Мирон Бялошевский (1922-1983)

Мирон Бялошевский (Miron Białoszewski) – шоир ва драматург. Шоир товушларни ифода воситасига айлантирган, инсон юрагидан отилиб чиққан нидолар ва ҳайқириқларнинг, товушларнинг сувратини акслантирган.

НАРСАЛАРНИНГ ЭВРИЛИШИ ҲАҚИДА

Улар эврилурлар
Яна эврилурлар,

Бизни урар чақмоқ билан.

Эпласанг ушлаб ол
самовий вужудни,
улардан бири
ҳамиша “қўл остингда” эди…

Кимнинг тили сезур
сомон йўли зарраларига
айланган нарсанинг
ҳақиқий таъмин?

Ким айтди,
аҳмоқ юлдузлар
ақлли қисматлар узра
айланур деб?

Ким айтди,
аҳмоқ юлдузлар бор деб?

МЕНИНГ СЎНМАС ШОДЛИГИМ ҚАСИДАСИ

Зафар аркига ўхшаган
печкам бор менинг!

Зафар аркига ўхшаган
печкамни тортиб олишмоқда!!

Зафар аркига ўхшаган
печкамни қайтиб беринг!!!

Тортиб олишди.

Печкадан қолгани шу
бўм-бўш

қоп-қора

ўра,
бўм-бўш қоп-қора ўра.

Менга шу ҳам етади:

Бўм-бўш қоп-қора ўра
Бўм-бўш қоп-қора ўра
Бўм-бўш-қоп-қор-а-ў-р-аа
Бўмбўшқопқораўра.

Рус тилидан Рустам Мусурмон таржимаси