Хизмат кўрсатган санъат ходими. Иброҳим Гўйчойли (İbrahim Göyçaylı) 1936 йил 12 ноябрда Гўйчой туманининг Аликент қишлоғида туғилган. Ўрта мактабни 1953 йилда тамомлагач, Озарбайжон Давлат университетининг филология факультетига кирган ва уни 1958 йилда тамомлаган.
Озарбайжон Давлат нашриётида муҳаррир, “Маданий тижорат” газетаси Бош муҳаррири, Озарбайжон Телерадиоқўмитасида Бош муҳаррир бўлган. 2007 йил 24 февралда вафот этган.
САҲАР
Нозланиб — ноз билан келар бу саҳар,
Ариди оғриқлар, чекинар қадар.
Бир гўзал нигоҳга юз очар наҳор,
Кўзимдан кўринар кўзи саҳарнинг.
Умид кўзгусида боқар ўзига,
Нур сочар оламга, замин юзига,
Яп-янги туйғулар келиб кўзига,
Сеҳрланиб қолар ўзи саҳарнинг.
Мунча ойдин ҳаво, мунча оппоқ кун,
Фироқ изтироби топдими якун?
Умид-орзуларим кулдими бугун
Севгимга сўз берди сози саҳарнинг.
Дала-боғ уйғонар, тоғлар уйғонар,
Гулларнинг, япроқнинг офтоби ёнар,
Дунё янгиланар, рангга бўянар,
Эланар сочимга ёзи саҳарнинг.
Дунё умидланар севгидан бу кун,
Ер-кўк жилваланар сезгидан бу кун,
Завқ олади шоир севгидан бу кун,
Мунча ҳам нозлидир нози саҳарнинг.
УМР ЎТАР
Ҳаётим, ҳамдамим, дўст билганим кас,
Қонимни истасанг, қонимни бергум.
Менинг илтижомга илк қайтарган сас,
Жонимни истасанг, жонимни бергум.
Оёғин қўлига олганча замон,
Йўлларни қайчидек кесарда тўкар.
Берганин қайтариб олар ҳаётдан,
Дунёнинг ҳар жойи унга тиз чўкар.
Яхшини, ёмонни эгнига кияр,
Қарамас астар ё авра юзига.
Инсонга шундайин сўзини деяр,
Эланган элакни тутиб юзига.
Энди ёш ҳам ўтди. Қиш келди етиб,
Билгинки, тоғлар ҳам қариди бироз.
Ўтган умрингиздан қанчаси кетиб,
Энди яқинлар ҳам камайди оз-оз.
Орзулар яшади кўзда, юракда,
Ўзлари билмасдан қолдими кучдан?!
Толедан истасак, истамасак-да,
Ўтди ҳаётимиз, изимиз ўчган.
Қарайман, болалар, югурар, ўйнар,
Ишончи, илҳоми дунё қадардир.
Учар қушлар каби, ҳаваси қайнар
Севинчдир қувончи, севинчдир дарди.
Умрлар сув каби оқади буткул,
Умр ҳам уларга қайтмайди чоғи.
Қанчалар ўчоқни қоплайди чанг, кул,
Қанчалар дўстимнинг сўнар ўчоғи.
Билгилки, эртакдай ўтиб кетар йил,
Омонат само ҳам, еру баҳор ҳам.
Нетайин, умрим ҳам ўтиб кетар бил,
Ўтади оқшомим, ўтар саҳар ҳам.
ГЎЁ БУЛОҚМАН…
Қаршимдан илоҳий бир гўзал келар
Атрофга бошқача завқ-ла боқаман.
Кўзимдан, юзимдан сеҳр ёғилар,
Гўёки булоқман, сувман, оқаман.
Мафтунман омаднинг муждасига ман,
Ҳаёт бағишлади кўнгил ҳушимга.
Бир йўла қутулдим бутунлай ғамдан,
Энди азобларим кирмас тушимга.
Ўтар аста-аста, ўтар бир малак,
Устимга осмондан гўзаллик ёғар.
Севинчдан тўхтаб қолгудай юрак.
Оёғим адашиб йўлидан оғар.
Мен унга боқмасам, қисқарар умр.
Боқмасам бу қалбим армонда қолар.
Унга ошиқлигим яшира олмас,
Қайрилиб орқадан қарар гўзаллар.
Дунёнинг инжуси ёнимдан ўтар,
Кўнглим осмон қадар яна бўй чўзар.
Бу олам қуёшнинг шавқини ютар,
Гўёки мўъжиза қўйнида сузар.
Унутар дардини, қайғу-ғамни вақт,
Ёмонлик, ўлимга у зиддир азал.
Гўёки бир севги шеъридир ҳаёт.
Ҳаётда қўшиқдек ҳар нарса гўзал.
Чекиниб, йўқолгай гуноҳ, хиёнат,
Руҳим янгиланар шу кун ўзида.
На ғам бор, на ғусса, на кин-қудурат
На зулм, на оч бор бу ер юзида.
Қаршимдан илоҳий бир гўзал келар,
Атрофга бошқача завқ-ла боқаман.
Кўзимдан, юзимдан сеҳр ёғилар.
Гўёки булоқман, сувман, оқаман.
Файзи Шоҳисмоил таржимаси