Шоҳ Исмоил Хатоий (1486-1524)

Озарбайжон мумтоз адабиётнинг атоқли намояндалари орасида Шоҳ Исмоил Хатоийнинг (Şah İsmayıl Xətai) муносиб ўрни бор. Озарбайжон сафавийлар давлатининг бунёдкори сифатида шуҳрат қозонган Шоҳ Исмоилнинг сиёсий фаолияти, маданиятни равнақ топдириш соҳасидаги хизматлари унинг бадиий ижоди билан чамбарчас боғлиқдир.
Шоҳ Исмоил 1486 йилда Ардабил шаҳрида Шайх Ҳайдар оиласида дунёга келди. Оқ қўйунлилар орасида тахт талашишлар ва жангу жадалларда ғалаба қозонган Шоҳ Исмоил 1502 йилда сафавийлар давлатини барпо этди ва Табризни пойтахт қилди. Унинг мамлакати шарқда Шайбонийхон, ғарб-да Усмонийлар давлати билан чегарадош эди. Фотиҳ ва шоир сифатида танилган Шоҳ Исмоил ижодда Хатоий тахаллусини танлаганди. У 37 ёшида шоҳликни ўғли Тахмасибга қолдириб, ўзи ижод билан шуғулланди. Кўплаб ишқий ғазаллар, ҳамдлар, наътлар битган Хатоий “Насиҳатнома”, “Даҳнома” сингари фалсафий-тарбиявий достонлар ҳам ёзиб қолдирди. Шоҳ ва шоир Исмоил Хатоий 1524 йилда, 38 ёшида вафот этди ва у Ардабилдаги Шайх Сафи мақбарасига қўйилди.

* * *

Хоки пойинг, дилбаро, бир тож-давлатдир менга,
Бас, юзинг кўрмак сенинг бахту саодатдир менга.

Чун ғами ишқингда ўлмакдир ҳаёти жовидон,
Ҳақ билар ўлмак эмас, ул айни роҳатдир менга.

Мунчаким дардингда заҳмат чекибман, эй бевафо,
Чунки сендандир бу заҳмат, жумла роҳатдир менга.

Гарчи ўртарсен ҳижобда доим, эй оромижон,
Гоҳ юзинг кўрсатганинг айни иноятдир менга.

Тушда кўрди тун Хатоий, ёр бўлибдур ҳамдами,
Ў тушимдир, ё хаёлим, бу не ҳолатдир менга?

* * *

Найларам жаннатни мен ул ерда дилдор бўлмаса,
Қўй у боғ вайрона ўлсин мева, гулзор бўлмаса.

Ғафлат аҳли қолди ҳақдан шундай балким бенасиб,
Қайда дийдорин кўрар, ул бунда бедор бўлмаса.

Дуняда ошиқ киши кийди маломат тўнини,
Ҳар етишган ошиқ эрмас дард унга кор бўлмаса.

Ошиқ аҳлин боши майдон ичра тўпдек ўйналар,
Бошини майдонга қўймас кимки сардор бўлмаса.

Тўғрилик дўст эшигидир, тўғри кел, кир бу йўла,
Эгри майдонда уялгай, унда иқрор бўлмаса.

Эй Хатоий, сўз дурин харж айлама нодонга сен,
Дур-гуҳар қадрини билмас ким харидор бўлмаса.

* * *

Бу олам ҳуснинга ҳайрондир, эй дўст!
Сенга бу ғунчалаб хандондир, эй дўст!

Мен ул Ўқуб мисоли зор бўлдим,
Жамолинг Юсуфи Канъондир, эй дўст!

Ҳилолдек қошларинг кўрганда кўзлар,
Бу жоним ийд инга қурбондир, эй дўст!

Азалдан бу жаҳон ҳайронинг эрур,
Ки, ҳуснинг сурати раҳмондир, эй дўст!

Жамолинг сафҳасида хатти холинг,
Юзингда ояти Қуръондир, эй дўст!

Сенинг ишқинг вужудим шаҳри ичра
Бу кўнглим тахтига султондир, эй дўст!

Хатоий кўп жафо чекти, демишсан —
Бу бизга лутф ила эҳсондир, эй дўст!
__________
* И й д – байрам.

* * *

Дилрабо, дардимга дармон сендан ўзга кимса йўқ,
Ҳам яна кўнглимда дерман, сендан ўзга кимса йўқ.

Ҳажр уйинда ким билан мен ҳамдам, эй санам,
Кўнглим шаҳрида меҳмон сендан ўзга кимса йўқ.

Хизрдек зулматда қолдим, бир мадад қил тангри-чун,
Ташналарга оби-ҳайвон* сендан ўзга кимса йўқ.

Ҳар на ким, ҳукм айласанг, айла менга эй, ишқи ёр,
Бу кўнгул тахтида султон сендан ўзга кимса йўқ.

Бу Хатоий хастанинг бергил муродин, ё илоҳ –
Ким, менга лутф бирла эҳсон сендан ўзга кимса йўқ.
_________
* О б и ҳ а й в о н – ҳаёт суви.

* * *

Ҳасратинг дардидан, эй жон, бағрим ўлди поралар,
Тиғи ишқинг бу юракни ҳар дам айлар ёралар*.

Ўндириб ҳижрон ўти кўнглимга берди бода гар,
Тутди афлоки жаҳонни, кийди кўк ҳам қоралар.

Тушди ҳуснинг бандига жон бирла дил, бу кўзларим,
Чора йўқ, ночор бўлибдир, найласин бечоралар.

Тарк этиб, қўйдим, кетарман, хонумонни**, мулкни мен,
Ҳажринг этди мен ғарибни, телбаю оворалар.

Ўлди дардингдан Хатоий, бир қадам ранжида қил —
Қабрига боргил, эшитгил юз-ҳазорон нолалар.
___________
* Я р а – англамида
** Х о н у м о н – оила, сулола.

* * *

Вужудингни бу кўнглим жон демишдир,
Лабингни лаъл ила маржон демишдир.

Сочинг рангин қаро тундир деганлар
Юзинг нурин моҳитобон демишдир.

Бу кўнглим ишқини, эй ғамгусорим,
Вужудим шаҳрига султон демишдир.

Оқур икки кўзим ёши юзимга —
Бирин Нилу бирин Уммон демишдир.

Оёғинг чангига, эй нури раҳмон,
Хатоий жонини қурбон демишдир.

* * *

Токи тушдим ҳажринга, кўнглим фиғона бошлар,
Келди оҳимдан менинг фарёдга тоғу тошлар.

Ҳуснингни ёд айласам, эй сарв бўйли дилбарим,
Фурқатингда чашмадек оққай кўзимдан ёшлар.

Меҳри рўйинг сарбасар сеҳри-ла тутди оламни,
Фитнаю ғовғага солди ул кўз ила ул қошлар.

Ишққа дил бердинг дея, жабр этма, эй зоҳид, менга,
Жон берар маъшуққа доим ошиғи қаллошлар*.

Носиҳо**, айб айлама мискин Хатоий шеърини,
Ҳаққа чун маълум эрур кўнглингда сирру фошлар.
____________
* Қ а л л о ш л а р – қаландарлар.
** Но с и ҳ о – эй насиҳатгўйлар, устозлар.

* * *

Кўнгул бир ёрни севди, ул паридир,
Жаҳон ичра гўзаллар сарваридир.

Бўйи боғ ичра сарвинозга ўхшар,
Ўноғи ҳам анчайин бор – аҳмаридир.

Юзидир нисбати хуршиди тобон
Фалакда шоҳ унинг-чун Муштарийдир.

Юзи саҳни гулистон ичра гулдир,
Сочининг бўйи мушки анбаридир.

Унинг васлига ким бир дам эришса,
Жамъи мулки оламнинг бори*дир.

Сочининг рангидир чун лайлатулқадр,
Жамоли нури шамси ховаридир.

Азалдан уни севдим жону дилдан,
Ўйламасинки, ишқим сарсаридир.

Боқиб ҳайрон бўлур ҳуснинга олам,
Хатоий хастанинг ул дилбаридир.
_________
* Б о р и – мулки, бойлиги.

* * *

Ишқ майдонида ҳар ким жон билан бош ўйнатар.
Ўр ёнида ғамзадир, киприк-ла қош ўйнатар,

Шоҳи мардоннинг йўлида кўп киши бордир вале,
Офарин ул бошга ким, минг бошга бир бош ўйнатар.

Шоҳга қул, маҳрам бўлиб, жону бошидан кечар,
Сонма* ким ёри қошида тегма фаррош ўйнатар.

Кеча мен-ла рўбарў келгач нигор, бўлди рақиб,
Кўзлари-ла кўп ишоратлар қилиб, қош ўйнатар.

Эй Хатоий, ғам ема, чун душманинг кўп бўлса ҳам,
Муддаий доим йироқдан карпичу** тош ўйнатар.
__________
* С о н м а – ўйлама.
** К а р п и ч (кирпич) – ғишт.

* * *

Эй пари, ҳуснинг сенинг жони-жаҳондан яхшидир,
Балки, фақат жон эмас, жону жаҳондан яхшидир.

Гарчи Ёқубни ожиз қилди фироғи Юсуфнинг,
Заъф ичида ул тағин мен нотавондан яхшидир.

Мақтаманг моҳи фалакнинг партави-рухсорини,
Ул парининг ҳусни моҳи осмондан яхшидир .

Ошиқни вайронадан манъ этма, эй ақл аҳли ким,
Хастадил Мажнунга саҳро хонумондан яхшидир.

Бу Хатоий сой каноринда на боқсин сарвгаким,
Қадди қомати унинг сарви равондан яхшидир.

* * *

Ишим ишқингда фарёд айламакдир,
Висолинг ваъдасин ёд айламакдир.

Хароб этди, демам, ишқинг кўнгилни,
Бас, ул вайронни обод айламакдир.

Бу кўнглим одати ҳар тун ғамингда,
Фиғону оҳ бунёд айламакдир.

Берур ғам дилга, оҳ, уммиди васлинг,
Бу расм ила уни шод айламакдир.

Хатоий, қуллуғинг мақбул қилсанг,
Бу кун юз банда озод айламакдир.

* * *

Шаҳо, не буюрсанг, фармон сенингдур,
Йўлингда жону тан қурбон сенингдур.

Хато мендан, афу сендан, аё дўст,
Мурувват конисан, эҳсон сенингдур.

Сувсабди лабларинг Хизри замона,
Суғор, кел чашмаи ҳайвон сенингдур.

Севар бўл давлат отини ҳамиша,
Саодат тўпига човгон сенингдур.

Малаклар муштаридир гул юзингга,
Сур энди, эй қамар, даврон сенингдур.

Азалдан жонни мен қурбон қилардим,
Қабул айла, шаҳо, фармон сенингдур.

Эшигингда қулингдир бу Хатоий,
Назар қил ҳолига, ҳайрон сенингдур.

* * *

Кўнгул, шод бўлки, жонон келди, дерлар,
Бу мурда жисминга жон келди, дерлар.

Шикоят қилма сен ҳижрон ғамидан,
Сенинг дардинга дармон келди, дерлар.

Бу зулмат жабрини кўп тортди булбул,
Баҳор бирла гулистон келди, дерлар.

Қумурсқа боғлади бел хизматига,
Эсар еллар Сулаймон келди, дерлар.

Хатоий, жон фидо дўстинг йўлига,
Бу кун дўст сенга меҳмон келди, дерлар.

* * *

Ҳоли дилимни бандадан ул ёра сўйлангиз,
Ҳажр ўқидан бағрим неча бир ёра, сўйлангиз.

Аҳволимни сўраса менинг ул жафоли ёр,
Зору назару хастаю овора сўйлангиз.

Гулгун ёноқларин ғаму жабру жафолари,
Қилди ҳавола бағримни юз пора, сўйлангиз.

Кўп меҳнату жафонгизни чекдим, вафо қани?
Ғам ҳаддан ўтди, дилбари ғамхора, сўйлангиз.

Саҳрога солди оҳу чашминг Хатоийни,
Ул бўйи зулфи, нофейи тотора сўйлангиз.

* * *

Мавсуми қиш кетди, даври навбаҳор ўлди яна,
Мажлиси гаштга ажойиб рўзигор ўлди яна.

Соқиё, вақти тарабдир, қўлингда тутгил жоми май –
Ким, бинафша маст бўлиб, наргис хумор ўлди яна.

Мавсуми гул келди, гул-гулшан безанди базм учун,
Боғу саҳро, жумла яксар лолазор ўлди яна.

Келди наврўзу баҳору ийду даври дўстком,
Ўр қўлидек ер юзи нақшу нигор ўлди яна.

Абри найсон жўша келди, тўкди раҳмат ёмғирин,
Кўк юзидан ер юзига дур нисор ўлди яна.

Боғчага сайрона чиқди гашт учун ул гулситон,
Гул хижолатдан қизориб, шармисор ўлди яна.

Қоматинг-ла баҳс этарди доимо ул сарви боғ,
Кўр, хижолатдан унга манзил канор ўлди яна.

Гул юзини кўргани ортди фиғони қушларнинг,
Лол экан булбулларнинг савти ҳазор ўлди яна.

Эй Хатоий, шод бўлиб, байтулҳазондан чиқ бу кун,
Боғу боғча сувига вақти гузор ўлди яна.

* * *

Дам-бадам йўл кўзларман ул сулув ёрим келмади,
Қолибман қиш ташвишида, навбаҳорим келмади.

Хийла муддатдирки, мен то айри тушдим ёрдан,
Кўрмоқ учун ҳаддан ўтди интизорим, келмади.

Токи, кўрдим уйқуда мен ул паришон зулфини,
Ўрнига шундан бери сабру қарорим келмади.

Ихтиёрим кетди қўлдан, жону дилдан қўл ювдим,
Ул менинг жону кўнгилдан ихтиёрим келмади.

Ҳасратдир мискин Хатоий гар мисоли андалиб,
Ҳусн боғида жамоли гулузорим келмади!

Озарбайжончадан Файзи Шоҳисмоил таржималари

* * *

О дило, майли хуш кутоли дамни,
Ким билар, келишин не алпоз била.
Чекмоқ насибангда экан шу ғамни,
Ҳар нимаки келса, у Ҳақдан келар.

Сўфийдир кўролса аввал, охирни,
Ва байъат-ла тутса бир вали пирни,
Ҳеч йўқ бир йўлчини қўлидан тутиб,
Тариқати сори йўллашни билар.

Ва яна биларки, дўстни, қардошни,
Қора кунда ҳамдаму роз, сирдошни,
Ҳақ йўлидан юра билмас йўлдошни,
Бир пулга қиммат деб, сотмойи билар.

Кишики ҳалолдир, дили, юзи оқ,
Ва яна кўнглининг беклигига боқ,
Яратган ишқида бўй-ла йиғларки,
Қиёматнинг унга малолати йўқ.

Сўфий умидлидир Ёрдан айрилмас,
Ноумид қалбларда Ҳабиби кулмас,
Хонумон сарф этиб едирсанг билмас,
Бундай зотлар элда ярамас келар.

Хатоий, бу дунё ўтругу фоний,
Разм сол, илгари келганлар қани?
Инжима, кофирни шодумон кўрсанг,
Унинг-да бир куни урёни келар!

* * *

Кўнгил, майли, қўй ранжима,
Қолсин, кўнгил, йўл қолмасин!
Аввал-охир йўл қадимдир,
Қолсин, кўнгил, йўл қолмасин!

Эранлар элнинг хосидир,
Ким ёлғон айтди, осийдир,
Бу, кўрганнинг дил розидир:
Қолсин, кўнгил, йўл қолмасин!

Ғунча лаб очмоғи гулдир,
Ҳам чиройи бўлса – дилдир.
Хослар келса йўл қадрли,
Қолсин, кўнгил, йўл қолмасин!

Боши элнинг олтин тожи,
Шудир, эранлар меърожи,
Ҳақ йўлига йўллар очиб,
Қолсин, кўнгил, йўл қолмасин!

Ай, девона, ай девона,
Ошиқ бўлиб куйди, жон-а!
Хатоий дер, Тожли хона,
Қолсин, кўнгил, йўл қолмасин!

* * *

Баҳор насиймлари ила гўзалдир,
Гул тиконда битса, булбул толдадир.
Аюбнинг танида икки қурт қолди,
Бири ипак тўқир, бири болдадир.

Кўнгилни босмасин шак ила гумон,
Саййид Насимийга ҳулал шараф-шон.
Тангри каломини билди нурафшон,
Али Мадинада, Мусо Турдадир.

Ваҳдоният илмин Муҳаммад очди,
Тариқати уза Али гул сочди,
Дунёдан неча минг эранлар ўтди,
Бари иттифоқда, Маҳдий йўлдадир.

Одаму Хотамнинг зоти Фазлуллоҳ,
Ашёлар фазлининг оти сируллоҳ,
Шаҳаншоҳи-кутби-олам зиллуллоҳ,
Мўмин қалблар тоти гул кўнгилдадир.

Шоҳ Хатоий деюр: сиррингни ёйма,
Беш вақт намозингни қазога қўйма,
Бу ёлғон дунёни дунёга йўйма,
Танинг таноширда, сирринг солдадир.

* * *

Ҳақ йўлида элчи бўлайин десанг,
Дилда айро маслак тутмагил асло.
Дарвешлар либосин кияйин десанг,
Бир илдингми, ечиб отмагил асло.

Новмиднинг боғида ғунча гул очмас,
Ким комил йўлчидир ғурбатдан қочмас,
Иккита махлуқ бор, ҳаққа ноёрон,
Кеккайма, кибрга кетмагил асло.

Кибрнинг аслию маслаги ёлғон,
Ёлғоний маслаклар йўлларда қолган,
Ҳаққа интилмоғим чин бўлсин десанг,
Кўринган ҳар йўлдан кетмагил асло.

Ҳўкиз ҳам наслини сўраб тўрайди,
Қўй-қўзилар аслим дея барайди,
Булбул тиконгулга қўниб сайрайди,
Бурди айролиқда ўтмагил, асло.

Шоҳ Хатоий имом Жаъфар мухбири,
Ўз Ҳаққи ёрони, Вайсулгарони.
Ҳақнинг ёзғутидан ёдгор гуҳарни
Ҳақсиз харидорга сотмагил, асло!

* * *

Эранлар-да бўлар улардан ҳазир,
Буни мусоҳиблар лавҳи ҳам ёзур,
Уялмай ким сўрар минг карра узр,
Бундайлар ила еб-ичганга лаънат.

Ақлдан айрилса, иқрорни қўйиб,
Кўкси ҳаволаниб, нафсига тойиб,
Фосиқлар кўйлагин дорларга ёйиб,
Азозил тўнини бичганга лаънат.

Эламайин эранларнинг сўзини,
Манманларга элдош бенгзаб ўзини,
Ҳақ сўзлик аҳлидан буриб юзини,
Азозил элига кўчганга лаънат.

Азал орифлардан келадир бу гап:
Азозилда не айб, дилки хира таъб,
Ҳамонки, лавҳини битди сакталаб,
Ундайлар сўзига учганга лаънат!

* * *

Оқ бошли ҳов тоққа айлагил назар,
Сенинг чанқоғинг деб эриб ётар қор.
Равон сувларининг ибратига боқ,
Ерни юзи билан эркалаб оқар.

Эй, қодир Худойим, Ўзинг қодирсан,
Ҳар нега ки боқсам, унда ҳозирсан.
Раҳмат соябонли буюк чодирсан,
Нигоҳинг ҳар ердан, ҳар онда боқар.

Улуғ қуш сафларни сафарга бошлар,
Ажаб, куйдирмагай уни қуёшлар.
Бир замонлар мева туккан оғочлар,
Чирийди, кесилар, эл уни ёқар.

Шоҳ Хатоий нолийверма ўзингдан,
Дарвишларнинг ҳоли турсин кўзингда,
Бўлар-бўлмас айтиб кетган сўзингда,
Замоннинг кўнгли-ю, атвори ҳам бор!

ҒАЗАЛЛАР

* * *

Дағи муштоғ эдим сен маҳлиқоя,
Кўзим кўрди, кўнгил тушди хатоя.

Кўрдимки қай ондин сени жамолинг,
Гирифтор ўлмишам юз минг балоя.

Тушди-ку, анбар-афшон кокилингдан,
Сенингдак бир гули ҳамроя соя.

Солда-е наззора ҳолима ай, дўст,
Қолдирма ошиғинг оҳ ила воя.

Хатоли қулингман, раҳм айла эй ёр,
Хатоийни етурмагил хатоя.

* * *

Эй мусулмонлар, асири-зулфи ёрам, тўғриси,
Бу ситамворлик элида беқарорам, тўғриси.

Дердим ул дилбар ёнида эътиборим бор мани,
Қанчалар қилдимки жаҳд, беэътиборам, тўғриси.

Бу сабил жондан кечиб, қурбон ўлам жононима,
Ул пари рухсорадан чўх шармисорам, тўғриси.

Шоҳ Хатоий сайра чиқди, бузди ҳурлик қабрини,
Бир илоҳий авфи қилким, тавбакорам, тўғриси.

МУРАББАЪ

Бодаи васл аҳдида бир қилча қолди жонимиз,
Етди олам тоқига то, нолаву афғонимиз.
Оқди жолам ваҳ йўлингда дийдайи гирёнимиз,
Қани, эй золим, сенинг-ла аҳд ила паймонимиз?

Беҳишти боғи жаҳонда, ошиғам дийдорина,
Мен дағи бир булбули шўридаман гулзорина,
Э, воҳки, ул ёрим вафо қилмади иқрорина,
Қани, эй золим, сенинг-ла аҳд ила паймонимиз?

Ҳар қачонки жон шаробин шевайи нўш айладинг,
Этганинг аҳду қароринг, хап, фаромуш айладинг,
Чашми маҳмуринг-ла мен мискинни сархуш айладинг,
Қани, эй золим, сенинг-ла аҳд ила паймонимиз?

Ул саҳобий рўйиданки, мунаввар рўйи жаҳон,
Меҳри-ла тўлсин меним моҳим замину осимон,
Гоҳи-гоҳда кўнглим учун айтдигинг кулли ёлон,
Қани, эй золим, сенинг-ла аҳд ила паймонимиз?

Абру борон кими йиғлар бул Хатоий зори зор,
Кўз ёшин шаҳди мудом дардини айлар ошикор,
Ҳар кеча кўйингда субҳи содиққача мен интизор,
Қани, эй золим, сенинг-ла аҳдимиз, паймонимиз?

ҚАСИДАЛАР

Эй ки, йўқдан бу жаҳонни бор қилган парвардигор,
Еру олам кўкларин даввор қилган парвардигор,

“Кунту канз”и ояти васфида ўлмишдир нузул,
Борлиғини “кун факон” иқрор этган парвардигор.

Жумлаи оламда сен кундан дағи зоҳир, вале,
Дилда доим отини Саттор этган парвардигор.

Мўминлара маскан қилиб, боғи-ризвонин наим,
Кофиру мункир ҳисобин хор этган парвардигор.

Жумла ашёлиғ кўзин ғофил битиб тун кечалар,
Кўкда кавкаблар кўзин бедор этган парвардигор.

Бир қулини ўтда ёқиб, қилди фи-нари-сағар,
Бир қулини маҳрами асрор этган парвардигор.

Миср элида қул Юсуфни ногаҳон султон этиб,
Дард ила Ёқубини бемор этган парвардигор.

Юнусини дарёга ғарқ, ем қилиб балиқларга,
Оташи Иброҳимин ғулзор этган парвардигор.

Ёғдириб дарёга кўкдан, абру найсон ёмғирин,
Қатрасидан марварид шаҳвор этган парвардигор.

Анбиёлар ҳаққига дарж этиб аъло мартаба,
Мустафони жумладан мухтор этган парвардигор.

Лутф айла бу Хатоийнинг ҳолина қилғил назар,
Ашк ичинда волайи-дийдор этган парвардигор.

* * *

Ғунчадек лаълини хандон этдигинг, яъни ки, не?
Лаълидек бағрини пур қон этдигинг, яъни ки, не?

Қаро зулфин оқ юзи устида афшон айлабон,
Қон дилим ғамдан паришон этдигинг, яъни ки, не?

Қилмоқ учун тоза ҳуснин боғин, эй сарви равон,
Кўзими кўйига кирган этдигинг, яъни ки, не?

Тўкмак учун қоними, бошим кесарга дамба-дам,
Шаҳсуворим азми майдон этдигинг, яъни ки, не?

Маъшуғин васли била бир кўнглини шод этмаюб,
Бу ҳароб ободни вайрон этдигинг, яъни ки, не?

Гулшан ичра жилваланмишсан яна гашт этмага,
Жон қушин тутқинда сайрон этдигинг, яъни ки, не?

Бетараҳҳум ҳар бало ўқинки отиб ҳар ёна,
Лошими қуршовда қолғон этдигинг, яъни ки, не?

Гарчи юз йил кўйида ён, меҳри йўқдир бир даме,
Эй кўнгил сен мунча афғон этдигинг, яъни ки, не?

Оёғин чанги бўлай, дедимки мен, сен бўл дединг:
Мушкулимни бўйла осон этдигинг, яъни ки, не?

Дил қушина донаи ҳол узра дам этмиш сочин,
Ёраб, они банди зиндон этдигинг, яъни ки, не?

Чун қиларсан менга минг атвор ила жавру жафо,
Ашкини кўнглимда меҳмон этдигинг, яъни ки, не?

Оразини зулфлари бирла ҳижоб айлаб мудом,
Ай, қуёш юзини пинҳон этдигинг, яъни ки, не?

Бир меҳр ила раҳми қилмай, қаҳри бирла ўлдируб,
Бу банданга лутфинг эҳсон этдигинг, яъни ки, не?

Истамишки қатлими, мардона жон мужда вердим,
Кўнгли кўксимни пешиман этдигинг, яъни ки, не?

Ғунча гул хандон ўлиб, наргиз-ла савсан битмаса,
Оразин боғин гулистон этдигинг, яъни ки, не?

Парда сендин кашф этиб, ул ёйди аҳмар юзина,
Булбули оламда достон этдигинг, яъни ки, не?

Чунки жон вергунг гумон, умреки жонсиз жисмима,
Суйи лаълин оби ҳайвон этдигинг, яъни ки, не?

Келгил эй, боди сабо, ул анбарафшон зулфида,
Бу қамар даврида даврон этдигинг, яъни ки, не?

Истарамки бор ғамдин фориғ этарсан раҳм этиб,
Кун-бакун дардинг фаравон этдигинг, яъни ки, не?

Лашкари ашкингни келтир, устима кўнглим тилар,
Хонайи кўнглимни толон этдигинг, яъни ки, не?

Холларинг филфил, юзинг гул, лабларинг май, эй санам,
Хатларингдан даста райҳон тутдигинг, яъни ки, не?

Баҳра дўнди жаврида, ашки нобим обиравон,
Кўз ёшимдан бўйла уммон этдигинг, яъни ки, не?

Отмак учун бошими капток мисол, майдон аро,
Қасд этиб зулфингни чавгон этдигинг, яъни ки, не?

Чунки зулматдан чиқолмас, кўнглими шаъми, аён,
Сен уни шаъми-шабистон этдигинг, яъни ки, не?

Мен гадога йўқ-да раҳминг, баски эй жон, кўнглими
Ашкининг тахтида султон этдигинг, яъни ки, не?

Бўлди замзам Каъбаи-васлин сафосиндан кўзим,
Тоби дил, дардина дармон, этдигинг, яъни ки, не?

Ҳар устуннинг қасри-боғи, дилда жон миқдорини,
Нисбати Ҳаннону Маннон этдигинг, яъни ки, не?

Бу Хатоий кўнглини, эй наргизи жоду нигор,
Ўзинга сеҳр ила ҳайрон этдигинг, яъни ки, не?

РУБОИЙ

Бу Хатоий банданинг кўр ҳолини,
Ким йўлига қўйди бошу молини.
Пургуноҳман, таъна қилма зоҳида
Бандасининг ҳар билур аъмолини.

БАЙТ

Келган биру, кетган биру, қолган бир,
Ҳамон бирдир, ҳамон бирдир, ҳамон бир.

Қадимий озарбайжончадан Абдунаби Бойқўзиев таржимаси

КЕТАР

Эй фалак, даврингда нечун ул нигор қўлдан кетар,
Қоним билан қўлларин қилмиш нигор қўлдан кетар.

Тун деди зоҳид манга: ” нечун кўнгил бердинг унга?
Найлайин, кўргач юзини ихтиёр” қўлдан кетар.

Булбулга гул давридир, афғон этар кўп мурги зар,
Нола қил, ўлтирма, вақти- мургизар қўлдан кетар.

Эй кўнгил, ҳижрон билан умрим туганса ғам ема,
Найлайин умри – азизни, чунки ёр қўлдан кетар.

Эй Хатоий, чунки ёринг айлади азми- сафар,
Рўз кетари шаб, оҳ эт ки, ёри – ғамгузор қўлдан кетар.

НАЗАР АЙЛА

Ақл, кел бери, кел бери,
Кир кўнгилга назар айла.
Кўрар кўз, ёридир қулоқ,
Сўзлар эсан назар айла.

Бошдир гавдани кўтарган,
Оёқ манзилга етказган.
Турли маслаҳат ўтаган,
Икки қўлга назар айла.

Сўфи эсанг, олиб – сотма,
Ҳалолингни ҳаром этма,
Айро йўлга юриб кетма,
Тўғри йўлга назар айла.

Икки қўлинг қизил қонда,
Кўп гуноҳлар бордир манда,
Ё илоҳий, карам санда,
Тушкун қулга раҳм айла.

Хатоий айтур: – Ё ғаний,
Берган мавло олур жонни,
Аввал канту-кентни тани,
Сўнгра элга назар айла.

Озарбойжончадан Дилбар Ҳайдарова таржимаси