкилмай турарми?
Бўйнингга тақолсам тип-тиниқ
томчидан ясалган туморни.

Нақорат:
Деразам ёнидан узилмай,
томчилар мўлтирар узумдай,
узсам-да қўлимни теккизмай
сўнг берсам биргина ўзингга-ай!

СЕВИМЛИ ҚЎШИҚ

Дилга яқин, севимли қўшиқ –
Эл олдида айтилган ўлан.
Агар уни тингласам жўшиб,
Сеҳрлайди оҳанги билан.

Юракда ҳисларим тошмаса,
Олмаса булоқдан андоза,
Яралмабди севимли қўшиқ
Маъсум гўдак қалбидай тоза.

Сеҳрли, ёқимли туйғулар
Бахш этмаса кўнглимга сафо,
Яралмабди ҳали у қўшиқ –
Илк муҳаббат каби мусаффо.

Эл олдида айтилган ўлан,
Сел қилади мени ошиқиб.
Қани кўкка юксал, ҳаволан,
Дилга яқин, севимли қўшиқ!

Қирғиз тилидан Сирожиддин Рауф таржимаси

ХОТИРА

Отамни қўйдим ўрнига,
Онамни қўйдим жойига,
Ўлимнинг ҳақлигин кексалар
Эслатиб туришар доимо.

Отанг қартайганин билмайсан,
Онанг букчайганин билмайсан,
Кейин бу хатони қайтарар –
Беғам бўй чўзишган болалар.

Йўқ, бундай демайлик койиниб,
Уларнинг умр йўли хўб узоқ,
Ўлим ҳақ, демакки, биродар
Умрингни безагин, яхшироқ.

Отамнинг қабрига тош қўйдим,
Онамнинг қабрига тош қўйдим,
Вақт ўтиб емрилар темир, тош,
Хотира қолажак, у – бардош.

БИШКЕК БАҲОРИ

Баҳор келса чирой очар Бишкегим,
Хаёлингиз ўғирлайди нозланиб.
Қарағайлар эмин-эркин боғларда
Қайинларга интилади суқланиб.

Келиб кўр-чи, Бишкегимни кўкламда,
Кўчаларин ёмғир ювиб ўтганда.
Бир-бирига суюнчилар қиз-жувон
Гул япроқлар япроқларни ўпганда.

Жонга роҳат, дилга даво бу онлар,
Кўчалардан ўтиб борар меҳмонлар.
Ёшларинг-чи, бир-бирига қоқар им,
Булар бари – ошиғингдир, Бишкегим.

Дунё кезиб, кўп сулув шаҳар кўрдим,
Аммо соғинч ҳисси чулғар танимни.
Ўз ерини севмаган кас ҳеч қачон
Соғинмагай ўрдаси – Ватанини.

Лондон, Париж, Москва – ўз йўлига,
Бишкегимга ҳурматимни билдирсам.
Барқ уравер яшил шаҳрим, ёш қалъам,
Ўрда қалъам, қирғизимга бош қалъам.

Жон-танимиз бирлиги тақдиримдир,
Баҳорда у муҳаббатдай эркали.
Бишкегимнинг оёғига тўшалган
Олатоғнинг алвонранг лолалари.

ҚИРҒИЗИСТОН

(Вано Мурадели куйига)

Азалий қирғиз элимиз,
Эркинлик излаб келганмиз.
Дўзахни ҳам кўрганмиз,
Азобни ҳам кўрганмиз.

Йўлимизни кўп тўсди
Тарихнинг не-не бўрони,
Зулмат оғушида қолсак-да
Туғимизни тутдик юқори.

Осмонда гар булут кўринса,
Мен сени ўйлайман, Ота юрт.
Сен борсан, юраман шерланиб,
Сен борсан, элим тинч, бағрим бут.

Ғанимлар хуружин қайтарган
Ғайратли элмиз биз ҳур, омон,
Эрк туғи ҳилпираб, қирғизим
Кўксига ел тегсин бу замон.

ИНИЛАРИМ

Ўнг қанотим мисоли бири менинг,
Чап қанотим мисоли бири менинг.
Қўш қаптолдай қўшлашиб кириб келар,
Бўй-басти кўримли иниларим.

Бўйларига тикилиб, ният қилдим –
Беклар чиқсин, иниларим, орангиздан.
Оғам йўқ деб ўкинмайман бу дунёда,
Чунки ўзим сизларнинг оғангизман.

Яхшиликда сизлардан қолишмайман,
Яхши сўз, ниятимни бағишлайман.
Асқар тоғдай кўраман Асқаримни,
Омон бўлсин Жаништойим, Байиштойим.

НАТЮРМОРТ

Қора кофе.
Бир чақмоқ қанд.
Бир бурда нон.
Човгум қайнар. Пиёла. Лаби учган.
Турайин, егулик мўл дастурхонда,
Қуруқ қолмай эрталабки насибамдан.

Бир ой муддат. Бир нима ёзмоқчиман.
Аммо… йил ўтиб кетар. Битмайди у.
Оғир меҳнат пешонамда бор экан-да.
Демакки, Худойимнинг буйруғи бу.

Қуруқ қолмай тонгдаги насибамдан,
Човгум қайнар. Пиёла. Лаби учган.
Қаранглар, бу ўзгармас натюрмортга:
Қора кофе.
Бир чақмоқ қанд.
Бир бурда нон.

ЮЗ ЎНИНЧИ МАРШРУТ

Кенг шаҳарни айланиб,
Хизматга хўб шайланиб,
Юрарди бизнинг Бишкекда
Юз ўнинчи маршрут.

Қўшнилар кутар эди,
Куттирмай ўтар эди.
Тонгда бошланган бозор
Кеч маҳал битар эди.

Улуғлар билан бирга,
Сулувлар билан бирга,
Беш-олти йил йўл босдим,
Ўзим ҳам бу маршрутда.

Бой бўлиб қопмиз, чоғи,
Ҳамма ёқда ўзгариш.
Маршрутнинг рақами
Нақд бир юзга кўпаймиш.

Маъмурлар сал шошдими?
Ё рақам ҳам ошдими?
Бу ўзгариш сабабли
Хазинамиз тошдими?

МАОШ ТЕГСА

Маош тегса, айғир сотиб олсамми?
Уни миниб, Ойга учиб кетсамми?
Бойлик нима? Билмам, қандай яралар,
Маош билан муродимга етсамми?

Қулмат бу йил дабдабали уй солди,
Ойжамоллар арзон-гаров мол олди.
Яқин дўстим, доллар топиб олганми,
Дарданелле бўғозида дам олди.

Янги йилни кутиш сизга осонми?
Янги замон қимматми ё арзонми?
Маош тегса, нима бўлса бўлар деб,
Айғиримда ойга кетиб қолсамми?

Қирғиз тилидан Аҳмаджон Мелибоев таржимаси