Қадимги юнон шоираси. Байрамона қўшиқлари билан машҳур бўлган. Жўр бўлиб айтиладиган жўшқин халқ мадҳиялари ҳам битган. Уларнинг аксарияти ҳажвий қўшиқлар бўлиб, узум узиш байрамларида куйланган. Бизгача унинг асарларидан айрим парчаларгина етиб келган.
* * *
Дўстим, ҳар тош остида
ниҳон ётиши мумкин чаён,
Тегсанг, чақар. Пана жойда
макр бирла заҳар пинҳон.
* * *
Бир замонлар айтган эди
эсла Адмет ҳикматини:
“Яхшини чин кўнгилдан сев,
сақла доим ҳурматини.
Пасткашдан қоч, пасткаш одам
асло билмас иззатини,
Шукур қилмас, тез унутар
яхшиларнинг хизматини”.
* * *
Май ичсанг, мен билан, ўзим билан ич,
Қувонсанг мен билан бирга ўйнаб-кул.
Мен билан гул тергин, фақат мени қуч,
Бирга девона бўл, бирга доно бўл.
* * *
Мангу мерос қолдирдим, деди
Одамзотга нозу неъматни:
Биринчиси – қуёшнинг нури,
Иккинчиси – юлдуз билан ой,
Учинчиси – қирмизи олма,
Ширин қовун билан нашвоти.
Рус тилидан Рустам Мусурмон таржимаси