Каэтано да Коста Алегре (Caetano da Costa Alegre) 1864 йили Сан-Томеда туғилиб, 1890 йили Лиссабонда вафот этган. Португал тилида ижод қилган.
МЕН ЎЛГАНДА
Алвидо, ёр! Салом, ажал! Ёрда айб йўқдир.
Тошкўмир оташи қорни севгандай,
Оқ қизни севдим мен – қора? Қайдан биламан.
Оқ қор, оташимни совут. О, сен – оппоқ ой!
Менинг ажалимсан. Кечир! Ўламан.
Қабрга киргум йўқ. Даҳшатдир менга
Қуртларга ем бўлиб, чиримоқ, ётмоқ.
Қалбим олов бўлиб ёнганди. Майли,
Жонсиз танамни ҳам оловларда ёқ.
Майли, эркин шамол совуган кулим
Бутун мамлакатга сочсин осуда.
Мен кенг маконларда яшай ломакон:
Чангу ғубор бўлай ер-кўкда, сувда.
Шунда, — бу ҳам таскин! — чангдай оқариб,
Сенинг сийнанг каби оқариб, жоним,
Мен, кулга айланган сенинг ошиғинг,
Ҳаволарда кезсам, қўрқма, қалқинма –
Юрагингга кирсам, олганда нафас,
Кирсам тириклигимда киролмаган қалбингга…
Карим Баҳриев таржимаси