Сапфо (м.а. VII аср)

Сапфо (Милетлик Сафо) – Қадимги юнон шоираси. Машҳур Тўққиз шоирдан бири. Эрамиздан аввалги VII асрнинг иккинчи ярмида Лесбос оролида туғилган. Лесбосдаги асилзода қизларнинг шеърият, мусиқа ва ашула мактабига раҳбарлик қилган. Ривоятларга қараганда, Сапфо бахтсиз муҳаббат туфайли Левкад қоясидан ўзини денгизга ташлаб, бевақт вафот этган эмиш. Бироқ бу гаплар ҳақиқатдан йироқ. Шеърларида ака-укалари, қизи ҳақида маълумотлар учрайди. Сапфонинг турмушга чиққан, Клеида исмли қизи бўлган. Шоира узоқ умр кўрган. Муҳаббат, кучли дард, азобли эҳтирос Сапфо шеъриятидаги бош мавзу ҳисобланади. Афлотун Сапфони бетакрор истеъдоди учун “ўнинчи муза” деб таърифлаган.

* * *

Агар ким гўзал бўлса,
Фақат кўзга қувонч, нур.
Агар ким яхши бўлса
Шундоқ ҳам гўзал эрур.

* * *

Ҳилол ботди. Ҳулкар юлдузи
Кўринмайди. Ярим бўлди тун.
Мунча ҳам тез ўтар вақт ўзи…
Яна ёлғиз ухлайман бугун!

* * *

Менга жондек азиз
Қизим, жонгинам,
Баҳорнинг тилларанг
Гули-Клеидам!
Сени бермам дунёда
Бор тиллага ҳам.

* * *

Қаҳр нима, билмайди ҳали ­
Юраккинам, гўдак мисоли.

* * *

Мадҳия янграган чоғ,
Рақсга тушади қувноқ,
Крит қизлари бари.
Майсазорлар устида,
Нозик оёқостида,
Топталар қир гуллари.

* * *

“О, бокиралигим, иффат, шараф-шон,
Нечун мени тарк этдинг.”
“Сеники бўлолмам энди ҳеч қачон,
Мангу тарк этиб кетдим”.

* * *

Келишинг менга қувонч. Талпиниб ҳасрат билан
Васлингга зор яшадим. Сен ташна юрагимни
Қайта ҳаёт бахш этиб, ёқдинг муҳаббат билан.

Айрилиқда яшадик иккаламиз узоқ вақт,
Энди айрилиқ қарзин қабул эт, қадрдон дўст, ­
Яхши тилаклар сенга! ­ менга эса қувонч, бахт.

АЛКЕЙГА

Мен севаман ёшликни
Ҳамда қуёшни такрор,
Эркалик жону дилим
Менинг Қуръам бўлгувчи
Офтобойим рангида.
Жилваларга тўлгувчи,
Гўзалликка мафтункор.

* * *

Тоғлардан келар оқиб
муздай ирмоқ ўйноқи.
Олма шохи жонланар
Қувноқ шилдир-шилдирдан.
Титроқ япроқ уйғонар
Ширин уйқудан бирдан.

Русчадан Файзи Шоҳисмоил таржималари.

* * *

Азиз она! Бу дастгоҳ
Чарчатар борган сари
Тўқий десам йўқ мадор.

Дилда андуҳ ила оҳ,
Нозик сарв дарахтлари,
Зориққан кўзлар бедор.

Ойгул Суюндиқова таржималари

* * *

Ўрмак
тегиб кетди жонга,
онажон!
Ўрмак тўқиш учун
қолмади ҳолим.
Гўзал Киприданинг
сеҳру жодуси
олди ихтиёрим,
битди мажолим.

* * *

Бокиралик, бокиралик
мендан қочиб
қайга кетдинг?
Сендан кечиб,
ёнингга ҳеч
қайтмайдиган жойга кетдим.

* * *

Тоғдан тушган жилға олма дарахтининг
Пойига бош уриб куйлар девона:
Лаззатланиб титраб кетар барглари,
Кўзлари юмулиб кетар мастона.

* * *

Кимнинг ҳусни гўзал бўлса –
Фақат кўзни қувнатар.
Кимнинг хулқи гўзал бўлса –
Жону дилни қувнатар.

АЛКЕЙГА ЖАВОБ

Агарда ниятинг бўлмаса ёмон,
Дилингни яширмай этардинг изҳор.
Уялмай яхши сўз айтардинг равон,
Дилинг бўлар эди тилингда ошкор.

* * *

Ой ёнида хира тортар юлдузлар –
Парда билан тўсар нурли юзини:
Фақат у фалакда яшнасин порлаб,
Шарафлаймиз фақат унинг ўзини.

Рус тилидан Рустам Мусурмон таржимаси