Рамиз Тамкин (1960-2022)

Асқаров Рамиз Пирверди ўғли – Рамиз Тамкин (Ramiz Təmkin) 1960 йилда Озарбойжоннинг Тошкескан районининг Қовоқтепа қишлоғида туғилган. 1986 йил Озарбайжон санъат институтини битирган. Унинг қатор шеърий китоблари чоп этилган. “Pirsultan” ва “Ganca qapisi” журналларининг масъул муҳаррири вазифасида ишлаган. Озарбайжон ёзувчилар бирлиги аъзоси.

НИЗОМИЙНИНГ РУҲИГА БОШ ЭГ…

Ўзинг ёлғиз тирик ушбу жаҳонда,
Мен ҳам жонланаман сен жонланганда.
Низомий Ганжавий

Дуч келма, кул этар, ўти-оташи,
Бош эг, Низомийнинг руҳига бош эг.
Санъат дунёсининг сўнмас дунёси,
Бош эг, Низомийнинг руҳига бош эг.

Бутун фаслларда сўлмаган боғдир,
Тоғларнинг ичида энг баланд тоғдир.
Зиёрат жойидир, пирдир, ўчоқдир,
Бош эг, Низомийнинг руҳига бош эг.

Сўзи донишмонанд бир тушунгунча,
Соғлом юртда бўлар соғлом тушунча,
Ганжа-Низомийдир, Низомий-Ганжа,
Бош эг, Низомийнинг руҳига бош эг.

Шоирлик неъматин, жавҳаридир у,
Зийнати, олтини, гавҳаридир у,
Минг йиллар ўтса ҳам, башаридир у,
Бош эг, Низомийнинг руҳига бош эг.

Ишқли денгиз, нурли бир шондир,
Ўзи пайғамбардир, ўзи қуъондир,
Ўтдан яралгандир, туркдир, Турондир,
Бош эг, Низомийнинг руҳига бош эг.

* * *

Замон кўлкасидир дор оғочининг,
Билмасман баҳорда ва қишда ҳам ман.
Ўзимман сезгувчи оғриқ-аччиғин,
Кўзини юммаган қоришган ҳам мен,
Сўнгги қўшиғимга ҳали кўп вақт бор.

Йўқса, дарёларнинг тубига эниб,
Қайдадир тақдирим ёзилган қути?!
Мендан узоқларда бахт турар ёниб,
Кўксимга тегади севги тобути,
Сўнгги қўшиғимга ҳали кўп вақт бор.

Етиб келақолгин, эй овчи, қани,
Эй, одам қайдасан?! Ўқ-ёйни тортиб…
Инсоннинг толеҳи, тақдир азали,
Дорда ўйнаётган дорбозмас ортиқ,
Сўнгги қўшиғимга ҳали анча бор.

Ҳисларим ақлимга тўкилган қоним,
Бандаман, инсонман, яратган ҳам ман,
Суннийлик, шиалик асли душманим,
Десинлар аслида мусулмонман ман,
Сўнги қўшиғимга ҳали анча бор.

Гоҳо тескаридир, бугун дунёмиз,
Инсонман, инсонга тошлар отмадим.
Осмон отамиздир, бу ер онамиз,
Бир она йиғлаган оқшом ётмадим,
Сўнгги қўшиғимга ҳали анча бор.

Дилбар Ҳайдарова таржимаси