Ян Ҳендрик Леопольд (1865-1925)

Ян Ҳендрик Леопольд (Jan Hendrik Leopold) – Нидерланд шеъриятида символизмнинг етакчи намояндаси ҳисобланади. У шеърий шакллар соҳасида тинимсиз тажрибалар қилди, нидерланд шеъриятига биринчи бўлиб антик шеър услубларни ва шарқона мавзуларни олиб кирди. Леопольд ижоди XX аср биринчи чорагида нидерланд шоирларининг бадиий дунёқараши шаклланишида катта рол ўйнади.
Унинг илк бор нашр этилган тўплами адабий жараёнда катта воқеа бўлди, бир қатор Оврупа тилларига таржима қилинди.

САЪДИЙ

Боғларга тун қўнган.
Дарахт остида
Юлдузлар пойида ёлғиз ва маҳзун,
Ётибсан пажмурда, андуҳ дастида:
Йиғлаб қадринг учун, қимматинг учун…
Оҳ, рутубат аро – беруҳ, бешукуҳ,
Янада қародир бу ғам, бу андуҳ…
Бироқ Сен эзгу бир ҳис-ла яшайсан,
Дилингда ёр васли, дийдор матлаби.
Бахт дея энг улуғ ишларга шайсан,
Кўҳна эртакдаги баҳодир каби…
Назар сол, қорайган хазон остида
Жасмин гулларининг чиройига боқ.
Улар гўзал ҳаёт, ишқнинг қасдида,
Янада ифорли, янада яшноқ…
Демак, тазод – мудом устувор аъмол,
Нур ва соя жанги абадий, барҳақ…
Тақдир китобидан Сен ҳам сабоқ ол,
Жаҳолатни енгган Нур сирларин чақ…

ХИЁБОН СЎНГИДА БОР ЭСКИ ҲУЖРАМ…

Хиёбон сўнгида бор эски ҳужрам,
“Муҳаббат, муҳаббат, қайларда қолдинг?”,
Бунда хазонларнинг юзида шабнам,
Ҳазин ёмғирларнинг остида толдим…
“Муҳаббат, муҳаббат, қайларда қолдинг?”
Қайғу-аламларни шопирган шамол,
Тинмай ишқимиздан лоф урган шамол,
Жимиб қолди бехос, тинди дафъатан,
“Муҳаббат, муҳаббат, айт, қайлардасан?!”
Тобора маҳзунроқ қўшиғим,куйим,
Тобора олислаб бормоқда уйим…
Нега индамайсан, нега сен-да жим…
Юрагимни оташ ҳижронга солдинг:
“Муҳаббат, муҳаббат, қайларда қолдинг?”
Ана, кимдир чордоқ ичра ғўлдирар,
Қароқларин ашки нобга тўлдирар…
Хазонларга сўйлаб, дардин ўлдирар…
Ўтинчида такрор дуо каби байт:
“Муҳаббат, муҳаббат, қайлардасан, айт?!”
Кимнингки, кўзида ишқдан йўқ шарор,
Қай дилда садоқат эмасдир шиор,
Биламан, меҳрга бўлмас сазовор…
Оҳ, дилимни бунча азобга солдинг,
“Муҳаббат, муҳаббат, қайларда қолдинг?!”

ШИВИРЛАБ ЎҚИЛГАН ШЕЪР

Ноз уйқу қучоғида,
Умидлар ардоғида,
Ўзи ҳам бунёд бўлган
Сирларим титроғида.
Ҳадик, қўрқув хаёли –
Орзуимнинг аёли…
Ҳар кун тушимга кирган,
Ҳурлардек учиб юрган,
Андишали, ҳаёли –
Орзуимнинг аёли…
Садосиз нигоҳлари,
Инжадир бармоқлари,
Ўйларимни банд этган,
Қирмизи дудоқлари…
Ширин ўйимга мухлис,
Назокатли ҳам нафис,
Олам ичра ягона,
Афсус, менга бегона…
Бетимсол қалб гавҳарим –
Шодлик,қайғу, кадарим,
Тонгги шабнамдек зилол, –
Юракка армон аёл…
Ноз уйқу қучоғида,
Умидлар ардоғида,
Ўзи ҳам бунёд бўлган
Сирларим титроғида.
Ҳадик, қўрқув хаёли –
Орзуимнинг аёли…

Рус тилидан Муҳиддин Омон таржимаси