Наримон Ҳасанзода (1931)

Наримон Алимаммад ўғли Ҳасанзода (Nəriman Həsənzadə) 1931 йилда Озарбойжоннинг Қазах туманида туғилган. 1949—1953 йилларда Ҳ.Зардоби номли Ганжа Давлат педагогика институтининг тил ва адабиёт факультетида таҳсил олган. Сўнг Москвада Адабиёт институтида таҳсилини охирига етказган.
1965 йилда филология фанлари номзоди бўлди. 1978—1991 йилларда “Адабиёт ва инжасанъат” газетасига бош муҳаррирлик қилди. 1981 йилда Озарбойжонда хизмат кўрсатган инжасанъат ходими унвонини олган. 1991—1993 йилларда Давлат Матбуот қўмитасининг раиси ўринбосари вазифасида ишлади. 1990 йилда Озарбойжон Республикаси Олий Кенгашининг депутати этиб сайланган.
1950 йиллардан буён шеърият ва драматургия соҳасида ижод қилиб келади. 1954 йилдан Озарбойжон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси. 40 га яқин китоблари нашр этилган.

* * *

Элга суянасан, элни сийлайсан,
Мен сенинг қаршингда гўё бир тошман.
Ипак сочларингни бирвақт силаган
Гўё мен эмасман, мен ўзга бошман.

Сени дўстларим-ла, танишларим-ла
Мен таништирардим қачондир ҳар гал.
Энди ўзгаларни, ёт эҳтиром-ла
Дерларки, таниш бўл! Нақадар гўзал!

Уйқуда кўрардинг қачондир ҳар дам
Мени йўлдан қўйиб, сўзлаб қанчалик,
Энди тушларингдан чиқиб келмишам,
Бу ҳам бир туш мисол, кел, танишайлик!

Қўлтиқлаб олардим… бу ёдингдадир.
Кезардик… йўлимиз, орзуимиз бир…
Қўлим қўлларингнинг нақ ёнидадир,
Тегинса, биз энди сўраймиз узр.

Хаёлингга келсам саҳар ё оқшом
Излайсан сен мени, суриштирасан.
Энди кўзларингнинг қобоғидаман,
Эсингда турайки,
Мени кўрасан.

* * *

Дерларки, бу оламнинг
Жаннати, дўзахи бор.
Бу — сенсиз ва сенинг-ла
Бўлган чоғимга ўхшар.

* * *

Мен қайсар бир гўзал ила танишаётган бир кез
Бир талаба норозидир, менга қарайди нуқул.
Мен биламан,
Имтиҳонга ҳозирланар у ёш қиз,
Мен бу соат имтиҳондан қолмоқдаман,
Билмас ул.

* * *

Кинода икки жой бўш қолди бу кун,
Икки томошабин йўқолди бу кун.
Кетдик… иккимизни яширди боғлар.
“Кинога кетгандингиз…”
Сўрар ўртоқлар.
Сўрсалар:
“Қанақайкин?”
Денгки:
“Қиёмат!”
Сўрсалар:
“Не ҳақда?”
Денгки:
“Муҳаббат!”
Чин айтманг, қўрқаман… ахир гап бўлар.
Бир гал ёлғон сўзланг.
Қўй, ишонсинлар.

* * *

Бу дунё бир нарвондир,
Чиққанда меҳрибондир,
Энишда, воҳ, ёмондир.
Кўришдик пиллаларда
Йўлнинг ярмисида биз.
У чиқарди бу дамда,
Мен энардим хабарсиз.
Уни орзуларига
Чиқарар эди нарвон,
Мени хотираларга эндирар эди
Бу он,
биримиз — кунчиқарга,
биримиз — кунботарга…
Мен туролмасдим ҳали,
На куч бор-у, на тоқат.
У ҳам эна олмасди.
Ҳақли-ҳақсиз берганди ўз ҳукмини табиат.
Кошки ё тушмасайди
Бу ҳолат ҳеч орага.
Ё у аввал келсайди.
Ё мен сўнгра дунёга.

* * *

Кесишган йўлларга ўхшайди ҳаёт,
Ҳаётнинг устида довдираб бўлмас:
Жасорат истайди, ёки эҳтиёт,
Секинлаб бўлмайди ҳам тезлаб бўлмас.

Эҳтист бўлдим мен шундай бир вақтда
Жасорат, жасур бўл, деган паллада.
Жасорат қилдим мен шундай бир вақтда
Эҳтиёт, бас тўхта, деган паллада.

Бу дунё ғаройиб эрмакхонадир,
Дунё шум, мен баъзан болатабиат.
Яшадим,билмадим будун ё надир,
Билмадим дунёда надир саодат.

Кадарим дунёнинг важидан демам,
Қанча севинчим, бас, тушарми ёда?
Балки, дунё-чун бу — ҳеч нима эмас,
Қанча севинч бор-у, ғам бор дунёда.

Дунё саҳнасида кўриндим, етар,
Ҳақиқат дедим мен “ёлғон дунё”га.
Дунёни эрмак деб ҳисоблаганлар
Айланиб боқсинлар бир он дунёга.

* * *

Сен кетдинг, ҳасратинг қолди жонимда,
Кейинроқ мот қолдим бир топишмоққа.
Ғайриоддий эдинг менинг ёнимда,
Келдинг бамисоли соддалашмоққа.

Сенга ялинардим анчадан бери,
Эшикда қиш эди, хонада баҳор.
Сен ҳам келиб уйга сўрдинг кечирим
Кеч қолганинг учун такрор ва такрор.

Сени кечиришми… дунёни бир кўр.
Бу қалбни, бу руҳни тинглашинг керак.
Сени истаганлар сўрасин узр,
Аслида сен уни кечиргин, малак.

Бу қалбнинг энг азиз шаҳзодасийдинг,
Сенга қуллик учун турган эдим шай.
Келиб уйимизда сен унга яқин
Бир қуллик кўрсатиб, суза қолдинг чой.

Кетдинг, юрагимни солиб тўфонга,
Садоқатнинг ранги асли мана шу.
Менинг севинчимни уладинг унга,
Балки, садоқатга керакмасди бу.

* * *

Сизнинг қизингиз-ла учрашяпмиз биз,
Кезамиз гоҳ йўлда, гоҳ чет сўқмоқда.
Буни мен биламан, сиз-чи билмайсиз,
Сизнинг изнингиз-ла келар мен ёққа.

Йўлдоши талаба, ўз хотини бор,
Иши ҳам кўп бўлар, баъзан дарси ҳам.
Менман қизингизнинг, гапиргандирлар,
“Талаба йўлдоши”, “хотинли” одам.

Биламан, онасиз, меҳрибондирсиз.
Юракни тўлдирган… оти ҳаяжон.
У уйга қайтгунча нигорондирсиз,
У уйга кетганда мен ҳам нигорон.

Умримнинг манзили узоқ ё қисқа,
Муҳаббат, таваллуд… бари қадимдир.
У сизнинг нозик бир қизингиз эса,
У менинг ягона саодатимдир.

Сиз ҳам ҳайрондирсиз, мен ҳам бу қизга,
У қайси эшикдан ўтиши керак?
Дунё шунақаки, бир одам топса,
Бири, табиий, йўқотиши керак.

Софлик тимсолидир сизнинг қизингиз,
Кўзидан ўқилар қалби, исмати.
Сизнинг бу савдода ютқизмоғингиз,
Сизнинг бурчингиздир, менинг қисматим.

Лозимки, бу ишққа тегмасин зиён,
Киммиз, нимамиз — сиз қўймангиз айб.
Туғилиш ва туғиш борлиги аён,
Дунё ғаройибдир, биз ҳам ғаройиб.

Сизга эҳтиромим, ҳурматим баланд,
Аёл қаршисида бош эгар дунё.
Мен ҳам бош эгаман, видолашаман,
Қизингиз келади, мен кетгум аммо.

Миразиз Аъзам таржималари

* * *

Кел ёнимга, гўзал ёрим,
Изла мани, ахтар мани.
Юрагингда олиб боргин,
Кўзларингда қайтар мани.

Ман на мастман, на айиқман,
Муҳаббатга ман лойиқман.
Сен – долғасан, мен – қайиқман,
Эшгин, итар-кўтар мани.

Ичимдадир додим, кўзим,
Кўз бўлибди сирим, созим.
Ҳеч билмайман айтар сўзим?
Бу зорликдан қутқар мани.

Сен саҳарда бир саҳарсан,
Чечак каби тоза-тарсан.
Охир бир кун кечикарсан,
Кейин тупроқ ютар мани.

Карим Баҳриев таржимаси

ЭҲТИЁЖ

Меҳрибонлик кўрмайиб бир махлиқодан кечмишам,
Кунда юз ол айлаган қалби қародин кечмишам.

Сенга дедим минг ширин сўз, бир бора ундан тотмадим,
Шул сабабдан лаби шаккар дилрабодан кечмишам.

Бир қадаҳ май истадим, синдирди кўнглим шишасин,
Тош бағирли соқийни- соҳиб- жафодан кечмишам.

Чун “имон ердан кечарлар” бир масаддир халқ аро,
Кечганим бўса эмасдир, ошинодан кечмишам.

Кўрдим аввалги биносин ёрлиқ этмак эмас,
Воқифо!Асли будур, ман бу бинодан кечмишам.

ТОПШИРДИНГ МАНИ

Кутдириб- кутдириб чарчатдинг мани,
Ман ки, уйқудайдим уйғотдинг мани.
На тутдим қўлингдан, на кутдинг мани,
Ўзга қўлларига топширдинг мани?

Атримни гул олди, чечак оборди,
Ўзимнинг рангимни бир ранг оборди,
Эсган елларгами, топширдинг мани?

Бу куни кутгандим, тонгларга қолди,
Севинчнинг охири бир оҳга қолди,
Келган йилларгами топширдинг мани?

Тоғларга шом тушди, хабаринг йўқдир,
Сочимга оқ тушди, хабаринг йўқдир,
Айрилиқ, қон ютдик, хабаринг йўқдир,
Ёмон тилларимга топширдинг мани?

Кўнглимни олганда, кўнглим дегандинг,
Мани ўйлаганда, гулим дегандинг,
Отимни айтмасдан, Лайлим дегандинг,
Мажнун чўлигами топширдинг мани?

Озарбойжончадан Дилбар Ҳайдарова таржимаси