Расмия Собир (1973)

Расмия Собир (Rəsmiyyə Sabir) 1973 йилда Масалли туманининг Эркиван қишлоғида туғилган. Иншоот муҳандислари университетида иқтисодчи-муҳандислик ихтисослиги бўйича таълим олган. Ҳозирда Озарбайжон Фанлар академиясининг Иқтисодиёт университетида илмий ходим. Расмия Собир Озарбайжон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
“Қамалган сукунат” “Рангсиз кўз ёшлар”, “Унутдинг мени”, “Соҳилсиз одам” номли шсърий китоблар муаллифи. Шеърлари басталаниб, куйга солинган ва “Сени изладим” номи билан тўплам ҳолига келтирилган. Шоиранинг шеърлари Туркия, Ироқ, Олмония каби хорижий мамлакатларда чоп этилган.

* * *

Озодлик!
Маним абадиятим.
Хаёл қадар узоқсан,
Фожеа қадар яқин.
Озодлик!
Енгилмас мағлубиятим.
Озодлик!
Эҳ… Ҳар ондаги
Ярим ғалабам.

* * *

Умр
Бу дунёга
Кириш билети

* * *

Юрагимни мактубга солиб
Йўлладим Сенга.
Қўлларинг титрамасин очар вақтингда…

ДУШМАНИМГА

У ҳам менинг каби,
Икки қўлли, икки кўзли.
Фақат йўқдир юраги…

МАҲБУС ҚУВОНЧИ

Қўлларимни қўлларингга қамагин
Қўлларим севинсин.
Қўзларимни кўзларингга
Қамагин
Кўзларим севинсин.
Юрагимнинг эшигини очгин сен
Чанг босган хотиралар
Севинсин…

* * *

Биз кетган йўлнинг
Келдик сўнгига.
Аммо
Сенга “кет”, демоққа
Чидолмас ҳеч юрагим.
Шунинг-чун
Яшагин кўзларим тубида.

Алишер Турсунов таржимаси