Нигор Рафибейли (1913-1981)

Озарбойжон халқ шоири Нигор Рафибейли (Nigar Rəfibəyli) 1913 йилда Ганжа шаҳрида туғилган. Боку педагогика техникумини, кейин Москва Педагогика институтини битирган. Боку киностудиясида, “Озарнашр”, “Ушоқганчнашр” нашриётларида муҳаррир бўлиб ишлаган. Шоира ва таржимон.
Илк шеъри “Чодра” 1928 йилда, биринчи шеърий тўплами 1934 йилда нашр этилган. Озарбойжон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. У Ганжавийнинг рубоийларини, Еврипиднинг “Ифигения”, Шиллернинг “Макр ва муҳаббат”, А.П. Чеховнинг “Ваня тоға”, “Олчазор” дарамаларини, Е..Войничнинг “Сўна”, О.Гончарнинг “Байроқдорлар” романларини, Алишер Навоий, А.С. Пушкин, М.Ю. Лермонтов асарларини таржима қилган.
1981 йилда Боку шахрида вафот этган. У шоир Расул Ризонинг турмуш ўртоғи, ёзувчи Анорнинг онаси ва ёзувчи Гунел Анор қизининг бувиси.

АНОРГА

Ҳижронинг оғирдир, бўлмайди ўлчаб,
Баланд тоғлар қолсин, Сен кел, Анорим.
Нозик оёқларинг ёмон яралаб,
Сийнамнинг устида тинч бўл, Анорим.

Сенсиз на кечам бор, ва на кундузим,
Сен кетгандан буён кулмайди юзим.
Кел, узун киприкли беғубор қўзим,
Анорим, Анорим, эркам Анорим.

Сен жайрон кўзлисан, туташ қошимсан,
Ғанимларинг йўқдир, ёр, йўлдошимсан.
Балки мендан айри кўзи ёшлисан,
Битсин бу айрилиқ, кел, кел, Анорим.

Тоғларнинг сийнаси лола, бинафша,
Яйловлар меҳмони бўл Сен ҳамиша.
Йўл қўйма тоғларга бир хазон тушса,
Нотекис йўлларга тиргак Анорим.

ДЎСТИМГА

Ёшлик қиёфамга боқдинг:
— Қандай гўзал эдинг, қанчалар нафис, — дединг.
Ўйга толдим. Кўзларим тўлди.
— Нимага йиғлайсан? — дедим.
Аллоҳга шукр, ўлмадим.
Кўзларидан оқди томчи-томчи ёш,
Ёноғига тушди томчи-томчи ёш.
Ва ногоҳ тушундим. Сен гўзалликнинг,
Навниҳолликнинг ва қайтмас ёшликнинг
Ўлимига йиғлардинг тинмай —
Ёшликнинг бир нусхаси каби…

СЕНСИЗ

Яна бир баҳор кетди
Умримнинг тақвимидан.
Сенга на муҳаббатим,
Ва на ҳасратим етди.
Ҳаётни билмадим ҳеч,
Умр неларга солди.
Кўзим йўлда эрта-кеч,
Сенинг йўлингда қолди.
Қани улкан тоғ бўлсанг,
Сени излаб борардим.
Юрагимдан энг нафис
Шеър билан ёлворардим.
Дунёда гўзаллар кўп,
Гўзал юракларда кўп.
Ширин-ширин орзулар,
Тоза тилакларда кўп.
Бир сен олдинг бу кўнглим,
Яқин дўсту ҳамдамим.
Сен бўлмасанг бўлмасди
Қўлларимда қаламим.
Сен бўлмасанг баҳорнинг,
Ёзнинг атри бўлмасди.
Сен бўлмасанг бу дунё
Севгинг билан тўлмасди.
Баҳорим чечаклари,
Куртак кулмасин Сенсиз.
Умрим Сенсиз ўтмасин,
Ширин бўлмасин Сенсиз.

Хосият Рустамова таржималари

* * *

Гоҳ асабий, гоҳ юрғундир,
Гоҳ тўфонли, гоҳ турғундир,
Гоҳ ошиқдир, гоҳ вурғундир,
Менинг шоир қардошларим.

Ҳар суҳбатда сўзи бордир,
Гўзалларда кўзи бордир,
Ер юзида бир баҳордир,
Менинг шоир қардошларим.

Ғурурнинг жонли ҳайкали,
Озодликнинг ҳур машьали,
Кечирмас ёвуз амални
Менинг шоир қардошларим.

Узоқлардан келар уни,
Саломлашар нурли кунни,
Халққа берар ўз умрини
Менинг шоир қардошларим.

Асрлардан берди сўроқ,
Зулматда ёндирди чироқ,
Тушди ватанидан узоқ
Менинг шоир қардошларим.

Қоронғуда нур айлади,
Халққа озодлик тилади.
Тарих бўйи шунақадир
Менинг шоир қардошларим.

Товонидан сўйилдилар,
Кўзларидан ўйилдилар,
Зулм дастида эзилдилар
Менинг шоир қардошларим.

Золимларга бош эгмади,
Гулнинг баргига тегмади,
Зулм юкини чекмади
Менинг шоир қардошларим.

Ўз юртининг нафасидир,
Замонанинг ҳақ сасидир,
Сўз мулкининг устасидир
Менинг шоир қардошларим.

Карим Баҳриев таржимаси

* * *

Келсанг ўламан
севинчдан, саодатдан,
Келмасанг ўламан,
ғамдан, ҳасратдан.
Эндиги ўлимим,
Яшайди санда.
На фарқи бор, азизим,
Келсанг-да, келмасангда…

* * *

Қайдан ҳам кулишинг тушди ёдимга,
Қайдан келди ғаминг, малолинг.
Ҳар ишни сезган дилга,
Ҳар иш овоза билан
Қалбинг, паришон ҳолинг.
Тўлиб оқин сувлар каби
оқиб кетдинг.
Дўстларимнинг юрагида оғриқ
бўлиб кетдинг.
Яна келгувчи баҳор,
Яна гуллайди чаман.
Бутоқларда солланади,
Силқиб турган ёсуман.
Қушлар қатор, қатор
Ғурбатда Ватанга дўнади.
Қуёш яна денгизда туғади,
Тоғларнинг ортида сўнади.
Оқ гавҳарнинг боласи каби
Ўсгувчи кичик қизинг
севгилисининг сийнасига ёшланиб
тушди кўз ёшлари
тўкилди сан учун.
Ёниб йиғлайверар ич-ичи.
Сўнгра бир ҳазин табассум-ла
Силкитади бошини.
Яна дунёда висол бўлади,
Бўлади аччиқ ҳижрон.
Бир сен айланмайсан.
Айланмайсан кетганинг абадий.

* * *

Сени йўлдан келишингни билсайдим,
Кўнглимдан байроқлар осардим.
Шодлик, севинч қўшиқларини ёзарди.
Ёндирардим бутун чироқларни,
Меҳмонга чақирардим уйимга,
Қишнинг ўртасида баҳорни.

* * *

Ишон рўзғорнинг ҳам йўқдир вафоси,
Тушибди бошингга ўзга савдоси.
Лоланинг тикилган ғамдан ёқаси,
Сочлари паришон бўлар, найлайин.

Озарбойжончадан Дилбар Ҳайдарова таржимаси