Абдураҳмон Алимбоев (Абдрахман Алымбаев) – 1956 йилда туғилган. Қирғизистон университетининг тарих факультетини битирган. Шоирнинг етти тўплами нашр этилган. 2009-2011 йилларда Қирғизистон Ёзувчилар уюшмаси раиси бўлган.
Турон замини
Улуғ тоғдан бошланади Сирдарё,
Сувлари чўнг қояларга буланиб.
Биз Турондан келаяпмиз қадимий,
Биз Туронга бораяпмиз уланиб.
Бу аймоқда қирқ улуғ эл яшаган,
Бир замонлар от ўйнатиб алплари.
Бу ер азал қирғиз юрти аталган,
Бу кўк азал ўғузларнинг минбари.
Ушбу майдон узра чопган кўчманчи,
Ушбу чўлдир телба-терслар ўтган чўл.
Мана бу тоғ – сиғинган тоғ ўғузлар,
Мана бу кўл – юлдуз қайнаб чўккан кўл.
Қуёш сачраб чиққан ерга етгунча
Бари ўғиз элларининг макони.
Кун ботиши Карпат билан чекланар,
Бир ёни ҳинд, эронийлар бир ёни.
Қанча ёвқур боболарим жон берди,
Ватан қўриб кетдилар тинч уйқуга.
Турон бизнинг азал ота юртимиз,
Турон бизнинг маконимиз мангуга.
Улуғ тоғдан бошланади Сирдарё,
Сувлари чўнг қояларга буланиб.
Биз Турондан келаяпмиз қадимий,
Биз Туронга бораяпмиз уланиб.
Арғумоқ от
Жарда қашқа тулпор отим,
Тусинг – қизил олтиндай.
Ўрим-ўрим ёлинг сенинг,
Ўрлагувчи ёлқиндай.
Ота-бобо йўлин улаб,
Тўсиқларни бузайлик.
Олтин юган солган отим,
Ойни кўздай чизайлик.
Икки кўзим кулгу сочиб,
Гуллаб турсин қучоғим.
Кумуш юган солган отим,
Кундай бўлсин учмоғим.
Сени кўриб душманларнинг
Ўчсин сариқ турқлари.
Дупурингдан денгиз тўлиб,
Зир титрасин ер шари.
Бор Осиё оралаб,
Мағриб томон борайлик.
Боболарнинг изи билан
Ёвқурликка ярайлик.
Отлиғ эллар келмоқда деб,
Жўшиб хабар берайлик.
Чу! Жонивор! Арғумоғим –
Ер айланиб келайлик!
Қирғиз тилидан Шаҳриёр таржимаси