Циприан Норвид (1821-1883)

Циприан Камил Норвид (Cyprian Kamil Norwid) ўз ижоди билан поляк адабиёти тарихида ёрқин из қолдирган сиймо ҳисобланади. Ўта мураккаб ҳаёт йўлини босиб ўтган Норвид ижодий меросининг катта қисми йўқолиб кетган. Шоирнинг асарлари Варшава, Петербург, Париж, Лондонда нашр этилган тўпламларда сақланиб қолган.

БЎРОН
(парча)

Илдамроқ, ёш дўстим! Яқиндир жарлик,
Осмон гумбурлайди – янги гулдирак.
Гулхандан чиқасан, юлдузлар, борлиқ,
Сени нурлантирар олмос чамбарак.

Селлардан кечасан, гарчанд юк ташлар
Улкан харсангтошлар оқса-да, асло
Сени босиб қолмас лаънати тошлар,
Ғингшиётган, уйсиз ит каби, илло.

Офатларда ёлғиз курашда бедор,
Товушинг эшитмас ҳеч ким, эҳтимол.
Кўз ёшлар бесамар, илтижо бекор,
Бундайин бўронда топгуси завол.

Сеҳргар туморлар куч қўшар, тутар,
Қўлингдан тушмаса бас эшкакларинг.
Чўкмайсан уммонга, чирпирак этар
Тўлқин ёлларини ёш мушакларинг.

Бир қултум ичсанг гар юрагингдан то
Денгизга қадарлик – илоҳий ҳайрат.
Мўъжиза жилвагар булутлар аро
Сен уларни ушлаб қоласан албат.

Энг узун йўлга туш жўшқин ва мағрур,
Бўрон шон-шуҳратга берса-да халал.
Сафдошларинг – суянч, ўйларингда нур,
Дунёга келади муаззам ҳайкал!

УЧ БАНД

Менга азоб бердинг, дея алдама,
Йўл солдинг минг йиллик айрилиқ сари.
Уммон тубларига кўзинг қадама,
Кўмдим кўз ёшларим – марваридларим!

Ўйлама, қувончли лаҳзалар фақат
Бахтиёр мухлислар тақдири – бекор.
Борлиқ бўм-бўш, рангсиз демагил, ҳаёт
Бир бора берилар дилбар, бетакрор!

Олис хаёл сурма, мабодо мен ҳам
Гуллата олмасам орзуларингни.
Омадсиз юлдузлар остида бу дам
Қабул эт узримни, туйғуларимни.

СЎРАМА…

Шоирдан сўрама жўн қўшиқ,
Товуш қотди – сира келмайди.
Сукутдаман, оқмадим жўшиб,
Гулдан буғдой ясаб бўлмайди.

Мен дунёнинг ёлғиз ғариби,
Юрагимда ғалаён, сеҳр.
Муҳаббатим – мендай ғарибим,
Бир ён – нафрат, бир ёни меҳр.

Биродарим, кенгликлар аро
Кезар руҳим олган каби ўт.
Оғриқлари соғинчнинг – дарё…
Кел, яхшиси сақлаймиз сукут.

Калава ип йигирар тинмай
Юрагингда чархчи бешафқат.
Тангри сени қўллайди , синмай,
Сабрли бўл, сабрли фақат.

ЛИРИКА ВА МАТБУОТ

1

“Муҳаббат бобида шеърлар тўқидим…”
Дедингми мунофиқ, фириб бергувчи:
Нега бармоқларинг титрамайди, жим,
Сен шоир эмассан – ҳарф терувчи!

2

Лирага қарайсан беписанд, унут,
Қўлингга олсангу, чалсангу қўйсанг!…
Қўшиқ – қанотлари ярқироқ бургут,
Қонинг бор, жонинг бор, оҳ, қани тўйсанг!…

3

Сенга нечун лира – мавзу турганда,
Руҳлар эса доим руҳларга жоиз.
Ўйлар ўйларингга селдай урганда
Ҳеч нарса кўрмассан, билмассан, эссиз…

4

Фойдахўр санайди ҳар бир чақани,
Бепарво дунёнинг каму кўстига.
Раво кўрмас сенга ҳатто тақани,
Дуч келма ҳеч қачон бундай нодўстга.

ҲАЙКАЛТАРОШ

Ҳайкалтарош – моҳият ва сир,
Шулар билан тирик кўз солсанг.
Аксланади руҳингда парқу
Илоҳийлик ўзинг-ла қолсанг…

Юксаласан, ўсасан бардам,
Қўлларингни очсанг – чексизлик.
Тасаввурга сиғмайди олам,
Учиб чиқсанг қанотларинг тик!

Суврат чизар одамлар зарҳал,
Тебратади бешикларни жим.
Рақсга тушар, яратар ҳайкал,
Бу – мусаввир, бу-чи, – нусхачим.

Тупроқ каби ташнадир барча
Ёмғир иси, товушларига.
Руҳингизни этмасин парча:
– Кўнманг оҳанг совушларига!

Рус тилидан Ойгул Суюндиқова таржимаси